09:55 / 19.12.2023
3236

Тошкент ва Париж Ўзбекистонда қўшма университет ташкил этишни режалаштиряпти

Франция олий таълим муассасалари консорциуми иштирокида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Франция университетини ташкил этиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Фото: Дунё АА

Парижда Ўзбекистон делегациясининг Франция Маданият вазирлиги халқаро ҳамкорлик департаменти раҳбари Мэтю Бертон билан учрашуви бўлиб ўтди.

«Дунё» хабарига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар олий даражадаги ташрифлар натижасида эришилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Томонлар музей иши ва тарихий обидаларни реставрация қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш масаласи бўйича ҳамкорликни давом эттиришдан ўзаро манфаатдорлик билдирди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Парижда Франция Олий таълим ва тадқиқотлар вазирлигининг Халқаро ва Европа бўйича ҳамкорлик департаменти директори ўринбосари Мануэл Буар билан учрашув ўтказди.

Суҳбат чоғида икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, томонлар олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувда, шунингдек, Франция олий таълим муассасалари консорциуми иштирокида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Франция университетини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Top