19:52 / 04.04.2024
27185

Эрдўған нима учун маҳаллий сайловларда мағлуб бўлди ва энди унинг ҳокимиятига қандай хавф бор?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған раҳбарлигидаги ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси якшанба куни чуқур иқтисодий инқироз шароитида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда кутилмаганда мағлубиятга учради. Туркиянинг барча йирик шаҳарлари устидан назоратни бой берган Эрдўған учун бу драматик йўқотиш нимани англатади?

Фото: Reuters

Расмий маълумотларга кўра, асосий мухолифат куч ҳисобланган Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) бутун мамлакат бўйлаб 37,8 фоиз овоз олди, Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) — 35,5 фоиз.

Кўплаб экспертлар бу сайловларни «Эрдўғаннинг тарихдаги энг йирик мағлубияти» деб аташмоқда.

Жумҳурият халқ партияси АТПни Эрдўғанни унинг 21 йиллик ҳукмронлиги давридаги умуммиллий овоз бериш якунларига кўра нафақат илк бор мағлуб эта олди, балки сўнгги ўн йилликлардаги энг кўп овозни қўлга киритди. BBC таҳлилчиси Чағил Касапўғли бу қандай рўй бергани ҳақида ёзди.

Иқтисодий муаммолар: гиперинфляция ва аҳоли норозилиги

Ҳукмрон партиянинг мағлубиятига олиб келган асосий омил мамлакатдаги чуқур иқтисодий инқироз бўлди.

Яшаш нархи фақат 2022 йилда Россиянинг Украинага уруш бошлашидан кейин кўтарила бошлаган кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ Туркиядаги иқтисодий инқироз 2018 йилдан буён давом этиб келмоқда. Мамлакатдаги инфляция 65 фоиздан ошади, миллий валюта лира эса сўнгги беш йилда 80 фоизга қадрсизланган.

Эрдўған президентлиги давридаги Туркия ҳукумати кўпинча ҳозирда оддий одамлар ҳаёти нақадар қийинлашганини тушунмасликда айбланади.

Яшаш нархи ошиши мухолифат ғалабасига ёрдам берган асосий омил бўлди, дейди экспертлар
Фото: CHRIS MCGRATH/GETTY IMAGE

«Ҳукмрон АТП иқтисодий инқирознинг вайронкор оқибатларини жуда кеч тан олди», — дейди BBC билан суҳбатда Анқарадаги Ҳожи Байрам Вали университети профессори Баҳодир Турк.

У Эрдўған ва унинг партияси 2023 йилги президентлик сайловларидаги ғалабадан кейин «иқтисодий инқироздан чиқиш борасида ўта оптимистик» кайфиятда бўлганини қўшимча қилган.

«Менимча бу Эрдўған ва АТП йўл қўйган энг катта хато эди», — деб ҳисоблайди профессор Турк.

Мухолифатчилар сайловолди кампанияси чоғида яшаш нархи ошаётгани ҳақида кўп гапирди.

Сайловларда АТП номзодига қарши курашган Истанбулнинг таниқли мэри Акром Имомўғли «Мамлакатимиз қашшоқликка лойиқ эмас» шиоридан кенг фойдаланди. Якунда у ишончли ғалабага эришди ва яна беш йил давомида шаҳарга ҳокимлик қиладиган бўлди.

Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси вакили ҳисобланган Имомўғли Эрдўғанни «иқтисодиёт қонунларининг оёғини осмондан қилиш»да айблаган.

2023 йил баҳорида Эрдўған қаторасига учинчи муддатга президент этиб сайланганди ва кампания даврида иқтисодиётни тиклашга ваъда берганди. Аммо, экспертлар айтишича, 2024 йилги маҳаллий сайловларда сайловчилар шахсан мамлакат президентига эмас, балки умуман ҳукмрон партияга ўз салбий муносабатини билдирди.

«Сайловчилар учун ўз етакчиларига бўлган ҳиссий боғлиқликдан воз кечиш осон иш эмас. Аммо маҳаллий сайловларда улар етакчи [Эрдўған] учун эмас, партия учун овоз бериши керак эди. Ва бу сайловларда улар Адолат ва тараққиёт партиясидан норозилигини билдирди», — деган BBC’га Истанбулдаги Ўзегин университети профессори Эврен Болта.

Мухолифат базани кенгайтирмоқда

Энди Имомўғли кейинги президентлик сайловларига номзод сифатида кўрилмоқда
Фото: ERDEM SAHIN / EPA-EFE

Асосий мухолифат партияси саналган Жумҳурият халқ партияси Туркиянинг энг йирик шаҳарлари, хусусан Истанбул, Анқара ва Измирда ҳокимиятни сақлаб қолди — ва яна бир қанча катта шаҳарларда, жумладан мамлакатнинг энг йирик тўртинчи шаҳри Бурсада ҳокимиятни қўлга киритди.

Республикачилар одатда Туркиянинг АТПга овоз берувчи консерватив сайловчилар яшайдиган марказий ҳудудларида ҳам катта машҳурликка эришди — ва кўплаб шарҳловчилар бу ҳодисани «қизил тўлқин» деб атамоқда — партия ранги сайлов харитасида қандай акс этишини назарда тутган ҳолда.

Жумҳурият халқ партияси 1923 йилда замонавий Туркия асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан тузилган, бу миллатчилар позициясида турувчи дунёвий сиёсий куч ҳисобланади. Унинг анъанавий сайловчилари ўрта синфга мансуб бўлиб, асосан ғарб ва жануби-ғарбдаги катта шаҳарларда яшашади.

Замонавий Туркия республикаси ташкил топганидан буён консерваторлар ва диндорлар Жумҳурият халқ партиясига уларнинг қадриятларига (исломий фазилатлар ва тақво) таҳдид сифатида қараб келган.

Ўз навбатида, ЖҲП консерватив сиёсий гуруҳларни, жумладан АТПни исломий ғоялардан фойдаланишда айблайди. Диний ва дунёвий жамоалар ўртасидаги бўлиниш ўн йиллар мобайнида Туркия сиёсатини белгиловчи омил бўлиб келган.

Аммо сўнгги йилларда мухолифатдаги ЖҲП ҳатто нисбатан консерватив ва диндор сайловчилар орасида ҳам машҳурликка эриша бошлади — ва бу уларнинг ҳозирги ғалабаси сабабларидан бирига айланди.

Ғалаба ҳақида маълум бўлгач, Имомўғлининг тарафдорлари Истанбул мэрияси атрофида тўпланди
Фото: REUTERS/UMIT BEKTAS

«2017 йилдан буён, 2016 йилги давлат тўнтаришига уринишдан кейин, Жумҳурият халқ партияси консерваторлар билан сиёсий муроса қилиш бўйича сиёсий стратегияни қўллади ва бўлинишга барҳам берди», — деб ҳисоблайди профессор Болта.

Истанбулда Имомўғлининг ғалабасига ёрдам берган асосий омиллардан бири курдлар жамоаси қўллаб-қувватлови бўлди. Унинг аъзолари амалдаги мэрга овоз беришди, ҳолбуки бюллетенда курдпараст Яшил сўллар партияси вакили ҳам бор эди.

Болта курд жамоаси аъзолари бу орқали стратегик овоз беришни амалга оширди, деб ҳисоблайди.

«Бир томонда, ғалаба қозонишга жиддий даъвогар бўлган ва уларни „террорчилар гуруҳи“ деб ҳисоблайдиган Адолат ва тараққиёт партияси. Бошқа томонда курдларга тенг ҳуқуқли фуқаролар сифатида қаровчи Имомўғлининг Жумҳурият халқ партияси. Шундай экан, улар ақлли танлов қилди ва Имомўғлига овоз беришди», — дея изоҳлайди Болта.

Мухолифатчиларга бу сайловда ёрдам берган яна бир омил, — унинг ўз мессежини сайловчиларга етказа олиш қобилияти бўлди. Туркиядаги кўплаб нашрлар ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланадиган агентликлар томонидан назорат қилинса-да, бу назоратни мутлақ назорат деб бўлмайди.

Президент Эрдўған кўпинча оммавий ахборот воситаларини монополлаштиришда ва авторитар режим жорий этишда айбланади. Аммо Болта авторитаризм турли даражада намоён бўлиши мумкинлигига эътибор қаратган.

«Туркияда масс-медиа ёки сиёсий партиялар устидан назорат ҳеч қачон Россиядаги каби бўлмаган — ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам, — дея ишонч билан гапиради у. — Бу ерда ҳали ҳам жиддий сиёсий рақобат мавжуд ва бу ерда одамлар билан гаплашиш учун воситалар ва имкониятларга эга мухолифат мавжуд».

Бу президент Эрдўған бошқаруви тугаб бораётганини англатадими?

Эрдўғаннинг партияси жиддий мағлубиятга учраган бўлса-да, экспертлар унинг сиёсий етакчилиги тугаши ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта деб ҳисоблашади.

Эрдўғаннинг президентлик ваколатлари 2028 йилда якунланиши керак. 31 март куни ўтказилган сайловлардан бир неча кун олдин президент ҳозирги муддати ўзи учун сўнггиси бўлиб қолишини айтганди.

«Эрдўған бу мухолифат учун ажойиб сайлов бўлганини тан олган бўлса-да, у барибир Туркия сиёсатида асосий куч ва катта таъсирга эга бўлиб қолаверади, — дейди профессор Турк. — Сайловчиларнинг кўпчилиги учун у ҳамон жуда ҳурматли ва севимли шахс эканини унутмаслик керак».

Туркнинг сўзларига кўра, ўтган йилларда «Эрдўғаннинг харизматик ҳокимияти ва партия бюрократияси фаолияти» уйғунлиги АТПнинг муваффақиятини таъминлаган . «Аммо менимча, бундай уйғунлик аста-секин емирилиб бормоқда ва буни маҳаллий сайловлар натижалари ҳам кўрсатмоқда», — деб ҳисоблайди эксперт.

Истанбулнинг қайта сайланган мэри Акром Имомўғли ҳали бундай ниятини ошкор этмаган бўлса-да, эндиликда президентлик лавозими учун асосий даъвогарлардан бирига айланди. Профессор Болтанинг фикрича, мэрликни сақлаб қолиш орқали Имомўғли президентликка эҳтимолий номзод сифатидаги салоҳиятини мустаҳкамлади.

Эрдўғаннинг тарафдорлари натижалардан қайғуда
Фото: NECATI SAVAS/ EPA-EFE

Эрдўған йигирма йилдан ортиқ ҳукмронлиги давомида ўз сиёсий таъсирини Туркиядан ташқаридаги ҳудудларга ҳам ёйди. У Россия ва Украина ўртасидаги воситачи сифатида намоён этди — ва 2022 йилда Украина озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини тиклаш бўйича келишув тузилишида ёрдам берди; президент шунингдек Туркиянинг Африка ва Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаларини ҳам кенгайтирди; Яқин Шарқдаги муҳим фигурага айланди.

Таҳлилчилар фикрича, маҳаллий сайловлардаги бу қадар оғир мағлубият «унинг халқаро легитимлигига ҳам путур етказиши мумкин».

«Имомўғли ишлайдиган демократик тизим яратишга ваъда бермоқда. Биз мухолифат ва жаҳондаги катта давлатлар ўртасида молиявий, мадания ва сиёсий алоқалар мустаҳкамланиб боришига гувоҳ бўлишимиз мумкин», — дея тахмин қилади Болта.

Бу сайловларни Эрдўғаннинг сиёсий етакчилиги тугаши деб бўлмаса ҳам, натижалар унинг ҳокимияти учун жиддий чақириқ ташлайди. Туркия президентининг ўзи ҳам айтганидек, «31 март биз учун якун эмас, аммо бурилиш палласи».

Эрдўған ўз тарафдорларининг қўллаб-қувватловини қайтариш учун қўлидан келадиган барча ишни қилишга ваъда бермоқда. Аммо овоз бериш натижаларидан руҳланган мухолифат ҳам бу муваффақиятдан ўз таъсирини забт этилган муниципалитетлардан ташқарига ёйишда фойдаланади ҳамда ҳокимиятга реал сиёсий муқобил сифатида гавдаланишга ҳаракат қилади.

Top