Ўзбекистон | 12:52 / 20.01.2024
3306
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Брюсселда Шарл Мишел билан музокаралар ўтказди

Европа кенгаши раиси Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёдаги конструктив сиёсатини олқишлади.

Фото: Дунё

Брюссел шаҳрида Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов ва Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Мулоқот чоғида Ўзбекистон–Европа муносабатларини сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани қайд этилди. Ҳозирги вақтда барча даражаларда, жумладан, олий даражада яқин алоқалар сақланиб қолмоқда. Европа кенгаши раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлат раҳбарларининг иккита учрашуви, ўзаро алоқалар бўйича Самарқанд конференцияси ва бошқалар муваффақиятли ўтди.

Томонлар ўзаро манфаатли барча соҳаларда икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр экани тасдиқланди.

Шарл Мишел Ўзбекистон раҳбариятининг Марказий Осиёдаги конструктив сиёсатини олқишлади. Минтақа ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларнинг барча кўламини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ушбу саъй-ҳаракатлар алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Мавзуга оид