Ўзбекистон | 10:15 / 26.12.2023
57080
8 дақиқада ўқилади

Ифлос ҳавоси туфайли Тошкент саратон ва астма ўчоғига айланмоқда

Тошкент ҳавоси кундан кунга ёмонлашиб бораётгани туфайли пойтахтимиз вақти-вақти билан сайёрамизнинг энг ҳавоси ифлос ва саломатлик учун зарарли шаҳарлари қаторида тилга олинадиган бўлди. Айрим кунларда PM2.5 митти зарралари миқдори рухсат этилганидан 45-50 баробаргача ошиб кетмоқда. Авто тутунлари, CO2 даражаси меъёрдан 4,4 баробар ошган. Бу эса одамларни, айниқса ёш болаларни тузалмас дардларга мубтало қилиши тайин. Умр кўриш қисқаради. Наҳотки Тошкентимизни бой бердик?

Масалан, Тошкент шаҳрида 21 декабр куни PM2.5 заррачаларининг рухсат этилган чегаравий миқдори 57 баробарга ўсган. Фан PM2.5 саратон ва астмага олиб келишини исботлаган.

UzHydroMet маълумотларига кўра, 17 декабр куни Тошкент шаҳрининг ҳавосида кичик дисперсли PM10 заррачаларининг максимал таркиби 241 мкг/м3 ни, PM2.5 митти зарраларининг таркиби эса 211 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу ЖССТ тавсияларидан 43 баробарга кўп дегани. Углерод оксиди (ис гази) нинг максимал таркиби 6,2 мкг/м3 ни ташкил этган ва бу рухсат этилганидан 1,4 баробар кўп.

Бу зарралар ичида энг хавфлиси айнан PM2.5 митти зарраларидир.

Ўзи PM2.5 нимани билдиради?

PM2.5 заррачалари концентрацияси ҳаво сифатини ва унинг инсон саломатлигига хавф солиши баҳолашда ишлатилаган асосий параметр ҳисобланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг меъёрларига кўра, PM2.5нинг ўртача йиллик даражаси 10 мкг/м3дан, ўртача суткалик даражаси эса 25 мкг/м3 дан ошмаслиги керак.

 PM10 ва PM2.5 микрозаррачаларнинг фарқи

PM кичик дисперсли зарралар ҳаво ифлосланишининг асосий манбаси ҳисобланади. Келиб чиқишига кўра PM2.5 сунъий ва табиийга бўлинади:

Сунъий зарралар (инсон иштирокида яратилган) — энг асосий манба транспорт ҳисобланади. Буларга ички ёнув двигателлари, қаттиқ ёқилғи (кўмир, қўнғир кўмир, нефт маҳсулотлари, мазут) ёқувчи саноат жараёнлари, қурилиш, фойдали қазилмалар қазиб олиш, кўплаб ишлаб чиқариш жараёнлари (айниқса цемент, керамика маҳсулотлари, ғишт, металл эритиш), шаҳарларда йўл қопламасининг эррозияси, тормоз колодкалари ва шиналарнинг емирилиши ҳам манба бўлади. Қишлоқ хўжалигида эса аммиакдан иккиламчи PM2.5 зарралари ҳосил бўлиши мумкин.

Табиий зарралар — қурғоқчилик кузатилаётган ҳудудларда тупроқнинг эррозияси ва органик буғланишлар.

PM2.5 жуда митти зарра бўлгани учун катта чанг зарраларидек ўз оғирлиги билан ерга қўнмайди, улар ҳавода муаллақ туриб қолади ёки учиб юради.

Ҳаводаги йирик заррачалар юқори нафас йўлларида филтрланади, PM2.5 каби кичик заррачалар эса чуқур нафас йўлларига, ҳаттоки қонга ҳам ўтиши мумкин. Улар ўзлари билан инсон организмига зарарли қўшимчалар ва кислоталарни ҳам олиб киради.

Зарарли заррачалар сурункали равишда нафас орқали инсон организмига кирганида нафас олиш ва қон айланиш тизимини секин асталик билан ишдан чиқариш мумкин.

Тошкентни қўлдан бой берамизми?

Тошкент шаҳрининг ҳавоси йилдан йилга ёмонлашиб бораётгани, бу инсонлар саломатлигига албатта салбий таъсир кўрсатиши, одамлар, айниқса ёш болалар сурункали оғир касалликларга мубтало бўлиши, алал-оқибатда носоғлом ҳаво инсон умри давомийлигига салбий таъсир ўтказиши ҳақида бот-бот чиқишлар қилинмоқда. Лекин вазиятни ўнглашга йўғрилган амалий ҳаракатлар қилинмаяпти.

Тошкентда дарахтлар кесилди, шаҳардаги яшил зоналар аёвсиз қисқартирилди, йўллар кенгайтирилди, ўзи шундоқ ҳам кенг кўчаларда ҳаракат тартибга солиниш ўрнига автомобиллар янада бемалол ҳаракатланиши учун йўл ўтказигичлар қурилмоқда. Буларнинг барчаси улкан тирбандликларга олиб келмоқда. Машиналардан чиқаётган зарарли тутунлар ўпкаларни заҳарламоқда.

Тошкент кўчаларидаги тирбандликлар. Фото: Kun.uz

Боз устига, улкан қурилиш майдонига айланган пойтахтда чанг даражаси ҳам ортган. Минтақамизда сўнгги йилларда кузатилаётган қурғоқчилик ва чўллашиш сабаб дард устига чипқон бўлиб, чанг бўронлари ҳам содир бўлиб турибди.

«Токи Тошкент шаҳар кўчаларида транспорт ҳаракати тартибга солинмас, экологик тоза жамоат транспорти кўпайтирилмас экан, қурилиш чангларининг олди олинмас, дарахтлар кесилаверар экан, Тошкентда умр кўриш давомийлиги қисқариб бораверади.

Карбонат ангидрид ва автолардан чиқувчи зарарли газлар рухсат этилган чегаравий миқдори 4,4 баробарга ўсган. Бу ҳам астмага олиб келади. Болалар касал бўлади. Қисқа умр кўрилади», — деб ёзади блогер Никита Макаренко.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, автотранспорт воситаларининг газ ёқилғисидан бензинга ўтиши, автомагистралларни шағал ва қум билан қайта ишлаш атмосфера ҳавосининг PM кичик дисперсли зарралар ва углерод оксиди (CO) билан ифлосланиш даражасининг ошишига олиб келган. Метеорологик шарт-шароитлар — ҳарорат инверсияси, шамолнинг йўқлиги, босим даражасининг ошиши ҳам Тошкент ҳавосининг тозаланишига монелик қилади.  

Ҳаво ҳароратининг паст даражада бўлиши, атмосферада шамолнинг йўқлиги сабабли ҳавонинг ер сиртига яқин қатламида ифлослантирувчи моддаларнинг кўпайиши ва узоқ вақт туриб қолишига сабаб бўлмоқда.

Ечим нимада?

«Қани автомобиллар ҳаракатини чеклаш учун берилган ваъдалар. Миллионта вариант тақдим этилган эди. Қани пуллик парковкалар, қани автомобилга эгалик қилишнинг қимматлаштирилгани? Қани жамоат транспорти?» — дея ўринли саволларни ўртага ташламоқда блогер Никита Макаренко.

Албатта ишларнинг бу зайлда давом этиши вазиятни янада оғирлаштирса оғирлаштирадики, асло аҳволнинг ўнгланишига олиб келмайди.

Тошкент шаҳри атрофида зудлик билан «яшил белбоғ» барпо этиш лозим. (Бу борада узоққа бормасдан, Остона тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш мумкин).

Остона шаҳри атрофидаги яшил белбоғ. Фото: aqmolanews.kz

Қурилиш ишларини чанг-тўзонсиз, санитария нормаларига амал қилиб амалга оширилиши устидан назорат кучайтирилиши лозим.

Тошкент шаҳрида дарахтзорларни кўпайтириш керак. Дарахт кесиш учун янада қатъий чоралар қўллаш керак — керак бўлса узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилишгача. Акс ҳолда, дарахткушларни улар учун қанақадир «чойчақа»дек кўринган жарималар билан тўхтатиб бўлмаяпти.

Жамоат транспорти, велойўлаклар тизимини кенгайтириш керак. Автобуслар учун йўлнинг марказий қисмидан алоҳида йўлаклар ташкил қилиниши керак.

Пойтахтнинг кўчаларида бирорта жойда автомобилларга бепул парковка бўлмаслиги керак. Шаҳарда шахсий автомобилда юриш харажат устига харажат олиб келсин. Ўзи нега бировнинг шахсий машинаси ҳаммага тегишли бўлган жойда текинга туриши керак?

Фото: Gre4ark.livejournal.com

Кенг йўлларнинг полосалари қисқартирилиб, ўртасига соя танловчи манзарали дарахтлар экилиши керак. Бўлди энди, шунча йил автомобилларга мослашган шаҳар қуриб барака топмаяпмиз. Инсонларни ҳам ўйлайлик.

Дарвоқе, секин-аста Европа мамлакатлари сингари, ҳеч йўғи катта шаҳарларимизда ички ёнув двигателли транспорт воситаларидан фойдаланишни чеклаш чораларини кўриб боравериш керак. Гибрид автомашиналар ва электромобилларга ўтишни ёппа бошлаш керак керак.

Одамлар шаҳар узра смог туриб қолаётганини ўз кўзи билан кўриб турганига, заҳарли ҳаводан нафас олаётганини тушуниб етмаяпти. Мутасаддилар ҳам одамлар бирин-кетин қирилиб кемаяпти-ку, дея хотиржам шекилли. Аммо бу ҳаво секин-аста инсон организмини емиради, уни тузалмас дардга мубтало қилади. Эрта вафот этишига олиб келади. Бу, айниқса, болаларга жуда ёмон таъсир ўтказади.

Ҳали ҳам кеч эмас. Ҳали ҳам зудлик билан чоралар кўриб, вазиятни ўнглаш мумкин. Аммо қайтариб бўлмас ҳолатга етиб келсак кейинги уринишларимиз бесамар кетади. Ўша маррага жуда яқин қолганга ўхшаяпти.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид