Ўзбекистон АҚШнинг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қора рўйхатидан чиқарилди
Бунга Ўзбекистондаги интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қўллаш билан боғлиқ ижобий ўзгаришлар сабаб бўлгани келтирилади. Бу “қора” рўйхатга яна 7 та давлат киритилган, улар орасида Хитой ҳам бор.
АҚШ савдо вакиллиги идораси интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва қўллаш бўйича 2024 йил учун “Махсус 301-ҳисоботи”ни эълон қилди.
Ҳисоботда айтилишича, идора Ўзбекистонни ўзининг кузатув рўйхатидан (Watch list) чиқарди. Сабаби мамлакатда интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва қўллаш билан боғлиқ узоқ муддатдан бери давом этиб келаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича барқарор ўзгаришлар бўляпти.
“Масалан, Божхона кодексига ўзгартириш киритилиб, контрафакт импорт ва экспорт маҳсулотларни олиб қўйиш, уларни ушлаб туришга оид ex officio ваколати белгиланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон интеллектуал мулк соҳасига юқори даражада сиёсий эътибор қаратиб келмоқда. Ўзбекистон "АҚШ-Марказий Осиё” савдо ва инвестициялар бўйича асосли келишув доирасида Интеллектуал мулк йўналишида ишчи гуруҳини қўллаб-қувватламоқда ва унинг ишларида қатнашмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Таъкидланишича, АҚШ савдо вакиллиги идорасининг бу йилги ҳисоботи 100 дан ортиқ савдо ҳамкорларига оид тадқиқотлар ва улар билан кенгайтирилган даражадаги ҳамкорликдан сўнг хулосавий шаклда тайёрланган.
Ташкилот Ўзбекистон билан бирга Доминикан Республикасини ҳам кузатув рўйхатидан чиқарди.
Ҳисоботда қайд этилишича, Россия-Украина уруши давом этаётгани сабаб Украинани кузатув рўйхатидан чиқариш кечиктирилди.
Шунингдек, кузатув рўйхатига 7 та давлат жойлаштирилган. Рўйхатга кирган давлатлар қаторида Хитой ҳам бор. Агентликнинг қайд этишича, бунга сабаб Хитойда интеллектуал мулк қонунчилигини қўллаш ва ҳимоя қилиш борасида жиддий хавфлар мавжуд. Шунингдек, Аргентина, Чили, Ҳиндистон, Индонезия, Россия ва Венесуэла ҳам рўйхатга киритилди.
Маълумот учун: АҚШ Ташқи савдо агентлигининг “Махсус 301-ҳисоботи” дунё миқёсида интеллектуал мулк қонунчилигини қўллаш ва унинг ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ҳолатнинг глобал шарҳи ҳисобланади. У бошқа мамлакатлардаги муаллифлик ҳуқуқи, патентлар ва савдо белгилари каби интеллектуал мулк қонунлари туфайли Қўшма Штатлар компаниялари ва маҳсулотларига савдо тўсиқларини белгилайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 5 та қонун Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштирилгани, ўзгаришларнинг катта қисми интеллектуал мулк соҳасига тааллуқли экани маълум қилинганди. Хусусан, Ўзбекистон фуқаролари ва норезидентлар учун патент божи тенглаштирилган.
Мавзуга оид
12:54
Тоза ҳаво ва саломатлик учун – Калифорния штати 2035 йилдан фақат электромобиллар сотувига рухсат беради
11:59 / 22.12.2024
Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида АҚШ билан баённома имзолади
11:30 / 21.12.2024
Қўрқмас жангчи – Саддам Ҳусайннинг набираси америкалик аскарларга қарши қандай жанг қилганди?
19:29 / 20.12.2024