15:05 / 19.01.2024
3721

Европарламент: Венгрия ЕКга раислик қила олмайди

Европа кенгаши Венгрияга Евроиттифоқ шартномасининг 7-моддасини қўллаши керак, у мамлакат Европа қадриятларига риоя қилмагани учун овоз бериш ҳуқуқини тўхтатиб туришни назарда тутади, дейилади Европарламент резолюциясида.

Фото: Reuters

Европарламент Будапештнинг «Европа Иттифоқининг асосий қадриятларига путур етказишга» қаратилган «қасддан, қатъиятли ва тизимли» ҳаракатларини қоралайди ва Европа кенгашини ЕИ шартномасининг 7-моддасига мувофиқ, Венгрия ҳукумати демократия тамойиллари ва қонун устуворлиги ҳуқуқларини «жиддий ва қатъий» бузаётганини аниқлашга чақиради. Бу ҳақда Европарламентнинг 18 январ, пайшанба куни Страсбургда қабул қилинган «Венгриядаги вазият ва музлатилган ЕИ маблағлари» резолюциясида айтилади.

Европа Иттифоқи шартномасининг 7-моддаси бандларидан бири, агар Европа етакчилари Европа Иттифоқига аъзо давлат демократиянинг асосий меъёрларини мунтазам равишда бузяпти деган хулосага келса, Европа кенгаши унинг айрим ҳуқуқлари, масалан, овоз бериш ёки раислик қилиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Резолюцияни 345 депутат қўллаб-қувватлаган, 104 нафари қарши чиққан, 29 нафари бетараф қолган.

Украина учун 50 миллиард еврони блокдан чиқариш

Бундай қаттиқ резолюциянинг қабул қилинишига сўнгги йилларда Венгрияда қонун устуворлиги билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашгани асос бўлди. Бу «заиф гуруҳлар, жумладан, аёллар, лўлилар, мигрантлар, бошпана изловчилар ва қочқинлар» ҳамда оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳолатига салбий таъсир кўрсатди. «Сўнгги ўн йил ичида Венгрия сайлов автократиясининг гибрид режимига айланди», — дейилади резолюцияда.

Европарламент депутатлари ҳужжатда алоҳида «Венгрия бош вазирининг қаршилиги» туфайли Европа кенгаши ўтган йилнинг декабр ойида бўлиб ўтган саммит чоғида Европа Иттифоқи бюджетига ўзгартиришлар кирита олмаганини эслатиб ўтди, бу эса Украинага молиявий ёрдам узлуксизлигига хавф туғдирди. 

Резолюция Венгрия ҳукумати раҳбари Виктор Орбаннинг бу хатти-ҳаракатларини «тўлиқ ҳурматсизлик ва Европа Иттифоқининг стратегик манфаатларини бузиш» деб атади. «Ҳеч қандай шароитда Европа Иттифоқи ўз қадриятларидан воз кечган ҳолда стратегик манфаатлари ва иттифоқчиларининг манфаатларини шантаж қилиш ва савдолашишга йўл қўйиши мумкин эмас», — дейилади ҳужжатда.

Европарламент депутатлари Европа кенгашидан 1 феврал куни Брюсселда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари ЕИ саммити чоғида Европа Иттифоқи бюджетига ўзгартиришлар киритишга чақирди. У, жумладан, Украинага келгуси тўрт йил давомида 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни ҳам ўз ичига олади.

Венгрия учун 10 млрд блокдан чиқарилгани қонунийлигини текшириш

Европа комиссиясининг ўтган декабр ойида Венгрияга ажратилган 10 миллиард евро миқдоридаги ЕИ маблағларини блокдан чиқариш тўғрисидаги қарори Европарламент аъзолари томонидан салбий қабул қилинди. Улар фикрича, бу қарор тўғри асосланмаган ва «сўнгги ислоҳотлардан кейин ҳам Венгрия суд мустақиллиги стандартларига жавоб бермайди». Шу муносабат билан, Европа парламенти ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасига Европа Иттифоқи Адлия судида Еврокомиссиянинг Венгрия учун 10,2 миллиард еврони блокдан чиқариш тўғрисидаги қарори қонунийлигини текшириш бўйича «тезкорлик билан зарур чораларни кўриш»ни топширди.

Жорий йилнинг июл ойидан бошлаб Европа кенгашига раислик Белгиядан Венгрияга ўтади. Бироқ, Европарламент депутатлари Будапешт ушбу функцияларни «етарлича бажара олиши»га шубҳа билдирди, чунки Венгрия ҳукумати «Европа қонунчилиги нормаларини ва Европа Иттифоқи шартномасининг 2-моддасида мустаҳкамланган қадриятларни ҳурмат қилмаяпти».

Европарламент депутатлари, шунингдек, Европа Иттифоқи институтларида «вето ҳуқуқини суиистеъмол қилиш ва шантаж»га чек қўйиш вақти келди деб ҳисоблайди ва Европа Иттифоқига аъзо давлатларни «зудлик билан Европа кенгашида қарор қабул қилиш жараёнини ислоҳ этиш тартибини бошлашга» чақирди.

Top