18:18 / 04.04.2024
7329

Рамзон Қодиров амалдорларни одамларнинг дўконлардаги қарзларини тўлаб қўйишга чақирди 

Чеченистон раҳбари ўзи яшайдиган ҳудуддаги одамларнинг қарзларини тўлаб қўйишини айтди ва бошқаларга ҳам шуни тавсия қилди. 

Фото: Коммерсантъ

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров амалдорларни маҳаллий аҳолининг озиқ-овқат дўконларида тўпланган қарзларини тўлаб қўйишга чақирди. У ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда тегишли ташаббус билан чиқди. 

«Мен Ҳадижатдан (Ҳадижат Қодирова, Рамзоннинг қизи, Чеченистон ҳукумати ва маъмурияти раҳбари ўринбосари) SMS олдим, кўп одамлар молиявий имконият йўқлиги сабабли товарларни қарзга олишга мажбур бўлмоқда экан. Уларни ёпишга ёрдам бериш яхши иш бўларди. Ҳамма ўз ҳудудидаги қарзларни зиммасига олиб, тўлаб юборса яхши бўларди. Мен ўзим яшаётган ҳудудда мавжуд бўлган қарзларни тўлайман», деди у чечен тилидаги видеомурожаатида. 

Чеченистон расмийлари Қодировнинг сўзларини олқишлар билан кутиб олди. 

«РИА Новости» агентлигининг қайд этишича, Чеченистонда маҳаллий аҳоли кичик дўконлардан озиқ-овқатни қарзга олиш амалиёти мавжуд. Одамлар озиқ-овқатни, қоида тариқасида, ҳамма бир-бирини танийдиган ва ишонч даражаси юқори бўлган яқин дўконлардан олишади. 

Қарзларни ёпиш ғояси Чеченистон учун янгилик эмас. Юқори даромадли одамлар камбағалларга бир неча бор ёрдам берган, шу жумладан Қодировнинг чақириғидан кейин ҳам. Айниқса, Рамазон ойида савоб умидида бундай амаллар кўп қилинади. 

Қодиров илгари ҳам бундай чақириқлар билан амалдорларга мурожаат қилган. Жумладан, 2019 йилда одамларнинг табиий газдан қарзини, 2021 йилда дўконлардаги қарзини тўлашни тавсия қилган.

Top