10:31 / 18.03.2024
4822

Хориждаги ўзбекистонликлар учун Ўзбек тили онлайн платформаси ишга туширилди

Хорижда яшаётган ўзбекистонликлар ва уларнинг фарзандлари учун ўзбек тилини ўргатувчи янги платформа ишлаб чиқилди. Янги платформа “Ватандошлар” жамоат фондининг муаллифлик ҳуқуқи асосида ягона автоматлаштирилган электрон порталга жойлаштирилган.

15 март куни “Ватандошлар” жамоат фонди томонидан Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги ҳамкорлигидан ишлаб чиқилган Ўзбек тили онлайн платформасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда хорижда ва қўшни мамлакатларда яшайдиган ватандошлар иштирок этишди.

Янги лойиҳа дунёнинг турли давлатларида яшаётган ватандошларнинг фарзандлари ўзбек тилини ўрганишлари, қадриятлар, урф-одатлар билан танишишлари, ўзбек тилида мулоқот қила олишлари учун яратилган.

“Ватандошлар” жамоат фонди раҳбари Одилжон Сатторов ушбу платформанинг яратилиши ҳақида айтиб ўтди:

“Хорижий давлатларда жуда кўп тадбирлар, учрашувлар ўтказамиз. Ватандошлар билан мулоқот қилганимизда улар: “Биз тилимизни, урф-одатларимизни биламиз, сақлаймиз. Аммо фарзандларимиз буни қандай уддалашади?” дея куйинчаклик билан гапиришади. Олдимизга шуни вазифа қилдикки, дастлаб онлайн дарслар ташкил қилдик, бунинг яхши ва ёмон тарафларини кўрдик. Чунки бир давлатда дарслар бошланганда бошқа давлат вақти тўғри келмайди. Бу масала бизни ўйлантирди ва Ўзбек тили онлайн таълим платформасини ишга туширишга қарор қилдик”.

Италиядаги Ўзбек миллий маданий маркази раҳбари Комила Киргизова фонднинг бу ташаббуси хориждаги ўзбекистонликлар ва уларнинг фарзандлари учун кераклиги ҳақида гапирди:

 “Бу платформа айни муддао, бизга керакли нарса эди. Чунки “Ватандошлар” фонди билан бўлиб ўтган бир нечта учрашувларда бу ҳақида гаплашган эдик. Улардан ўзбек тилини ўргатувчи платформа яратишни илтимос қилган эдик. Фақат Италиядаги, балки бутун дунё мамлакатларида яшаётган ўзбеклар номидан гапирсам муболаға бўлмайди – хорижда яшаётган ўзбек фарзандлари учун бу жудаям муҳим.

Айнан Италияни оладиган бўлсак, жўғрофияси жиҳатидан у ерда шаҳарма-шаҳар уюштиришнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам фондга илтимос билан чиққандик, фарзандларимизда миллий ғурурни шакллантириш, Ўзбекистон ҳақидаги тушунчаларини кенгайтиришда бу платформа жуда муҳим”, деди у.

Ўзбек тилини ўргатувчи янги платформа фонднинг муаллифлик ҳуқуқи асосида ягона автоматлаштирилган электрон порталга жойлаштирилган. Порталда рўйхатдан ўтиш орқали машғулотларни бажариш мумкин. Муваффақиятли ўрганувчиларга махсус сертификат берилади. Ўзбек тили онлайн таълим платформаси А1 даражаси 8 та модулда 24 та машғулотлар орқали ўргатилади. Платформани йўлга қўйишда иштирок этган Республика таълим маркази филология бўлими бошлиғи Намоз Расулов жараён ҳақида маълумот берди:

“Ўзбек тили дунёда кенг тарқалган тиллардан бири ҳисобланади. Чунки бу тилда сўзлашувчилар сони 50 миллиондан ошиқ. Тилимизни нафақат Ўзбекистонда, балки дунё миқёсида ўрганишга эҳтиёж бор.

Лекин бу борада “Ватандошлар” жамоат фонди билан амалга оширилаётган ишлар тизимли йўлга қўйилган бўлиб, тил ўрганишнинг замонавий методикасини ўзида мужассамлаштирган.

Платформани яратишда биз унинг асосий қисми – лингвистик таъминотига аҳамият қаратишимиз керак. Бу фақат лингвистик таъминот билан бўлмайди. Бугунги кунда тил ўрганишда медиамаҳсулотлар ҳам шарт бўлади. Баҳолаш марказидаги ходимлар билан медиамаҳсулотларни ишлаб чиқдик ва бир гуруҳ дастурчилар иштирокида янги платформани йўлга қўйдик”.

Лойиҳанинг тақдимот маросимига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги ўзбек тили ўқитувчилари, Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази тингловчилари ташриф буюришди.

“Биз қардош жумҳуриятлардан ҳам бир гуруҳ ўқитувчилар билан бирга тақдимотда иштирок этяпмиз. Ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларимизга айнан шундай платформалар зарур. Чунки бизда адабиётлар, ўзбек тилидаги дарсликларнинг етишмаслиги туфайли бунга муҳтож эдик”, деди Тожикистондан келган ўзбек тили ва адабиёти фани методисти Роҳинисо Раҳмонбердиева.

Ўзбек тили онлайн платформаси билан ҳавола орқали танишиш мумкин.

Top