07:59 / 03.01.2024
9354

Ўзбекистонда 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш устида иш олиб борилмоқда 

Қозоғистоннинг «Казинформ» халқаро ахборот агентлиги Ўзбекистонда олтита «яшил» электр станциялари ишга туширилгани ҳақидаги мақолани ўз ўқувчилари ўртасида тарқатди.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Дунё» хабарига кўра, нашрда Тошкентда Ўзбекистон раҳбари ва хорижий инвесторлар иштирокида умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган янги «яшил» электр станцияларини ишга тушириш маросими бўлиб ўтгани маълум қилинган.

«Республиканинг олти вилоятида бешта қуёш ва битта шамол электр станцияси ишга туширилди, - дейилади материалда. -Навоий ва Самарқанд вилоятларида биринчи марта тўлиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан давлат-хусусий шериклик шартларида умумий қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш электр станциялари ишга туширилди».

Мақолада БААнинг Masdar компанияси Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 900 мегаватт бўлган учта замонавий фотоэлектр станциясини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни якунлагани қайд этилган. Навоий вилоятининг Томди туманида 500 мегаватт қувватга эга бўлган шамол электр станциясининг биринчи навбати қуриб фойдаланишга топширилди.

Қозоғистон электрон нашри, шунингдек, қурилиш ишлари бор йўғи тўққиз ойда якунланганини билдирган. Маълум қилинганидек, айни пайтда Ўзбекистонда 9 гигаватт қувватга эга 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

«Умуман олганда, Ўзбекистонда 2030 йилгача «яшил» электр станциялари қувватини 27 гигаваттга ошириш режалаштирилган. Бу ҳар йили 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага зарарли моддалар чиқарилишини 34 миллион тоннага камайтириш имконини беради», - деб ёзган «Казинформ».

Top