Ўзбекистон | 13:49 / 25.12.2023
15403
12 дақиқада ўқилади

“Давлат сиёсати инглиз тилини оммалаштиришга қаратилиши керак” — Ботир Қобилов РФнинг мигрантлар орқали босим қилаётгани ҳақида

Россия меҳнат бозорига боғланиб қолмаслик учун нафақат сиёсий нуқтайи назардан, балки ўзимизнинг иқтисодий фаровонлик нуқтайи назаридан ҳам одамларимиз жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши керак, дея ёзади Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов.

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан

Россия ҳукуматини қарийб икки миллион ўзбекистонликнинг РФда меҳнат қилаётганини Ўзбекистонга босим ўтказиш воситасига айлантириб олган. Куни кеча россиялик сиёсатчилардан бири Захар Прилепин гўёки ана шу мигрантлар омили Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш учун асос бўлиши ҳақида гапирди.

Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ўз Telegram-каналида эълон қилган постида вазиятга ечим сифатида инглиз тилини оммалаштиришни таклиф қилиб, бу орқали нималарга эришиш мумкинлиги ҳақида сўз юритди. Kun.uz қуйида иқтисодчининг фикрларини тўлиқ келтириб ўтади.

— Охирги пайтда ўзбек тилида чиқадиган подкастлар кўпайиб қолди, бу яхши. Яқинда ўзимга янгисини кашф қилдим: номи “Лолазор” экан, тавсия этаман. Сўнгги подкастнинг дастлабки 15–20 минутини тинглаганимда, у ерда айтилган баъзи гаплар мени ўйлантириб қўйди ва айрим фикрлари билан бўлишмоқчи эдим.

Узун матн учун эса олдиндан узр сўрайман.

Подкастда иқтисодчи Отабек Бакиров “мактабларимизни ҳозир битираётганлар Россияга бориб ишлашга мажбур бўлмасликларини ҳоҳлайман”, деган маънода гапирди. “Анавиларнинг” шантажидан, “сизларнинг одамларингиз бизда”, деган кўзир картадан қутулиш учун ҳам шу керак, дейилди.

Мутлақо қўшиламан. Нафақат сиёсий нуқтайи назардан (Россия бозорига боғланиб қолмаслик), балки ўзимизнинг иқтисодий фаровонлик нуқтайи назардан бизнинг ишчилар жаҳон бозорида рақобатбардош бўлиши керак. Лекин, бунга қандай амалда эришиш мумкинлиги ҳақида ўйлаб қолдим.

Сир эмас, миллионлаб ватандошларимиз Россияга доимий ёки мавсумий ишлаш, рўзғорни тебратиш ва муносиб ҳаёт кечириш учун даромадни асосан мажбурликдан кетишади. Агар Ўзбекистон меҳнат бозори шу миллионлаб ватандошларимизни иш ва даромад билан таъминлай олганда, ўзида сингдириб юбора олганида, албатта, уларда ҳеч бўлмаганда танлов мавжуд бўлар эди.

Демак, миллионлаб ишчилар Россияга кетишига мажбур бўлмасликлари учун биринчи навбатда Ўзбекистон иқтисодиёти шиддат билан ўсадиган бўлса, иқтисодий фаолият ошиб кетса, ва кўп иш ўринлари бозор томонидан яратилиши керак. Албатта, бу қисқа муддатда эришиладиган ва ечими осон бўлган муаммо эмас, тан олишимиз керак. Менимча, бу олдимизда турган энг катта масалалардан бири.

Лекин, ҳар йили мактабларимизни бир неча юз минглаб битираётган йигит-қизларни Россияга бориб ишлашига мажбур бўлмасликлари ва уларга ўзимизда ҳам ва четда ҳам бошқа бозорлар мавжуд бўлиши учун нима қилиш керак?

Албатта, хаёлга келадиган энг оддий фикр бу ўша мактабларда берилаётган билим ва кўникмалар сифатини шунга яраша бўлиши таъминлаш. Яъни, нафақат хусусий ёки президент мактаби, балки мамлакатдаги исталган мактаб ёки университет битирувчиси жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиб чиқиши керак. Мени хавотирга соладиган нарса шундаки, биздаги мактаб ва университетлар битирувчилари нафақат дунё меҳнат бозори, балки Ўзбекистон меҳнат бозорига ҳам тайёр бўлиб чиқмаётганларида. Албатта, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда.

Масала яна таълим тизимига ва унинг сифати муҳимлигига бориб тақалмоқда. Россиядаги меҳнат бозорига қараб қолмаслигимиз учун ҳам, ўзимиз иқтисодий фаровонликка етишимиз учун ҳам, ўзимизда ишчи ўринларни яратиш ва иқтисодий фаолиятни ошириш учун ҳам таълим ва унга ёндашув кескин ўзгариши керак. Болалар замонавий иқтисодиётда керак бўлган билим, ҳунар, тил, кўникмалар билан мактабдан чиқиши керак. Ўзбекистонда таълим шундай бўлиши керакки, ундан чиққан исталган одам ўша Европа, Осиё мамлакатларига бориб рақобатли жойларда ишларда ишлай олсин, фақат Россияда эмас.

Замонавий глобал бозорда эса рақобатбардош ишчи албатта инглиз тилини билиши керак. Бу энг элементар кўникма бўлиб қолган.

Менинг амалий фикрим шундаки, давлат сиёсати икки нарсага қаратилиши керак. Биринчиси бу инглиз тилини оммалаштириш. Мактабдан бошлаб. Хоҳлаймизми-йўқми, ҳозир ва келажак бозори асосан инглиз тилида. Иш ҳам, илм олиш ҳам, янги инновация ҳам, ҳамкорлик ҳам, исталган контент ҳам — барчаси инглиз тилида.

Таъкидлаб ўтай, мен инглиз тили она тили — ўзбек тили ўрнини заррача эгаллаши керак демоқчи эмасман, менинг орзуим исталган ўрта ўзбекистонлик инглиз тилини шунчалик яхши билсинки, у Дубайга, Жиддага, Полшага, Кореяга ёки АҚШга борганда ўша ердаги бозорда рақобатбардош бўлиши учун керак бўлган энг оддий кўникмаси бўлсин. Чунки юқоридаги тилга олинган бозорларда инглиз тилини биладиган бангладешлик, покистонлик, украиналик ёки филиппинликларда инглиз тилини билмайдиган ўзбекистонликдан устунлик бор.

Агар мисол излайдиган бўлсак, инглиз тилини давлат сиёсати даражасида таълимда тадбиқ этган мамлакатлар мисоли кўп. Хаёлга келадиганларидан бири Сингапур. Ёки, Малайзия, Кеня, Виетнам. Ҳиндларда ҳам шундай устунлик бир. Айтишингиз мумкин, баъзи бу мамлакатлар Британия колонияси бўлгани учун уларда инглиз тилига мойиллик ва ўзлаштиришда енгиллик бор деб. Унда бошқа мисоллар ҳам бор, масалан Жанубий Корея, Бразилия, Япония…

Менинг ҳоҳишларимдан бири бу Ўзбекистон мана бу инглиз тили малакасини ўлчайдиган рейтингда, ёки умуман олганда, ҳозирдаги “жуда паст малакали” мамлакатдан камида “ўртача малакали” мамлакатга айланишини ҳоҳлайман.

Ўртача тасодифий танлаб олинадиган ўзбекистонлик инглиз тили муҳим бўлган мамлакатда қандай ишлай/яшай олади деган саволга жавоб топиш учун “гринкарта” лотереяси ғолибларига қарасак бўлади.

Менинг шахсий кузатувим шундан иборатки, АҚШга тасодифан танлаб олинган ўзбекистонлик (ёшидан қатъи назар) инглиз тилини билмайди. Бунинг натижасида, ҳаётга, иш бозорига кўникиш анча қийин кечади.

Табиийки, ўзларини тил орқали мулоқот қиладиган касблардан, фаолиятлардан олиб қочишади. Тилни билмагани учун қийналиб қолмай, ўрганишга вақт кетқазмай, деб, масалан, трак ҳайдаш, пицца ташиш жозибалироқ бўлиб қолади. Ёки магазинда кассирлар билан инглиз тилида мулоқот қилмай, деб асосан русийзабон маҳаллаларда ишлаш/яшашга мажбур бўлишади.

Яъни, булар асосан танлов эмас, балки мажбурликдан. Инглиз тилини пухта билиб келган ўзбекистонликда меҳнат бозорида имкониятлар ва шартларга талаб қўя олиши (bargaining power) кўпроқ бўлади.

Яна бир кузатувим бу ўтган йили Россия Украинага босқин уюштирганда бошлаганда мен АҚШ телевидениеси томонидан айрим украин шаҳар ва қишлоқлар ҳокимларининг инглиз тилидаги интервюларига кўзим тушганди. Украинадаги қандайдир чекка шаҳар/қишлоқ ҳокими ҳам инглиз тилида гапира олар экан-да, деб қойил қолган эдим.

Мен хоҳлар эдимки, яқин келажакда, Ўзбекистондаги исталган шаҳар/қишлоқ ҳокими ҳам, исталган мактабда “ўрнингиздан туринг” дейилган ўқувчи ҳам инглиз тилида зўр гапира/ёза оладиган даражага чиқиш керак.

Эътибор беринг, мен ҳозир фақат инглиз тили кўникмаси ҳақида гапиряпман. Мактаб ўргатиши керак бўлган бошқа кўникмалар, ёки сарлавҳада ёзилган муаммони ечиш учун қилиш керак бўлган нарсаларнинг сони мингта. Мавзудан чиқмаслик учун уларни тилга олмайман. Бундан ташқари инглиз тили бу қайсидир мамлакатга қарамлик эмас — бу дунё тили.

Мен Ўзбекистонда таълимга бўлган ёндашувни ва умуман таълим тизимида кескин ўзгаришларни ҳоҳлайман. Бу ўзгаришларнинг негизида мен инглиз тилининг ўрнини кўраман, шак-шубҳасиз. Албатта, ҳар ким исталган нарса ўрганишга ҳақли, лекин мен ҳоҳлайдиган нарса бу инглиз тили давлат сиёсати даражасида таълимда муҳимлиги тан олиниши ва амалий ишлар қилиниши.

Шахсан мен учун, ҳозир ўзбек лотин алифбосидаги “o‘“ ҳарфини қайси тарафга қараган белги билан ёзиш керак, ёки “sh” ва “ch” ҳарфларини думи бўлиши керакми-йўқми, деган жамиятдаги баҳсларга ҳам вақт ҳам пул кетказган кўра қандай қилиб биз инглиз тилини оммалаштирамиз, қандай қилиб шуни мактабдан бошлаймиз, деган баҳслар бўлиши мақсадга мувофиқроқ туюлади.

Инглиз тилини биладиган ўзбекистонлик бу нафақат шартли Полшада ёки Малайзияда ишлай оладиган ўзбекистонлик дегани, балки бу Ўзбекистон бозорида барча инглиз тилини билади, дегани. Натижада, Ўзбекистонга хорижий инвестициялар келиши, хорижий корхоналар бизнинг бозордаги меҳнат кучини юқори баҳолашига олиб келади.

Биласизми, энг муҳими — Ўзбекистонга четдан кадрларни, истеъдодларни, талабаларни жалб қилишга ва иқтисодий фаолликни янада ошишга эришишимиз мумкин. Бу ҳақда биз ҳали ўйламаймиз, чунки ривожланиш даражамиз, табиийки, бунга имкон бермайди, лекин менинг орзуимдаги Ўзбекистон бу нафақат ўз аҳолиси тўқ ва фаровон яшайдиган, чет элга бориб у ерда рақобатни енга оладиган, балки ўша чет элдаги иқтидорли кадрларни ҳам жалб қила оладиган жозибали мамлакат бўлади. Яъни, нафақат ўзбекистонликлар шартли Дубайдаги бангладешлик ёки Европадаги украиналик, балки Ўзбекистон бозоридаги хорижий иқтидорлар билан ҳам рақобатлаша олади.

Бу мавзуда давлатнинг иккинчи сиёсати бу ўзбекистонликларнинг чет элга чиқишлари учун бошқа мамлакатлар сўрайдиган виза талабларини енгиллаштиришда фаоллик.

“Лолазор” подкастида ҳам айтилганидек, Россияда ишлайдиган ватандошларимиз бошқа бозорларга (масалан, Европага) бора олишлари учун ўша мамлакатлардаги виза сиёсати ҳам бир тўсқин. Умуман олганда, ишга эмас исталган виза категорияси бўйича Ўзбекистонликларда нисбий заифлик бор. Масалан, қўшни Қозоғистонга солиштирганда.

Қозоғистонликлар АҚШга туристик визани 10 йилга, талабалик визасини эса 5 йилга оладилар. Ўзбекистонликлар эса иккаласини узоғи билан фақат бир йилга оладилар. Бунинг асосий сабаби сифатида АҚШ ҳукуматининг виза бериш масаласида ўша мамлакатнинг АҚШ фуқароларига визани қанча муддатга беришига қарайдиган сиёсати айтилади (resiprocity). Яъни, шартли америкалик ёки шартли европаликка Ўзбекистонга виза олиш қанчалик максимал даражада енги бўлса ўзбекистонликларга ҳам ўша мамлакатларга бориш талаблари енгиллашиши мумкин. Давлатимиздан мана шу масалада ҳам фаолликни умид қилган бўлар эдим.

Хулоса қиладиган бўлсам, мен истар эдимки, давлат мактабларидан чиқаётган ўзбекистонликлар дунё меҳнат бозорида рақобатбардош бўлсинлар, айнан Ўзбекистонда “оддий” мактаб ва университет битирувчиси инглиз тилини мукаммал билиб чиқсин; замонавий иқтисодиёт ва меҳнат бозорида устунлик берадиган бошқа кўникламарни ҳам эгаллаб чиқсин.

Бунинг учун давлат сиёсати инглиз тилини оммалаштиришга қаратилиши керак. Инглиз тили ҳозирги замонда деярли ҳаёт-мамот масаласи. Инглиз тилини билмайдиган инсон пичоғи йўқ қассоб каби. Нафақат сиёсий нуқтайи назардан баъзи мамлакатларга қараб қолмаслик учун, балки ўзимизнинг иқтисодий ривожланишимиз учун мактабдаги таълим сифатини, унда бериладиган кўникмаларни ва энг муҳими инглиз тилига жуда катта урғу беришимиз керак.

Ахир вақт кетмоқда, қўлдан бой берилган имкониятлар ва авлодлар ўтмоқда…

Мавзуга оид