21:32 / 08.04.2024
13136

Тошкент–Теҳрон муносабатлари ва Яқин Шарқдаги вазият — Эрон элчиси билан суҳбат

Дунёдаги энг қизғин минтақа бўлмиш Яқин Шарқ ҳақида гап кетганда, Эрон фактори тез-тез тилга олинади. Kun.uz бу мамлакатнинг минтақавий ва глобал сиёсати билан боғлиқ саволлар билан Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий билан суҳбат ташкил этди.

— Эрон-Ўзбекистон муносабатларининг асосида қайси омиллар ётади?

— Сўнгги йилларнинг ўзида Эрон ва Ўзбекистон президентлари 4 марта учрашдилар ва ушбу учрашувлар давомида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Давлатларимиз раҳбарлари учрашувларда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 1 миллиард долларга етказиш вазифасини белгилаб олдилар. Ўйлайманки, бу тўлалигича амалга оширса бўладиган иш. Бугунги кунда Эрон Ўзбекистоннинг 18-савдо шериги ҳисобланади, биз бу рақамни янада юқорироқ кўтаришимиз мумкин. Ўтган 2023 йил икки мамлакат ўртасидаги савдо айирбошлаш ҳажми 505 миллион долларни ташкил этди. Яъни айтмоқчиманки, анча йиллардан кейин икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми 500 миллион доллар чегарасидан ўтди, бу шуни кўрсатадики, биз 1 миллиард долларлик чегарага ҳам бемалол етишимиз мумкин.

Нега бемалол етоламиз, деяпман, бунга бир нечта омиллар бор. Биринчиси: Эрон ва Ўзбекистон халқлари ўртасида жуда кўплаб маданий, тарихий муштаракликлар мавжуд. Иккинчидан, Эрон ва Ўзбекистон имкониятлари ва потенциаллари бир-бирини тўлдирувчи ҳисобланади. Учинчидан, Эрон ва Ўзбекистон кўплаб минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида жудаям яқин ва яхши ҳамкорликни амалга оширмоқда.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар яхши билишадики, Эрон товарлари ҳам яхши сифатга эга, ҳам нисбатан арзон. Аммо икки мамлакат ўртасидаги савдода мавжуд бўлган турли таърифлар ушбу товарларни ўзаро айирбошлашни, янада кўпроқ экспорт ва импорт қилинишини маълум бир даражада тўсиб турувчи омил бўлиб қолмоқда.

Эрон иқтисодиёти 3 та асосий таянчга эга. Биринчиси – ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва қаршилик кўрсатиш иқтисодиёти. Иккинчиси фан ва технологияга асосланади. Учинчиси Эронда деярли барча турдаги товарларни ишлаб чиқариш учун керакли бўлган инфратузилма мавжуд. Бу шуни кўрсатадики, Эрон ва Ўзбекистон мана шу имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўзаро савдони, ўзаро экспорт ва импорт операциялари миқдорини янада кўпайтириш имкониятига эга. Эрон ҳукумати кафолат бериб айтоладики, Эрон компаниялари Ўзбекистонда эълон қилаётгани турли халқаро лойиҳаларни арзон нархларда, яхши сифатда амалга ошира олишади.

Охирги пайтларда турли соҳалардаги, жумладан, савдо иқтисодий соҳадаги юқори даражадаги делегацияларимизнинг ўзаро алмашунуви янада кучайди. Жумладан, сўнгги ойларнинг ўзида Эрон Ислом республикаси саноат конлар ва савдо вазири бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Яқиндагина Ўзбекистон республикаси энергетика вазири бошчилигидаги делегация Эронга ташриф буюрди. Бундан 1 йил олдин Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо иқтисодий ва илмий техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 15-мажлиси бўлиб ўтган эди ва яқин ойлар ичида ушбу қўшма комиссиянинг навбатдаги 16-мажлиси Эронда бўлиб ўтиши режалаштириляпти. Бу факторларнинг ҳаммаси иккала мамлакат ўртасидаги савдо иқтисодий алоқаларнинг янада тартибли равишда ривожланиши учун муҳим омиллар бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистонлик тадбиркорлардан, компаниялардан шуни сўраган бўлардимки, агар хориждан қайсидир керакли товарни импорт қилмоқчи бўлсалар, Эронда ишлаб чиқариладиган товарлар рўйхатига ҳам бир назар ташласинлар. Ўзбекистонда қанақадир муҳим бўлган лойиҳа амалга ошириш режалаштирилаётган бўлса, Эрон компанияларнинг имкониятларига ҳам қарашсин. Компанияларнинг имкониятларига, уларнинг қанақа сифатда ва қандай нархларда ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлигини ҳам ўрганишсин.

Иқтисодий алоқалардан асосий мақсади нимадан иборат, дейдиган бўлсак. Савдо-иқтисодий алоқаларда кўзда тутилаётган энг юксак мақсад бу – халқ учун сифатли ва арзон товар етказиб бериш. Биз – давлат расмийларининг вазифамиз худди мана шу алоқаларнинг шу тартибда мақсадли амалга ошиши учун керакли шарт-шароитларни яратиб беришдан иборат.

Бу ўринда ўзаро савдо алоқалари ҳақида гапирганимда, фақатгина Эрондан Ўзбекистонга товар экспорт қилишни назарда тутмаяпман. Эроннинг ҳам Ўзбекистоннинг кўплаб товарларига эҳтиёжи бор. Масалан, қайта ишланган пахта маҳсулотлари, жумладан, калава, бизда жуда катта эҳтиёж бор бу маҳсулотга. Яна масалан, тилла маҳсулотлари ёки Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган кимё саноати маҳсулотлари, жумладан, ўғитлар, фосфат ўғитлари Эронда жудаям талабгир товарлар ҳисобланади. Агар биз ўзаро савдо алоқаларимиз учун керакли бўлган шарт-шароитларни ярата олсак, ушбу олди-бердиларимиз ҳажми янада кўпаяди.

Сизни ишонтириб айтишим мумкинки, бугунги кунда Эронда ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт жиҳозлари ва қурилиш материаллари ўзининг сифати, нархи бўйича Ўзбекистонда бемалол сотиб олиб ишлатса бўладиган ва шунга арзийдиган маҳсулотлар ҳисобланади. Ушбу маҳсулотлардан ташқари машиналар, ускуналар ҳам Ўзбекистон импортининг катта қисмини ташкил этади ва биз бу борада ҳам Ўзбекистонга тегишли машиналар ва ускуналарни етказиб беришга тайёрмиз.

— Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон йўналишида темирйўл ташувлари нега жадаллашмаяпти, кечикиш сабаби нимада?

— Бу саволга жавоб сифатида биринчи бўлиб шуни айтиб ўтмоқчиманки, ҳар учала мамлакат: Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам, Эрон ҳам ўзаро транспорт ва транзит соҳасидаги алоқалардан манфаатдор ва бу алоқаларнинг ривожланишини исташади.

Муаммолар нимада, деган саволингизга бевосита жавоб берадиган бўлсам. Биринчи навбатда, ўртада вагонлар тақчиллиги кузатилмоқда, шу тақчиллик муаммоларимиздан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, учала давлатда бир хил бўлмаган, бир-бирига тўғри келмайдиган божхона қонунлари ва божхона тарифлари бор. Булар ҳам ўз навбатида ўзаро савдодаги ёки ўзаро транспорт-транзит муносабатлардаги характерни белгилаб беради. Яна шу нарсани айтиб ўтмоқчиманки, Эрон ҳар қанақа транспорт-транзит коридорларининг ривожланишига, иложи борича кўпроқ давлатлари иштирок этиши тарафдори. Шарқ-Ғарб коридори бўлсин, Шимол-Жануб коридори бўлсин, бу соҳада кенг ҳамкорликни амалга оширишга ва минтақамиздаги давлатлар ўртасида транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликнинг янада кенгайиши тарафдоримиз.

— Вагонлар етишмаслиги катта муаммо эмасдир. Лекин тарифлар масаласида қайсидир давлатлар ташаббус билан чиқиши керак эмасми? Юқорида айтилганидек, бу нарса учала давлатнинг иқтисоди учун ҳам манфаатли-ку.

— Биз очиқ-ойдин таклиф қилдикки: Эронни шимолидаги ва жанубидаги портлардан, жумладан, Бандар Аббос, Чобаҳор порти имкониятларидан фойдаланишни таклиф қилдик. Мана шу Бандар Аббос ва Чобаҳор портлари доирасида Ўзбекистон компаниялари учун ер ҳам таклиф қилдик. Яъни ўзларига тегишли инфраструктура объектларини қуриш учун.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, Эрон коридори Ўзбекистон учун энг қулай ва энг арзон коридор ҳисобланади. Масалан, Эрон коридори орқали юк ташиш бошқа коридорларга нисбатан 15 кун вақтни тежайди. Бу ерда автотранспорт орқали юк ташиш муаммолар бор. Улар ўз йўлига, лекин умуман транзит тўғрисида гапирадиган бўлсам, Эрон Ўзбекистон ва унга қўшни давлатлар учун очиқ денгизга чиқиш йўлидаги энг қулай коридор ҳисобланади.

Вагонлар катта муаммо эмас, деб тўғри айтиб ўтдингиз, ҳақиқатан ҳам вагонлар бу биринчи даражадаги фундаментал масала эмас, аммо ҳар ҳолда муаммо бу ҳам. Умумий вагонлар етишмаслигини эмас, балки Ўзбекистон ва Эрон ўртасида товар ташишга ажратилган вагонларни камлигини назарда тутгандим, бошқа бир муаммони хаспўшлаш учун айтмадим, ростдан бор муаммо бу ҳам. Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукуматлари Эрон қатнайдиган вагонларни янада кўпайтиришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Масалан, етарли вагонлар бўлса, Сарахсдан Бандар Аббосгача 3-5 кун вақт олади товар турига қараб. Биз шундай етказиб беришимиз мумкин деб Ўзбекистон томонига маълум қилдик. Ҳатто биз бу борадаги муаммоларни ечимини топиш мақсадида қўшма транспорт компанияси тузишни таклиф этдик. Яъни қўшма транспорт компанияси, қўшнма логистик компания, қўшма транспорт экспедиторлик компаниясини таклиф этдик, булар доирасида мавжуд муаммоларни ечимини топиш осонроқ бўлиши учун.

Сўнгги вақтларда Россия транзит муаммоси билан дуч келганидан кейин Эронга келди ва Эрон шимолидан жанубига қараб алоҳида махсус темирйўл линияси қурди. Бу асосан Россия ва минтақа давлатлари товарларини ташиш учун ишлатилади. Транспорт-транзит коридорлари соҳасидаги муаммоларни ечиш учун у қадар кўп нарса керак эмас. Биринчи навбатда мақсад, хоҳиш-истак керак, иккинчидан эса ушбу хоҳишига мувофиқ бўлган даражада инвестиция зарур. Учинчидан, давлатлар томонидан ушбу ташаббус қўллаб-қувватланиши керак.

— Вагонлар етишмаслиги билан боғлиқ, тарифлар билан боғлиқ муаммоларни гаплашяпмиз. Булар учала давлат ўртасидаги масалами ёки қайсидир давлатга ташқи таъсир сабабми?

— Яна таъкидлашим мумкинки, Ўзбекистон учун Эрондан бошқа яхшироқ транспорт-транзит йўналиши мавжуд эмас. Иккинчидан, Эрон ўз ҳудуди орқали ўтадиган транспорт-транзит коридорига жудаям катта инвестиция киргитган. Лекин шуларга қарамасдан, ҳатто спортни ҳам сиёсийлаштиргани каби Ғарб давлатлари ушбу иқтисодий масалаларга ҳам сиёсий тус беришга ҳаракат қилади. Лекин шунга қарамасдан, Эрон бу ҳамкорликка ҳамиша тайёрлигини билдириб келган, жумладан, Ўзбекистонга ҳам маълум қилган. Ҳозир ҳам маълумот учун айтиб ўтаман: Ўзбекистон учун 25 фоиз чегирма берганмиз. Ўзбекистон Эрон орқали транзитда 25 фоизлик чегирмадан фойдаланиб келяпти. Биз бу ҳамкорлик тўғрисида Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва ташкилотларига ҳам бир неча бор маълум қилганмиз. Эрон бу борада энг қулай шароитларни яратиб беришга тайёр.

Транспорт коридори бу жуғрофий тушунча, менинг назаримда, сиёсий тушунча эмас. Шундан келиб чиққан ҳолда, биз ушбу коридордан иқтисод ва бизнес мақсадларида фойдаланиш учун ҳамма шароитларни яратишга тайёрмиз.

1 апрел куни Суриядаги Эрон консуллигига туташ бинога Исроил авиазарба берди, оқибатда бир неча киши қурбон бўлди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

— Эроннинг 3 та ҳарбий маслаҳатчилари Суриянинг расмий ҳукумати таклифига биноан ушбу давлатда бўлиб, бизнинг Суриядаги элчихонамизда бўлиб туришганди. Улар расмий ҳукумат томонидан таклиф этилиб, қонуний тарзда эди фаолиятлари. Лекин шунга қарамасдан сионистик тузум 5 та ёки 6 та ракета воситасида бизнинг маслаҳатчиларга, яъни улар жойлашган элчихона биносига ҳужум қилди. Бу билан халқаро қонунларни, жумладан, дипломатик алоқалар тўғрисидаги Вена конвенсиясини қўпол тарзда бузди. Бугунги кунга қадар умумий қурбонлар сони 13 кишига етди.

— Хабарларда Эрон консуллиги ёнидаги бино дейилган, ҳақиқатан шундайми ёки тўғридан тўғри консуллик биносига ракета зарбаси берилганми?

— Бош консуллик билан консуллик фарқ қилади. Одатда бош консуллик биноси алоҳида бўлади, лекин консуллик биноси алоҳида бўлмайди, бўлса ҳам, элчихона таркибида бўлади. Зарба берилган бино Эрон консуллиги биноси эди, у эса элчихонанинг бир бўлаги ҳисобланади. Алоҳида бино эмас, айнан Эрон элчихонасига тегишли ҳудуд эди.

Шуни ҳам айтиб ўтмоқчиманки, сионистик тузум тарихда биринчи марта дипломатик ваколатхона биносига атайлабдан ва энг замонавий ракеталарни қўллаган ҳолда ҳужум қилди. Уларнинг ушбу жинояти турли халқаро ташкилотлар ва турли давлатлар томонидан қораланди. Бу ҳужум, албатта, жавобсиз қолмайди. Эроннинг жавоби қатъий ва кучли бўлади. Эроннинг ушбу ҳодисага жавоби оқилона бўлади, яъни халқаро қонунларга ва ўз-ўзини ҳимоя қилиш қонунига асосланади.

— Бугунги Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари фонида Эрон ғазоликларни қанчалик амалий қўллаяпти?

— Эрон Ислом Республикаси асосчиси Оятуллоҳ Ҳумайний ташаббуси билан ҳар йили Рамазон ойининг охирги жума кунида Халқаро Қуддус куни эълон қилинган, мана 45 йилдан буён дунё мусулмонлари бу кунни нишонлаб келишяпти.

Исроил аввал бошида тарихий Фаластин ерларнинг бор-йўғи 1 фоизини эгалик қилар эди. Шу кунга қадар Фаластин халқини қирғин қилиш, уларни қочоқларга айлантириш оқибатида ушбу тарихий заминнинг 95 фоизини эгаллаб олган. Мана шу ўтган давр мобайнида 100 мингдан ортиқ фаластинлик сионистик тузум томонидан қурбон қилинди ва 7 миллион фаластинлик қочоққа айлантирилди.

Мана шу ўтган бир неча ой давомида Ғазо минтақасида ҳалок бўлган фаластинликларнинг 70 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. Бугунга келиб жаҳоннинг аксарият аҳолиси, аксар жамиятлари сионистик тузумнинг Фаластин халқига нисбатан жиноятларини қораламоқда.

Саволингизга тўғридан тўғри жавоб берсам. Эроннинг Ғазо минтақаси аҳолисига кўрсатган асосий ёрдами Фаластин халқига, жумладан, Ғазо минтақаси халқига бу вазиятни тўғри ёритиш. Кўпчилик Эрон Ғазога ракеталар юборяпти, деб айтишади. Бунинг имкони йўқ. Ғазо минтақаси ўраб олинган, қамалда қолган жой ҳисобланади. Ракета тугул бошқа нарсани етказиб бериш ҳам жуда қийин иш. Исроил ҳам бизнинг элчихонамизга биз Ғазога қурол-яроғ етказиб берганимиз учун эмас, балки биз вазиятни матбуотда дунёга очиқ ёритганимиз учун зарба берди.

70 йилдан буён Фаластин халқи ўз озодлиги учун, юрти учун курашиб келяпти. Охирги кураш ҳам худди мана шу Фаластин халқининг 70 йиллик курашининг давоми ҳисобланади. Эрон Ислом Республикаси, таъкидлаб ўтганимдек, ушбу вазиятни ёритиш, ҳақиқатни очиб бериш нуқтайи назаридан катта ёрдам бериб келмоқда.

Эрон Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминланишини, Фаластин заминида адолат ўрнатилишини талаб қилади. Бизнинг асосий ёрдамимиз ҳам шундан иборат. Агар бугунги кунда дунёда халқаро ташкилотларда Исроилни қоралашётган бўлса, Исроил танқид қилинаётган бўлса, билингки, бу биз каби давлатларнинг хизмати ҳисобланади. Бугунги кунда дунё ахборот оммасининг, дунё жамиятларининг Исроилга нисбатан, сионистик тизимга нисбатан қараши ўзгарадиган бўлса, бу ҳам бизнинг хизматимиздан.

Албатта, биз фақатгина сиёсий соҳадаги гапларнинг ўзи билан эмас, балки моддий жиҳатдан ҳам Фаластин халқига ёрдам кўрсатдик ва кўрсатиб келмоқдамиз. Жумладан, турли бошқа давлатлари орқали инсонпарварлик ёрдамлари кўринишда.

— Тўлдирувчи савол бермоқчи эдим, балки қўполроқ туюлар. Эроннинг сиёсий қўллаб-қувватлови ҳақида ҳам айтдингиз, бу ерда ҳарбий ёки қурол-яроғ етказиш билан боғлиқ ёрдамлар ҳам назарда тутилганми?

— Шу ўринда сизга қарши савол бераман мен ҳам. Фаластин халқи биргина Рафаҳдаги ўтиш пункти орқалигина ташқи дунёга чиқа олади ва қайтиб киролади. Ҳозирги кунда мана шу биргина йўл ҳам қисқариб қолган. Озиқ-овқат, эҳтиёжи учун энг зарур дори-дармонларни, тиббий жиҳозларни олиш учун битта йўл шу – Рафаҳ чегара ўтказиш пункти. Мана шу кичкинагина, зўрға озиқ-овқат олинаётган жойдан қанақа қилиб қурол-яроғ киргизиш мумкин? Бундай хабарларнинг барчаси туҳмат.

Эрон Ислом Республикасига медиа соҳасида, сиёсий соҳада, айтайлик, ҳақиқатни ёритиб ҳимоя қилаётганимизнинг олдини олиш мақсадида бизга нисбатан қилинаётган туҳматдан бошқа нарса эмас

Мантиқий савол вужудга келади. Фаластиннинг ўзи армияси йўқ-ку. Ҳарбийлари бормидики, биз ёки бошқалар уларга қурол-яроғ топширсак-да, улар ишлатса. Ғазо минтақаси аҳоли зич яшайдиган масканлардан иборат бўлса, у қуролларни қаерда сақлайдилар. Ғазо минтақаси халқи ўзида бор катта ё кичик воситалар билан, имконияти борича ўзини ҳимоя қиляпти. Агар ташқаридан қурол-яроғ берилганда, қуроллар олиб бўлганида эди, бунчалик қурбон бермаган бўларди Ғазо халқи. Фаластин халқи бугун душманга қарши бўш қўли билан курашяпти. Оддий озиқ-овқатга, дори-дармонга рухсати бўлмаган Фаластин халқи қанақа қилиб қурол-яроғга рухсати бўлиши мумкин.

Сионистик тузумнинг ўз вакиллари айтишадики, бу Ғазо минтақасида исроилликларга қарши курашаётган гуруҳ аъзолари 2 мингдан 7 минг нафаргачани ташкил этади. Аммо Фаластин халқининг кучи фақатгина манба бу 2 минг ёки 7 минг нафар жангчида эмас. Балки бутун Фаластин халқининг ўз иродасида. Бор-йўғи 2 мингдан 7 минг нафаргача бўлган гуруҳ аъзолари қудратли ҳарбий кучга эга давлатни шунчалик саросимага солиб қўйган экан, бу халқ иродасини, кучини кўрсатади.

Бугунги кунда Исроилда турли маълумотларга кўра, 400 тадан 900 тагача бўлган ядро каллаги мавжуд ва минтақадаги энг кучли ҳарбий қудратга ҳам эга. Лекин мана шунча қудратга қарамасдан, бир гуруҳ қаршисида дош бериши жудаям қийин бўляпти. Демакки, сионистик тизим ўз моҳиятига кўра унча кучли эмас

— Ўтган йиллар давомида араб давлатлари, Кўрфаз давлатлари Қуддус, Фаластин учун Исроил билан бир қанча урушлар қилган ва тарихий масъулият шаклланган эди. Лекин бу сафар аниқ бир реал қадамлар кўринмаяпти. Бирдамлик йўқлигининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

— Бугун фақат араб халқлари эмас, балки дунёдаги барча халқлар Исроил режимининг жиноятчилиги, геноцид уюштираётгани тўғрисида бир хил фикрда. Иккинчи томондан Исроилни ҳам қўлловчи давлатлар бор, унинг ҳам ҳомийлари бор. Бирор бир халқ, жамият шифохона бомбардимон қилинишини маъқулламайди, хоҳ мусулмон, хоҳ номусулмон – фарқи йўқ бунинг.

Бу ердаги асосий муаммо ҳатто яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасида ҳам эмас. Яҳудийлар ва мусулмонлар ўртасида муаммо йўқ. Муаммо шундан иборатки, Америка ва Британия яҳудийлар давлатини сунъий равишда Яқин Шарқда қуришди. Бундан асосий мақсади – минтақада нотинчлик ва беқарорлик келтириб чиқаришдан иборат эди.

— Сўнгги вақтда Қўшма Штатларда ҳам мустақил Фаластин давлатини яратиш ҳақида сўзлар айтила бошланди. Яқин келажакда мустақил Фаластин давлати ташкил топиши истиқболи бўйича фикрингиз қандай?

— Биз 45 йил олдин ҳам Фаластин масаласи бўйича Эрон Ислом Республикасининг позициясини билдирган пайтимизда буни қанақадир ҳиссиётларга асосланган ҳолда эмас, балки мантиққа асосланган ҳолда билдирганмиз. Бу ерда бир нечта принцип бор.

Биринчидан, дунёдаги бошқа халқлар каби Фаластин халқи ҳам ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга ва улар ўзи истаган давлатини тузмоқчи. Бир давлатда ҳам ҳар хил диндаги, миллатдаги халқлар бўлади, лекин ўз давлатини тузиб яшашади. Мисол, Ливанда ҳам битта миллат яшамайди, турли халқлар бор, турли конфессиялар, турли динлар, лекин битта давлат тузиб яшаяпти улар. Иккита давлат – иккита халқ принципидан фарқли равишда, бизнинг позициямиз: Фаластинда битта давлат тузилиши керак. Фаластин заминида яшовчи барча халқлар: араблар, яҳудийлар ва бошқа халқлар ҳаммаси биргаликда референдум ўтказиб, ўзларига маъқул келган давлат шаклини танлаб биргаликда яшасин. Эрон Ислом Республикаси позицияси шундан иборат.

— Эрон Ямандаги ҳусийчилар, Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва Ғазодаги ҲАМАС ҳаракатларини қўллайди дейилади. Бу қанчалик асосли?

— Демократия тўғрисидаги баҳслар бўйича бир нуқтаи назар. АҚШ ёки Европанинг ўзи учун демократия бўлса – яхши. Лекин, айтайлик, Яман халқи демократия талаб қилса, қўйишмайди. Улар ўз нуқтайи назарини шунчаки билдириб қўймайди, балки мажбурлаб ўтказишга ҳаракат қилишади. Эрон ҳусийларни қўллаб-қувватлаяпти, фақат қайси маънодаки, биз уларнинг ўз тақдирини ўзлари белгилашга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки ҳақиқатан ҳам Яман халқи жуда узоқ йиллардан бери зулм остида яшарди, у ердаги ҳукумат Америка томонидан ўрнатилган қўғирчоқ ҳукумат эди. Ўша ҳукумат ҳозир кетди, халқнинг ўзи саҳнага чиқди. Улар ҳар куни намойишлар қилиб, жаҳон ҳамжамиятига биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилашни хоҳлаймиз, деяпти. Шундай экан, нега энди биз уларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини қўлламаслигимиз керак.

— Қўллов фақат ғоявий тарздами ёки реал воситалар орқали қўллов ҳам мавжудми?

— Яман халқи бошида кўчага чиқишди: бизга нон беринглар, бизга сув беринглар, бизга тижорат қилиш учун тадбиркорлик қилиш, ривожланиш имконият беринг деб чиқишди. Лекин 7 йил давомида уларни ҳеч ким эшитмади. Балки аксинча ушбу халққа турли қуролларни қўллаган ҳолда ҳужум қилишди, уларни ўлдиришди ва мана шу вақт давомида бирор-бир Эрон самолётини Яманга киргазишмади. Эрон самолёти озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа керакли воситалар олиб бораётганди. Лекин қўйишмади. Хотирам панд бермаса, ҳатто мана шундай самолётлардан бирини ўққа тутишди, самолётга юзта ўқ теккан.

Шулардан келиб чиқиб айтамизки, биз Яманга қурол-яроғ етказмаяпмиз, фақат ғоявий, сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Албатта, айтиб ўтишим керак, у ерда бизнинг ҳарбий маслаҳатчиларимиз фаолият кўрсатяпти, қурол-яроғ эса юборганимиз йўқ. Биз худди мана шунақа шаклда ва мана шунақа форматда биз уларни қўллаб-қувватлаямиз.

— “Ҳизбуллоҳ” масаласида-чи?

— “Ҳизбуллоҳ” масаласида эса шуни айтиб ўтишим керак. Дунёда шунақа тафаккур шаклланганки, баъзи бир давлатлар ёмон нарсани шунчалик қўллаб-қувватлашадики, биз мусулмонлар яхши нарсани қўллаб-қувватлашдан тийиламиз уларга қараб туриб. Америка ёки ғарб давлатлари, жумладан мана Европа давлатлари шунчалик кўп урушлар ташкил қилиб, шунчалик одамларни ўлдиришяпти. Гўёки улар бунга ҳақли, биз ўша ўлдирилган халқларни қўллаб-қувватлашга эса ҳақли эмасмиз. Шунақа бир нотўғри, қанақадир бир аҳмоқона тафаккурни шакллантириб қўйишган.

Яна бир бор айтаман, биз “Ҳизбуллоҳ”га ҳам худди мана шу тарзда ёрдам кўрсатяпмиз, қўллаб-қувватлаймиз. Қурол-яроғ бермаяпмиз. Биз уларни ғоявий қўллаб-қувватлаяпмиз. Оммавий медиа масаласида, ОАВ ва вазиятни тўғри ётиш масаласида биз уларни қўллаб-қувватлаймиз ва худди мана ҳусийлар билан бўлгани каби уларга ҳам бизнинг ҳарбий маслаҳатчиларимиз ёрдам беришяпти. Лекин биз уларга қурол-яроқ бераётганимиз йўқ.

Энди шу ерда битта мантиқий савол туғилади. Ғазо минтақасидаги ҳолат бошлангандан буён АҚШ Исроилга ушбу Ғазо минтақасида уруш олиб бориш учун 7 миллиард доллар қийматдан ортиқ қурол-яроғлар берди. Лекин мана шу муддат ичида Эрон Ғазо минтақаси халқига битта милтиқ ҳам бергани йўқ. Қанақа қилиб бизни қурол етказишда айблашади – ҳайронман.

— Эрон-Саудия рақобатининг илдизи нимада?

— Биз Саудия Арабистони билан рақиб эмасмиз, ўртамизда ҳеч қандай рақобат йўқ. Эрон ва Саудия Арабистони иккита қўшни давлат, иккита мусулмон давлат ва халқаро ташкилотлар доирасида ҳам биз яқин ҳамкорлик қиламиз. Ҳатто Эрон ва Саудия алоқалари энг қуйи даражага тушган пайтида ҳам бу ҳамкорлик йўқолиб қолгани йўқ.

Халқаро майдонда ўз манфаатларимиз бор ва ушбу манфаатларимиз рўёбга чиқариш йўлида турли дўст давлатлар билан ҳамкорлик қиламиз халқаро ташкилотлар доирасида, Саудия ҳам бизнинг яқин дўст ва ҳамкор давлатларимиздан ҳисобланади. Жумладан, мана яқинда президентимиз Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан учрашув ўтказди.

Бу ерда муаммо икки томонлама алоқаларда ҳам эмас. Балки ташқи томондан, жумладан ғарб, жумладан, АҚШ икки томонлама алоқаларда иложи борича кўпроқ муаммо чиқаришга ҳаракат қилишади. Охирги йилларда Эрон ва Саудия Арабистон ўртасида ва Эрон билан бошқа давлатлар ўртасидаги айрим ихтилофларни келиб чиқишига сабаб бўлган нарса ҳам шу. Қайси бир давлат билан муаммо чиққанда уни албатта оқилона ва халқларимиз ўртасидаги мавжуд бўлган дўстона алоқаларга тарихий маданий муштаракликларга асосланган ҳолда ҳал қилишга ҳаракат қиламиз

Биз шундай фикрдамизки, минтақамиз мамлакатлари ўртасидаги алоқалар Америка ёки умуман Ғарб давлатлари томонидан ўртага ташланадиган салбий омиллар таъсирида шаклланмаслиги керак. Ҳозирги президентимиз Саид Иброҳим Раисий жаноби олийлари бошчилигидаги ҳукумат ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш ҳам бу биринчи навбатда қўшни давлатлар билан яхши алоқаларга эга бўлиш.

Эрон халқаро алоқалар фақатгина қўшни давлатлар ёки минтақа давлатлари билан чекланиб қолмайди. Биз халқаро доирада, дунёнинг бошқа қитъаларидаги бошқа давлатлар билан ҳам яхши дўстона алоқалар ўрнатишга, ушбу алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қиламиз. Жумладан, Европа мамлакатлари билан ҳам яхши алоқаларга эга эдик. Фақат бу АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти даврида Америка таъсири остида бу алоқаларга маълум бир таъсир ўтказилди. Лекин барча билан яхши алоқалар ўрнатиш ҳаракат қиламиз.

Америка супер қудрат бўлишга ҳаракат қилади ва бундан фойдаланган ҳолда бошқа давлатларга тажовуз қилишга ҳаракат қилади ва шунинг баробарида биз ҳам супер қудрат бўлишга ҳаракат қиламиз ва бу кучимиздан фойдаланган ҳолда бошқа халқлар билан яхши ҳамкорлик қилишга ҳаракат қиламиз. Яхши мақсадда супер қудрат бўлишга ҳаракат қиламиз. Албатта, бу осон эмас, бунга йўл бермасликка ҳаракат қилишади.

— Эрон ядро дастурининг бугунги ҳолати қандай? Бу лойиҳа Эрон учун геосиёсий мажбуриятми?

— Халқаро қонун-қоидаларда аниқ белгилаб қўйилганки, дунёдаги барча давлатлар тинч мақсадларда ядро энергетикасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Биз ҳам халқаро муносабатлар субъекти сифатида ядро энергетикасидан фойдаланишни ўзимизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз деб биламиз ва бунинг учун ҳаракат қиляпмиз. Эрон ядро қуроли учун ҳаракат қиляпти, дейиш тўғри эмас. Бизнинг ҳарбий доктринамизда ядро қуроли ҳақида гап йўқ. Олий диний раҳбаримиз ҳам бир неча бор айтдики, ядро қуроли ясаш бизнинг мақсадга кирмайди.

Бундан ташқари, Эрон ядро дастури тегишли халқаро ташкилотлар, жумладан, МАГАТЭ томонидан доимий назорат қилиб борилади. Бошқа давлатларнинг ядро дастурлари Эронникичалик кўп назорат қилинмаган. Халқаро атом энергетикаси ташкилоти (МАГАТЭ) Эрон ядро дастури бўйича жами 15 та ҳисобот тайёрлаган. Бу ҳисоботларнинг барчасида Эронда атом бомбаси яратишга интилиш йўқлиги қайд этилган.

Тинч мақсадлардаги ядро энергетикасидан фойдаланиш ҳуқуқимиз бўйича ишлаяпмиз, бундан бошқа мақсадимиз йўқ. Лекин ҳар сафар ўзимизнинг мавжуд ҳуқуқимиздан фойдаланишимиз учун ҳам турли текширувлар ўтказиб, бир баҳона ўйлаб топишади. Охирги марта «олтилик» билан бирга Эрон ядро дастури бўйича келишувга хам эришдик. Бу келишув ўз кучида. Лекин Трамп ҳокимиятга келгач, мен халқаро қонун-қоидаларга ишонмайман деб келишувдан чиқиб кетди.

Жуда ҳам бир қизиқ, кулгили ҳолат бор. Исроилнинг ўзи халқаро атом энергетикаси бўйича ташкилотга (МАГАТЭ) аъзо эмас, лекин 400 тадан 900 тагача ядро каллаклари ишлаб чиқаришган. Мана шу давлат Эроннинг ядро дастури тинч мақсадда эмас деб даъво қиляпти. Бизнинг асосий қудратимиз атом бомбасида эмас, қудратли – Эрон халқида.

— Эрон Ғарб билан яқинлашмаслигининг сабаби нима, ядро дастурими ёки Россия билан муносабатларими?

— Бунинг сабаби жуда оддий, сабаби шуки, Эрон халқининг адолат талаб қилиши, ўз ҳуқуқларини, барча тенг ҳуқуқли бўлишини талаб қилиши. АҚШ ва Европа давлатлари бошқа мамлакатлар уларга иқтисодий, сиёсий, маданий жиҳатдан қарам бўлишини исташади, мустақил бўлишини исташмайди. Улар оддий тушунтиришади: биз биланмисиз ёки бизга қаршимисиз, дея. АҚШнинг ўзи Хиросима ва Нагасакига бомба ташлаган, шубҳа йўқки, агар манфаатлари тўғри келса, ҳозир ҳам ташлайди.

— Россия Украинада Эрон дронларидан фойдаланяпти, деган хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Медиада дрон қолдиқларининг суратлари ҳам тарқалган.

— Илм бир жойда, бир мамлакатда қотиб қолмайди, халқлардан халқларга, давлатлардан давлатларга ўтиб юради. Биз дунёнинг кўпгина давлатлари, Европа билан, жумладан, Россия билан илмий ҳамкорликка эгамиз. Бу ҳамкорликнинг бир қисми ҳарбий техника бўйича бўлиши мумкин. Дронлар ҳақидаги илмини фақат Россияга эмас, бошқа давлатларга ҳам берганмиз. Бизга ҳам бошқа давлатлар ёрдам берган шу каби масалаларда. Украина билан ҳам илмий ҳамкорлигимиз бор, уларнинг самолётсозлик илмидан фойдаланганмиз. Украина халқига ҳеч қандай душманлигимиз йўқ, Украина ҳукумати билан ҳам муаммоларимиз йўқ. Украина ҳукумати ташқи кучлар босими сабаб бу нарсаларни айтаётган бўлиши мумкин. Дронлар бўлаги бўлмаса, бошқа нарсани кўрсатишарди, дейлик, ҳарбий машина. Дронларнинг урушдаги ролини ҳам Эрон билан боғлаб катта масала қилиб кўрсатишяпти, умуман, бу бир баҳона, ҳақиқатга тўғри келмайди. АҚШ Эронга босим қилиш учун турли баҳоналар ўйлаб топяпти. Биз ҳам шундай баҳоналарга қарши курашишнинг турли йўлларини ўйлаб чиқишимиз керак. Рақобат, ўзаро кураш кетяпти, бундай туҳматлар бўлиб туради.

— Эрон учун қайси лойиҳа муҳимроқ: “Бир макон – бир йўл” ёки Халқаро Шимол-Жануб транспорт коридори?

— Ҳар қандай ривожланиш, жумладан, иқтисодий ривожланишда муҳим омиллардан бири транспорт-транзит омили ҳисобланади. Эрон ҳар доим бундай ривожланиш тарафдори бўлган ва шу маънода транспорт-транзит коридорлари кенгайиши тарафдори ҳам. Бу соҳада Эрон ҳеч қачон рақобтга интилмаган, балки ҳамкорликка интилган.

Ривожланиш учун коридорларга асосий 3 та нарса керак: биринчиси иқтисодий бўлиши керак, иккинчиси барқарорлик ва учинчиси арзон бўлиши керак. Мана шу уч жиҳатни жамлаган коридор энг оптимали бўлади биз учун. Хитой ва Россия томонидан таклиф этилаётган коридорларга рақобат нуқтаи назаридан қарамаймиз, ўзимиз ҳам улар билан рақиб эмасмиз, бундай ҳисобламаймиз. Улар бир-бирини тўлдирувчи бўлиши мумкин. Бу соҳада Хитой ва Россияга рақиб бўлиш ниятимиз ҳам йўқ. Минтақа давлатларимиз, қўшнимиз, барчамиз ШҲТ аъзоларимиз. Бу масалага қанақадир лойқа ранг берадиганлар фақат ташқаридаги кучлардир, жумладан, АҚШ ОАВлари бу масалада қарама-қаршилик, рақобат қидириши мумкин, лекин аслида бундай эмас.

— Бошқа нуқтадан қарасак, қайси лойиҳа Эрон қулайроқ ва фойдалироқ?

— Европа ривожланишига сабаб, улардаги бирлик. Улар рақобат, бир-бирига қарши қандайдир ўйинларга киришмаган. Шунинг учун ҳам улар ривожланиб кетишди.

Коридорлар масаласига келсак, уларнинг қайсидир бирига устуворлик берманан бўлардик, балки бир-бирини тўлдирувчи сифатида қараган бўлардим. «Бир макон — бир йўл» йўл йўлаги ҳам Хитой бошланиб, Марказий Осиёга келганда 2 йўналиш бўйича кетиши мумкин: биринчиси Каспий денгизи орқали, иккинчиси Эрон орқали. Шимол-Жануб коридори ҳам худди шундай. Биз шундай ҳисоблаймиз ва улардан бирига устуворлик бериш фикридан йироқман.

Минтақа давлатларининг манфаатларидан келиб чиқиб, келишган ҳолда коридор яратиш фойдадан холи бўлмайди. Лекин ташқари кучлар томонидан таклиф этилган лойиҳаларни яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Қайсидир давлат минтамиз давлатлари учун бир неча миллиард долларлик лойиҳв таклиф қилса, аввало ўз манфаатларини ўйлади улар, биз ҳам ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб ўйлаб кўришимиз керак.

— Эрон ва Марказий Осиё муносабатлари, боғлиқлигида Афғонистон омилига ҳам тўхталсак. Минтақа хавфсизлиги борасида Афғонистон келажагини қандай тасаввур қиляпсиз?

— Биринчидан айтиб ўтмоқчиманки, Афғонистон халқи энг бағрикенг, покдомон, хушахлоқ халқ. Бу халқ энг яхши ҳаёт тарзида яшашга тўла ҳақли. Шундан келиб чиққан ҳолда, Эрон Ислом республикаси Афғонистон халқини доим қўллаб келган, ёрдам берган. Бугунги кунда 6 млн афғонистонлик қочоқлар Эронда яшаб турибди, улар Эрондаги таълим, соғлиқни сақлаш, ишлаш имкониятларидан фойдаланишмоқда.

Афғонистон халқига энг катта жабр-зулм етказган АҚШ бўлади. Улар турли ёлғон баҳоналар билан бу халқнинг кўп одамларини ўлдирди, худди Ироқда бўлгани каби, у ерда ҳам жуда кўп бегуноҳ одамлар ўлимига саьабчи бўлган эди. АҚШнинг Афғонистонга қилган ёмонликларидан бири шу бўлдики, улар Афғонистонни турли террористик ташкилотлар йиғиладиган марказга айлантириб қўйди. Бу нарса шунга олиб келдики, Афғонистондан келиб чиқадиган одам савдоси, наркотиклар савдоси, қурол-яроғ контрабандаси ва террористик гуруҳлар фаолияти унга қўшни бўлган давлатлар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари учун катта хавф туғдиради.

АҚШнинг ўзи шунча жиноятларни қилиб туриб, биз шунча иш қилдик, яна шунча иш қитишимиз мумкин, деб айтади. Ҳатто эшитдимки, уларнинг вакиллари Афғонистондаги вазиятни тўғрилай оламиз, деган гапни ҳам айтишяпти экан. 20 йил давомида тўғрилай олишмаган бўлса, энди бундан бу ёғига нима қилишар эди. АҚШ бу ерда ҳеч нарса қилолмаслигини кўрсатиб бўлди. Вазиятни Афғонистон халқига, минтақадаги қўшни давлатларга қўйиб бериш керак. Улар ҳам бирлашиб вазиятни тўғрилашга ҳаракат қилиб кўришсин.

— Яқин 5 йил ичида Афғонистондаги ҳолатни қандай тасаввур қиласиз?

— Афғонистондаги энг катта муаммо ҳалига инклюзив ҳукумат тузилмагани, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишга эришмагани бўлиб турибди. Иккинчи муаммо эса Афғонистон ҳукуматини эгаллаб турган кучлар давлатдаги террористик гуруҳлар фаолиятига ҳалигача чек қўёлишмади. Бундай террористик гуруҳлар Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларила фаолият олиб боряпти.

Учинчи муаммо эса Афғонистон халқи учун ҳам тинчлик, барқарорликни таъминлай олишмади, аёллар ҳуқуқини поймол қилишди, улар учун мактабларни, таълим муассасаларини ёпиб қўйди. Бундай тафаккур билан бугунги ҳукумат тан олинишга, бирор ютуққа эришади деб ўйламайман. Улар Афғонистон ичида кучга эга бўлиши мумкин, лекин давлат бўлиш учун халқаро даражада тан олиниши керак, уларда эса бу йўқ ҳозир.

— Минтақамизда тинчлик бўлишини, давлатларимиз ўзаро савдо-сотиқни ривожлантирсин. Дунёда, Ғазо минтақасида тинчлик бўлишини тилаймиз. Бугунги ташрифишингиз ва таҳлилий фикрларингиз учун раҳмат.

— Мен ҳам ўз навбатида сизга ва Kun.uz нашрига, шу билан бирга Ўзбекистон халқига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Умид қиламизки, Фаластин халқи ҳам ўз қонуний ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқара олишади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзу
ҲАМАС–Исроил уруши
7 октябр куни Ғазо бўлгасидаги ҲАМАС кучлари Исроилга ёппасига ракета зарбалари берди ва чегарадаги аҳоли пунктларини эгаллай бошлади. Бунга жавобан Исроил ташкилотга қарши уруш очди. Бу сафарги эскалация аввал кузатилмаган даражада кўп қурбонларга олиб келди.
Барчаси
Top