Жаҳон | 09:10 / 19.02.2024
6655
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: Исроил Рафаҳда қуруқликдаги операциядан воз кечмайди

Исроил Ғазо сектори жанубида Рафаҳга қарши ҲАМАС кучларини йўқ қилиш учун ҳужумга тайёрланмоқда. Бу шаҳарда кўплаб фаластинлик қочқинлар тўпланган. Исроилнинг режалари дунё етакчиларини хавотирга солди.

Фото: Синьхуа

Исроил ҲАМАС ҳаракати кучларини йўқ қилиш мақсадида Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужумидан воз кечмайди. «Ким Рафаҳдаги операциямизни тўхтатмоқчи бўлса, охир-оқибат бизга: «Урушни ютқазинглар» демоқда», - деди Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу 17 феврал куни. Ҳужум «тинч аҳолига жанговар ҳудудлардан хавфсиз жойларга кўчишга имкон берганимиздан кейин бошланади», — деди Исроил вазирлар маҳкамаси раҳбари.

Бундан ташқари, Нетаняҳу жангчилар билан Миср ва Қатар воситачилигида уюштирилган музокараларда муваффақият қозонмаганига ишора қилди. Исроил томони «ҲАМАСнинг алдамчи талабларидан бошқа ҳеч нарса олмади», деди ҳукумат раҳбари. Улар орасига жангларни тугатиш, ҳаракатни ҳозирги кўринишида сақлаб қолиш ва Исроил қамоқхоналаридаги минглаб маҳбусларни озод қилиш киради, дея тушунтиради Reuters.

Охирги ойларда Рафаҳда 1,3 миллионга яқин ички фаластинлик қочқин бошпана топган. Норвегия қочқинлар кенгаши раҳбари Ян Эгеланднинг сўзларига кўра, бу ҳудудга келганлар озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмаслиги билан тўқнашмоқда. Европа ва жаҳоннинг бир қатор сиёсий арбоблари Исроилнинг режаларидан келиб чиқиб, Рафаҳ тинч аҳолиси тақдиридан хавотир билдирди. 

Исроил президенти - икки халқ учун иккита давлат яратиш тўғрисида 

Айни пайтда Исроил президенти Ицхак Герцог Яқин Шарқда келишувга эришиш истиқболига изоҳ берди. Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш минтақадаги бошқа давлатлар билан тузилган кенг қамровли келишув доирасидагина мумкин, деди Герцог Мюнхен хавфсизлик конференциясида. «Исроил хавфсизлиги масаласига самарали ечим топмагунимизча, бу содир бўлмайди», - дея Исроил президенти Фаластин давлатини яратиш имконияти ҳақидаги саволга шундай жавоб берди. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид