20:48 / 15.04.2024
13833

Тянанмэн майдони воқеаларига 35 йил бўлди. Фотосуратлар

Пекиндаги майдонда намойишлар 1989 йил 15 апрелидан 4 июнга қадар давом этган, кейин шафқатсизлик билан бостирилган.

1989 йил 15 апрел куни бир миллиондан ортиқ талабалар ва ишчилар Пекиндаги Тянанмэн майдонига чиқишади, бу ерда коммунистик Хитой тарихидаги энг йирик сиёсий норозилик акцияси бошланади. Намойишлар бир ярим ой давом этади ва 3 июн куни қонга ботирилади. Фото: AFP

1989 йил апрелида демократик бошқарув тарафдорлари бўлган миллиондан ортиқ киши Тянанмэн майдонини эгаллаган ва коммунистик Хитой тарихидаги энг йирик намойишларни бошлаганди. Бу бир ярим ой давом этади.

3 июн куни кечқурун майдонга танклар кириб келади, ҳарбийлар қуролсиз намойишчиларни ўққа тутади. Майдонда ва унинг атрофидаги ҳудудларда кўплаб одамлар ҳалок бўлади ёки яраланади.

Кейинроқ мамлакат ҳукумати майдонда бирор киши ҳалок бўлмаганини маълум қилади. Амалда эса, турли баҳоларга кўра, бир неча юздан бир неча минггача киши ҳалок бўлганди.

Намойишлар бошланганида майдонда палаталар шаҳарчаси пайдо бўлганди. Фото: Getty Images
Тянанмэндаги намойиш иштирокчилари тўхтовсиз ошиб боради, намойишлар бошқа шаҳарларга, шунингдек мамлакатдаги университетларга ҳам тарқалади. Фото: AFP
Тянанмэн майдонига йиғилган талабалар, ишчилар ва давлат идоралари хизматчилари эркинлик ва демократия ҳамда диктатурани йўқотиш бўйича талабларни билдиришади; яна бир тоифа эса инфляция ва яшаш шароитлари оғирлигидан шикоят қилади.
Фото: Getty Images
Ўшанда ўн минглаб талабалар шаҳар расмийларининг тақиқига қарамасдан Пекин майдонидаги Катта халқ саройи олдида тўпланади. Улар ҳукумат вакилларига ўз талаблари изҳор этилган петицияни топшириб, бош вазир Ли Пен билан учрашиш истагини билдиришади. Фото: AFP
Хитой компартияси бош котиби Чжао Цзян одамларни сўнгги бор муросага чақириш учун майдонга ташриф буюради. Унга намойишлар борасида қатъий позиция танлаган бош вазир Ли Пен ҳамда Вэн Цзябао ҳамроҳлик қилади (у кейинчалик 2002 йилда бош вазир бўлган). Чжао Цзян талабаларга қарата шундай деганди: «Биз жуда кечикдик». Бу унинг сўнгги баёнотларидан бири бўлганди. Намойишлар бостирилгач у барча лавозимларидан маҳрум бўлади, партия марказий қўмитаси уни намойишчиларни қўллашда ва партиядаги бўлинишда айбдор деб топади. У кейинроқ уй қамоғига ҳукм қилинади. Фото: AFP
20 май куни Ли Пен Пекиннинг айрим туманларида комендантлик соати жорий этади. Шаҳар марказига қўшинлар олиб келинади. Фото: AFP
Аскарларга шаҳар аҳолисини ўққа тутмаслик бўйича буйруқ берилади. Кўплаб кўчаларда баррикадалар ўрнатилганди. Фото: AFP
Кейинги ҳафталарда Тянанмэн майдонида намойишлар давом этади, ҳукумат вакиллари эса улар билан учрашишга келмайди. Фото: Getty Images
Хитой халқ озодлик армияси аскарлари Пекин марказини ўраб олишади. Шаҳар аҳолиси кўчаларни тўлдириб, баррикадалар ўрнатиб, уларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилишга уринади. Фото: Getty Images
4 июнга келиб армия Пекинни тўлиқ назорат қилаётганди, аммо Тянанмэн майдонидаги талабалар тарқалмайди. Ушбу суратда танк колоннаси қаршисига чиққан инсоннинг тақдири номаълум. Фото: AP
Июн ойи бошида ҳам майдон одамлар билан лиқ тўла эди. 4 июн куни намойишлар қонга ботирилади. Фото: AFP
Top