Жаҳон | 17:59 / 14.04.2024
42841
9 дақиқада ўқилади

Исроил жавоб қайтаришни режалаштирмоқда, АҚШ қарши. Сўнгги маълумотлар

Эрон генераллари агар Исроил томонидан жавоб берилса, янада кенг кўламли зарбалар йўллаш билан таҳдид қилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Эрон 14 апрелга ўтар кечаси Исроилга 120 та баллистик, 30 та қанотли ракеталар, шунингдек 170 дан ортиқ дронлар қўллаган ҳолда ҳужум уюштирган, деб хабар берди Исроил мудофаа армияси расмийси Даниэл Ҳагари. Унинг сўзларига кўра, Исроил ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бошқа мамлакатлар, жумладан АҚШ ва Иордания ёрдамида ҳаводаги нишонларнинг қарийб 99 фоиз қисмини тўхтатиб қолган. Ҳагарининг тасдиқлашича, Эрон учирган 30 дан ортиқ қанотли ракеталардан 25 таси Исроил ҳудудига киришидан олдин уриб туширилган, дронлардан ҳеч бири Исроил ҳудудигача етиб кела олмаган. ЦАҲАЛ вакилининг сўзларига кўра, 120 дан ортиқ баллистик ракеталардан «атиги бир нечтаси» Исроаил ҳудудига етиб келган, у мамлакат ҳаво чегарасини бузиб ўтган бундай ракеталар сонига аниқлик киритмаган.

Ҳужум беш соатдан ортиқроқ вақт давом этган. Эрон ҳужуми вақтида Исроил шимоли ва жанубида, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ғарбида ҳамда Иордания билан чегара яқинидаги Негев саҳросини ўз ичига олувчи Ўлик денгиз ҳудудида ҳаво тревогалари янграб турган. Исроил мудофаа армияси Сурия ва Ливия билан чегара яқинидаги Жўлан тепаликлари, шунингдек жанубдаги Неватим, Димона ва Эйлат шаҳарлари аҳолисидан бошпаналардан чиқмасликни талаб қилган. Димонада Исроилнинг асосий ядровий объекти, Неватимда — йирик авиабаза жойлашган. Ҳужум вақтида Қуддусда ҳам портлаш овозлари эшитилди, ижтимоий тармоқларда «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими Қуддуснинг эски шаҳар қисмидаги Ибодатхона тоғи ҳудудида ишлаётгани акс этган кадрлар тарқалди.

Эроннинг ракета ҳужуми оқибатида Негев саҳросидаги Неватим авиабазаси бироз шикастланган, деб хабар қилган Даниэл Ҳагари. «Эрон базани сафдан чиқариш ва бу орқали бизнинг ҳаводаги салоҳиятимизни кучсизлантиришга умид қилганди, аммо бунга эриша олмади. Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари ҳужум ва мудофаа амалиётларини бажариш учун базадан фойдаланишда давом этмоқда», — деган Ҳагари.

Тахминларга кўра, 1 апрел куни Эроннинг Дамашқдаги дипломатик миссиясига ҳужум қилган самолётлар ушбу авиабазадан парвоз қилганди, ўшанда Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг етти зобити, жумладан икки генерал ҳалок бўлганди. Эрон айнан ўша ҳужумга жавобан Исроилга ҳужум уюштирди.

Эроннинг деярли барча ракеталари ҳали узоқдалигида, Сурия ва Иордания ҳудудларида, жумладан ушбу мамлакатлар пойтахтлари Дамашқ ва Оман ҳудудида уриб туширилган. Иордания ўз ҳаво кенгликларини Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланиши учун очган. Исроил мудофаа армияси маълумотига кўра, Эрондан ташқари Ироқ ва Яман ҳудудидан ҳам ракеталар учирилган, аммо уларнинг ҳеч бири Исроил чегарасидан ўтмагани айтилган. Ливан пойтахти Байрут шаҳри ва бошқа шаҳарлар аҳолиси осмонда ракеталарни кўргани ва портлашларни эшитгани ҳақида хабар қилган, бу катта эҳтимол билан ракеталар ва дронлар тутиб олиниши вақтида рўй берган. Қароргоҳи Лондонда жойлашган «Сурия инсон ҳуқуқларини мониторинг қилиш маркази» хабар қилишича, Сурия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Исроил ва иттифоқчилари Эрон ракеталарини тутиб олиши жараёнига тўсқинлик қилишга уринган.

Бундан ташқари, 14 апрел тонгида Ливан ҳудудидан ўнлаб ракеталар учирилган, ЦАҲАЛ маълумотига кўра, бу ҳужум оқибатида жароҳатланганлар йўқ. «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг Жўлан тепаликларидаги ҳарбий объектига ҳужум қилгани ҳақида хабар берган (бу ҳужумдан қандай зарар етказилгани ҳақида маълумот йўқ). Исроил самолётлари бунга жавобан «Ҳизбуллоҳ»нинг бутун Ливан бўйлаб позицияларига зарба берди. Ливан нашрларига кўра, Исроил мамлакат жанубидаги ҳудудларга авиазарбалар йўллаган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрон ҳужумидан кейинги илк баёнотида ҳужум қайтарилгани ҳақида расман маълум қилди. «Биз тутиб қолдик. Биз блокладик. Биргаликда ғолиб бўламиз», — дея ёзган у X (собиқ твиттер) тармоғидаги саҳифасида. Исроил мудофаа армияси 14 апрел тонгида мудофаа амалиёти давом этаётгани, ҳарбийлар навбатдаги ҳужумларга тайёр эканини хабар қилди.

Эрон ҳужуми оқибатида ёш қиз оғир яраланган, деб хабар берган ЦАҲАЛ вакили. ОАВда тарқалган дастлабки хабарларда бу ўн ёшли ўғил бола экани айтилганди, аммо кейин расмийлар бу етти ёшли қиз  экани ҳақида хабар олди. ОАВ маълумотига кўра, у Исроил жанубида бадавийлар яшовчи Арада шаҳри ҳудудига ракета парчалари тушиши оқибатида жароҳатланган

Исроил Тез ёрдам хизмати («Маген Давид Адом») маълумотига кўра, ҳужум туфайли 31 киши ёрдам сўраб мурожаат қилган, улар бомбапанагоҳга бориш чоғида енгил тан жароҳатлари олишган ёки стрессни бошдан кечирган.

Ёпирилма ҳужумни қайтаришда АҚШ, Буюк Британия ва Франция кучлари ҳам иштирок этди, деб хабар қилди ЦАҲАЛдагилар. АҚШ президенти Жо Байден Вашингтонда Америка қўшини Исроилга «деярли барча» дронлар ва ракеталарни уриб туширишда ёрдам кўрсатганини айтди. Байден АҚШ ўтган ҳафтада Исроилни қўллаб-қувватлаш учун самолётлари ва эсминецларини Яқин Шарққа олиб борганини маълум қилган. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин эса Америка кучлари «Эрон, Ироқ, Сурия ва Ямандан учирилган ҳамда Исроил томон бораётган ўнлаб дронлар ва ракеталарни тутиб олгани»ни айтган. CNN маълумотига кўра, АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 70 дан ортиқ пилотсиз учиш қурилмалари ва камида учта баллистик ракетани тўхтатган.

Исроил ҳукумати Эронга жавоб ҳужумини амалга оширишга тайёрланмоқда, аммо бу қандай кўламда бўлиши — ҳозирча номаълум. CNN телеканали исроиллик аноним мулозимлардан бирига таяниб хабар беришича, жавоб вариантлари бугун Исроил ҳарбий кабинети йиғилишида муҳокама қилинади.

Ynet нашри ёзишича, эҳтимолий сценарийлардан бири Эрон ядровий объектларига «зарар етказиш» бўлиши мумкин. Шу билан бирга, манбанинг айтишича, ҳозирда исроиллик ҳарбийлар ва сиёсатчилар вазиятни кескинлаштирмайдиган жавоб ишлаб чиқиш устида ишламоқда. Портал АҚШ ҳам Исроилни Эронга ҳужум қилмасликка ундаётганини қўшимча қилган. Аввалроқ Axios ўз манбасига таяниб АҚШ Исроилнинг Эронга ҳар қандай қарши ҳужумини қўллашдан бош тортиши ҳақида хабар берганди. Нашр маълумотига кўра, Жо Байден бу ҳақда 14 апрелга ўтар кечаси ўтказилган телефон мулоқоти чоғида Бинямин Нетаняҳуга маълум қилган. Вашингтон Исроилни Эронга жавоб зарбаси ҳақида олдиндан огоҳлантиришни сўраган.

Эроннинг ҳужуми кутилаётган вақтда Исроилда мактабларда дарслар бекор қилинган, шунингдек кўпчилик бўлиб йиғилишга чекловлар ўрнатилганди. Ҳужум бошланганида Исроил ўз ҳаво кенгликларини ёпди ва фақат эрталабки соат 7 га келиб бу чеклов бекор қилинди. Бутун мамлакат бўйлаб жамоат бомбапанагоҳлари очиқ қолмоқда.

Эрон Исроилни тунги ҳужумдан кейин бундан ҳам кенгроқ кўламда ҳужум қилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бу ҳақда хабар берган Reuters агентлигига кўра, Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал-майор Муҳаммад Бағирий давлат телевидениесига берган интервюсида айтиб ўтган. «Агар Исроил Эронга жавоб чораларини амалга оширгудек бўлса, бизнинг жавобимиз янада кенгроқ кўламда бўлади», — деган Бағирий. У Эрон тунги ҳужум вақтида Исроилнинг иккита ҳарбий базасига зарба берганини айтган. «Бизнинг амалиётимиз якунланди ва биз уни давом эттирмоқчи эмасмиз», — деган у. Бағирий Теҳрон Швейцария орқали АҚШни агар Вашингтон Исроилнинг жавоб зарбасига ёрдам бергудек бўлса, Американинг минтақадаги базалари ҳарбий нишонга айланиши мумкинлигидан огоҳлантиргани ҳақида айтган. Ундан аввалроқ Эроннинг БМТдаги миссияси АҚШни можародан «нарироқ бўлиш»га чақирганди.

Associated Press гувоҳларга таяниб хабар беришича, Эрон пойтахти Теҳронда якшанба куни эрталабдан бензин қуйиш шохобчаларида улкан навбатлар ҳосил бўлган.

Жаҳоннинг етакчи мамлакатлари БМТда Эрон ҳужумини қоралади. Франция Эрон «ҳарбий эскалация келтириб чиқариши мумкин бўлгани»ни билдирди, Буюк Британия ҳужумни «мулоҳазасизлик» деб атади, Германия эса Эрон ва унинг тарафдорлари «зудлик билан бас қилиши лозимлиги»ни уқтирди. Хитой томонларни «хотиржамлик ва вазминликни сақлаш»га чақирган. Россия «минтақадаги яна бир эскалация хавфидан хавотир билдирган».

Исроил Эрон ҳужуми туфайли БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирган. Учрашув Ню-Йорк вақти билан соат 16:00 да (Тошкент вақти билан 15 апрел куни 01:00 да) бошланади.

Мавзуга оид