Жамият | 12:46 / 18.02.2024
132087
6 дақиқада ўқилади

“Оила қурганимизни уйдагиларимиз билмасди” – Грин карта учун қалбаки тўй қилган 2 ёш ҳикояси

Жўмардга 2020 йил грин карта лотереяси чиқади. Бироқ у молиявий сабабдан визага ҳужжат топширолмай юради. Буни эшитган Дилноза ўзидан 7 ёш кичик Жўмардга “ҳомийлик” қилишини айтиб, эвазига Америкага етиб олиш учун сохта “загс”дан ўтишни таклиф қилади. Оилалар элчихонани ишонтириш учун қалбаки тўй ҳам қилишади.

Воқеа 2020 йилги карантиндан 1-2 ойча олдин бошланган. Жиззахнинг Пахтакор туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган Дилноза исмли муаллима ишдан чиқиб, ўғли билан йўлда такси кутаётган эди. Уларга 3 йўловчи йигит билан келаётган машина тўхтайди. Йигитлар йўл бўйи бир танишлари грин карта ютгани, бироқ молиявий сабаблар билан визага ҳужжат топширолмай юргани ҳақида гапириб келишади. Суҳбатни эшитиб келаётган Дилноза қизиқиб, болалардан ўша йигитнинг телефон рақамини олади.

Бир куни менга бир қиз қўнғироқ қилиб, грин карта учун “ҳомийлик” қилишини, яъни Америкага кетиш учун виза торшириш ва сафар харажатларини тўлашини, эвазига уни ўзим билан Америкага олиб кетишимни ўйлаб кўриш таклифини айтди. Бошида ғалати эшитилди. Кейин келишиб учрашиб, гаплашиб оладиган бўлдик”, – деб оилавий ҳаётининг қандай бошланганини ҳикоя қилади Жўмард.

Улар кўришганда Дилноза Жўмард билан ораларидаги фарқ катта эканини кўриб, фикридан қайтиб уйига кетади. Шундай бўлишига қарамай, Жўмард тез-тез қўнғироқ қилиб, ўзининг ёшига мос “ҳомий” топилганини сўраб туради.

Жўмард телефон қилавергач, ҳазиллашиб, мен “ҳомий” бўлсам бўлмайдими, деб сўрадим. У анча ўйлаб, бунга рози бўлди”, – дея ҳикояни давом эттиради Дилноза.

Кейин улар бу ҳақда оилаларига маълум қилишади. Бошида икки томон ҳам бунга унча рози бўлмайди, лекин тўй ҳам, “загс” ҳам сохта бўлиши, бу фақатгина элчихонани ишонтириш учун ўйин эканини яхшилаб тушунтиришгач, тўй ва расмий никоҳ бўлиб ўтади.

Биз 50-60 кишини чақириб, сохта тўй ҳам қилдик. Лекин тўй куни Жўмард менга бу воқеалар у учун сохта эмас, ҳақиқат эканини айтди. Аммо ўша куни у ўзининг уйига, мен ўзимнинг уйимга кетдим”, – дейди Дилноза.

Жўмард тўйдан кейин Дилнозанинг онаси билан кўришиб, нияти жиддийлигини, Дилноза билан шаръий никоҳ ўқитиб, бир оила бўлиб яшамоқчи эканини айтади.

Мен унга бу тўғри эмаслигини, қизим билан орасидаги фарқ 6-7 ёш эканини, қолаверса, Жўмарднинг ота-онаси болали аёлни ўғлига олиб беришга рози бўлмаслигини айтдим. Лекин у қўярга-қўймай мени кўндиришга ҳаракат қилди”, – дейди Дилнозанинг онаси.

Шундан кейин улар шаръий никоҳдан ўтиб, бир оила бўлиб яшашади. Жўмард ота-онасига уйлангани ҳақида Америкага виза чиққач айтишга, унгача сир тутишга қарор қилади. Ўша кунларда Жўмарднинг ҳаётида юз берган бир воқеа у учун бутун умрга татийди.

Никоҳдан ўтганимиздан кейин учинчи кун тушимга Муҳаммад с.а.в кирдилар. Мени Каъбатуллоҳ ёнига олиб бориб, энди сен шу ерни қўриқлашинг керак дедилар. Бу туш шунчалар аниқ эдики, мен ҳалигача унинг ҳар бир дақиқасини эслайман. Кейин тушундимки, бу туш мен оиламни яна ҳам қаттиқроқ ҳимоя қилишим, асраб-авайлашимга ишора бўлган экан”, – дейди у.

Орадан вақт ўтиб, Жўмард ва Дилнозанинг биринчи қизи Ясмина ва кейинроқ иккинчи қизи Сафиа туғилади. Шундан кейин у оила қургани ҳақида ота-онасига айтишга қарор қилади.

Уйимдагилар уйланганимни жуда оғир қабул қилишди. Уларни тушунаман, буни Ўзбекистонда кўпчилик қабул қила олмайди. Бошида ўзимиз ҳам Дилноза билан кўча-кўйда масофа сақлаб юрардик. Лекин кейин одамларнинг гап-сўзи бизни қизиқтирмай қўйди. Биз ўзимиз учун оиламиз шарини ясаб, ўшанинг ичида одамларнинг гап-сўзидан панада яшаймиз”, – дейди Жўмард.

Жўмарднинг ота-онаси набираларини кўришга келиб туришади. Бироқ уларга Америка элчихонасидан ҳали жавоб келгани йўқ. Дилноза ва Жўмард эса ҳалиям Америкага музлатиб қўйилган Green card’лари учун виза чиқишидан умидвор.

Турмуш ўртоғим Жиззахдаги IT'га ихтисослашган ҳиндистонликларнинг ўқишида ўқийди. Ўқиши контракт бўлишига қарамай, у тинимсиз ўқиб, ҳар йили 22 миллионлик грантларни ютиб оляпти. Бундан ташқари яқинда “Таълим фидойиси” деган медал билан ҳам тақдирланди. Акс ҳолда 3 бола билан қийналиб қолар эдик”, – дейди Дилноза.

Дилноза Жўмарднинг ўқиб ишлашига қаршилик қилганини, яхши мутахассис бўлиш учун ишламай ўқишга вақт ажратиш кераклигини айтади.

Мен ўзим хорижга кетишим мумкин. Лекин оиламсиз кетишни хоҳламайман. Уларнинг ҳар қандай яхши ва ёмон кунида ёнида бўлишни хоҳлайман. Америка элчихонасидан эса ҳали умидимизни узганимиз йўқ”, – деб яхши ниятлар билан суҳбатни якунлади Жўмард.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж усталари – Нуриддин Нурсаидов, Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид