Ўзбекистон | 11:23 / 11.03.2024
14180
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин

Профилактика инспекторлари томонидан фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича планшет орқали электрон шаклда рўйхатга олиш бўйича дастур яратилиши ҳамда фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ваколатини профилактика инспекторларига бериш таклиф этилмоқда.

Фото: uzbekembassy.com.my

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон фуқароларини республика ҳудудида ички ишлар органлари таянч пунктлари ҳамда маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг профилактика (катта) инспекторлари томонидан вақтинча яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Билдирилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқароларининг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш таянч пункти ва маҳалла ҳуқуқий тартибот масканлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан амалга оширилаётганлиги, бўлинмалар туман-шаҳар марказларида фаолият юритаётганлиги, вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида яшовчи фуқаролар туман-шаҳар марказига келиб-кетишида ортиқча вақт ва маблағ сарфланаётганлиги сабабли фуқаролар ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ваколатини профилактика инспекторига бериш ва уни махсус дастур орқали (планшет ёрдамида) амалга ошириш тизимини жорий этишни назарда тутувчи меъёрларни ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

Лойиҳа билан ички ишлар органлари профилактика (катта) инспекторлари томонидан Ўзбекистон фуқароларини вақтинча турган жойи бўйича планшет орқали электрон шаклда рўйхатга олиниши бўйича дастур яратилиши ҳамда фуқароларнинг ортиқча вақт ва сарф-харажат қилишининг олдини олиш мақсадида фуқароларни вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ваколатини профилактика инспекторларига бериш таклиф этилмоқда.

Таъкидланишича, лойиҳа қабул қилиниши билан фуқароларнинг ортиқча харажат қилиши ва сарсон бўлиши олди олинади, маҳалла ҳудудида профилактика инспекторлари томонидан фуқаролар ижтимоий муаммолари жойида бартараф этилишига хизмат қилади.

Е-roʻyxat_М дастурий таъминоти ҳар бир планшет қурилмасига чексиз сертификати билан 350 000 сўмдан ўрнатилиб, ишга туширилади.

Мавзуга оид