14:47 / 09.03.2024
5952

Хитой провинциясидан мураккаб вазиятга тушган 6 нафар ўзбекистонлик қайтарилди

Ўзбекистон дипломатлари ва Хитойнинг Юннан провинцияси Ташқи ишлар департаменти вакиллари ўзаро консуллик хизматларини соддалаштириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон элчихонаси ходимлари ва Юннан провинцияси Ташқи ишлар департаменти вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

"Дунё" хабарига кўра, тадбирда Департамент директорининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари У Вэнцзе ва бошқа масъул ходимлар иштирок этди.

Учрашув чоғида барча соҳаларда томонлар ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, консуллик-ҳуқуқий соҳадаги алоқаларни кучайтириш, хусусан, фуқароларнинг маданий алмашинув ва ўзаро саёҳатларини фаоллаштириш учун консуллик хизматларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хитой томонига 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар учун 10 кунгача визасиз режим мавжудлиги ва мамлакатга сайёҳлик мақсадида келувчи 55 ёшга тўлган Хитой фуқаролари 30 кундан ортиқ бўлмаган муддатда визасиз бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги маълум қилинди.

Юннан Ташқи ишлар департаменти ва мазкур провинция ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорлик натижасида 2023–2024 йилларда мураккаб ҳаётий вазиятга тушган 6 нафар ватандошга тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Учрашув якунида томонлар барча соҳаларда самарали ҳамкорлик жадаллаштириш, мавжуд масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида мунтазам мулоқот ўтказиш амалиётини давом эттириш тўғрисида келишиб олди.

Top