Жамият | 10:28 / 04.02.2024
29864
4 дақиқада ўқилади

Тоғ этагидаги қишлоқ – Ёрдонда бир кун

Фарғона тумани таркиби кирувчи, атрофи Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудуди билан ўралган Ёрдон қишлоғи одамлари тонгни қуёшдан олдин қарши олади. Пурвиқор тоғлар ва шалдираб оқаётган сойлари билан машҳур бўлган ушбу қишлоқда бекор юрган кишини учратиш қийин: кимдир чорва боққан, кимдир деҳқончилик билан машғул. Kun.uz мухбири қишлоқда яшовчи Ўктамжон Расулов оиласида меҳмон бўлиб, уларнинг кунлик юмушлари билан танишди.

Ўзбекистоннинг тоғ бағрида жойлашган эксклав ҳудуди – Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоғида 7 мингга яқин аҳоли яшайди.  Ёрдон аҳолиси чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Деярли ҳар бир ёрдонликнинг тоғ бағрида боғи, қўрасида эчкиси, қорамол ва қўйи бор.

Оила бекаси Дилрабо Расулова қишлоқ ҳаёти ҳақида сўзлаб берди:

Дилрабо Расулова

“Беш фарзандим бор, тўртта қиз ва бир ўғил. Икки қизимизни турмушга берганмиз. Чорвачилик, деҳқончилик билан шуғулланамиз. Баҳор-ёз ойларида картошка, жўхори ва бошқа турли сабзавотлар экамиз. Ҳамма нарса – унимиздан тортиб гўштгача ўзимиздан чиқади.

Сут-қатиқдан ҳам даромад оламиз. Чорванинг ҳамма туридан бор, қўй, эчки, сигир, от кабилар. Эчкиларни асосан гўшти, сути учун боқамиз. Турмуш ўртоғим бозор кунлари Водил бозорида картошка сотади. Деҳқончиликни от, эшак ёрдамида қиламиз. Қўчқор боқиб сотиб кам-кўстимизга, тўйларга ишлатамиз.

Апрел ойларида эчкилар туғади, улоқлари ўт ейдиган бўлганда соғишни бошлаймиз. Эчки сутидан қурут қиламиз. Эчки тоғ гиёҳларини егани учун сути жуда фойдали бўлади.

Улов сифатида отдан фойдаланамиз. Қизларим ҳам, ўғлим ҳам от минади. Наврўздан кейин сигирларни тоғга қўйиб юбораман, соғин сигирларим уйда боласи қолгани учун эрталаб чиқиб кечга қайтиб келади. Қолган моллар уйга келмай, октябр ойигача тоғда юраверади ўзлари.

Эчки сутидан бўлган қурутларни банкага ёпиб қўямиз, кўпинча рўза ойларида сўраб келишади. Бундай қурутларни сувга қўшиб қайнатиб ичса, тўқ тутади, қувват бўлади. Қурутларни асосан туристлар сотиб олади”, дейди оила бекаси.

Оила бошлиғи Ўктамжон Расуловни қишлоқда “робот ака” дейишар экан. Ҳақиқатан ҳам унинг бир зум тинмаслигига гувоҳ бўлдик.  

Ўктамжон ака Расулов

“Эрта баҳордан чорва, деҳқончилик ишлари бошланади. Чорвамиз ёз ойларида уйда бўлмайди, тоғга қўйиб юбориб, хабар олиб турамиз. Қишда уйда бўлади. Молларимиз, эчкиларни қўшнилар билан навбатдан тоғда боқиб тушамиз.

Кузда шудгоримизни тайёрлаб қўямиз. Баҳорда от ва эшакларим билан экин ишларини бошлаб юбораман. Ҳамма ишимиз қўлда бўлади, техникасиз.

Бозоримизни Водил қишлоғидан қиламиз. Овқат қилишда қўй ёғи билан сариёғ ишлатамиз. Унимиз, мева-чевамиз етарли, ўзимиздан чиқади.

Фермер хўжалигида ҳам ишлайман. Еримизда ўзимизга керакли экинларни экамиз, кузгача ҳаммасини йиғиб қишки ўраларга жойлаймиз. Картошкани Водил бозорига олиб тушиб сотиб, пулига харажат қилиб келаман. Яхши ҳосил бўлганда 5 тоннагача картошка оламан. Бундан ташқари, рўзғор учун сабзи-шолғом, чорва учун маккажўхори экамиз”, дейди оила бошлиғи.

Кун ботиб атрофни қоронғулик чулғади. Заҳматкаш қишлоқ одамлари дастурхон атрофида тамадди қилгандек бўлди-да, туршакларни тун ярмигача саралаб қопларга солишди.

Тоғлар бағридаги ушбу қишлоқ одамлари чиндан меҳнаткаш экан: ҳамма ўз юмуши билан оввора, кўча-кўйда бекор юрган кишини учратиш қийин. Буни Ўктамжон ака Расулов мисолида ҳам кўрдик.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид