18:14 / 30.04.2024
4104

Анор етиштиришдан бўёқ ишлаб чиқаришгача – давлат ташкилотларининг носоҳавий активлари

Бир қатор давлат ташкилотлари ва банклар ўз фаолият турига алоқадор бўлмаган корхоналарда улушдор ҳисобланади. Улар орасида анорчилик, минерал сув қадоқлаш, уй қуриш, стоматологлик, бўёқлар ишлаб чиқариш каби фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам бор. Янги хусусийлаштириш дастурига кўра, бундай корхоналар сотувга қўйилади.

Ўзбекистондаги қатор давлат ташкилотлари ўзларининг асосий фаолият тури ҳисобланмаган тармоқларда ташкил этилган корхоналарда ҳам улушдор ҳисобланади.

Анор етиштирувчи маънавиятчилар

Маънавият ва маърифат марказининг Фарғона вилоят бўлими 2018 йилда ташкил этилган “Фарғона анорчилик” МЧЖнинг 86,9 фоиз улушига эгалик қилади.

Радиоэшиттириш билан шуғулланувчи “Ўзбекистон темирйўллари”

“Ўзбекистон темирйўллари” 2007 йилнинг 17 майида ташкил этилган, тошкўмир қазиб олиш билан шуғулланувчи “Шарғун кўмир” АЖ ва “Бойсункўмир” МЧЖга эгалик қилади.

Устав фонди 400 минг доллар бўлган яна бир ташкилот –”Giraffe crane” МЧЖнинг ҳам 25 фоиз улуши “Ўзбекистон темирйўллари”га тегишли. Фарҳод Мирханов раҳбарлик қилаётган жамият 2017 йил 13 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Фаолият тури – радиоэшиттириш.

Шунингдек, темирйўлчилар турар жой биноларини қуриш билан шуғулланувчи “Янги замон бино” МЧЖда қарийб 50 фоиз улушга эга.

Тиббиёт билан шуғулланувчи – энергетиклар

2004 йилнинг 17 сентябрь куни рўйхатдан ўтказилган “Фарғона шифобахш суви” МЧЖнинг 49 фоиз улушига “Иссиқлик электр станциялари” АЖ эгалик қилади.

“Стоматолог” – суғуртачилар

Стоматология соҳасида фаолият олиб борувчи “Камелот мед сервис” МЧЖнинг 100 фоиз улушига “Ўзагросуғурта” АЖ эгалик қилади.

Иррационал ишлар билан шуғулланишда давлат банклари анчайин фаол. Масалан, “Ўзсаноатқурилишбанк” яшашга яроқсиз жойларни ижарага бериш ва бошқариш билан шуғулланувчи “Kattakurgan business services” МЧЖда 33 фоиз улушига, бўёқлар ишлаб чиқарувчи “Parizod mexr and capital” МЧЖнинг 99,7 фоиз улушига, металлга ишлаб бериш билан шуғулланувчи “Penoplast surkhon and capital” МЧЖда 100 фоиз улушга эга.

“Миллий банк” эса спорт соҳасида иш юритувчи “Invest group centre” МЧЖ ва Хива плаза меҳмонхонасининг100 фоизлик улушдори ҳисобланади.

Шунингдек, “Алоқабанк” биотехнологиялар соҳасидаги фаолият юритувчи “Bioazot IGBR” МЧЖнинг 98,2 фозига, Агробанк “Чотқол МЧЖ”нинг 12,5 фоиз улушига эгалик қилади.

26 апрел куни имзоланган “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори билан, юқоридаги корхоналарда мавжуд бўлган давлат улушини оммавий савдоларга чиқариш кўзда тутилган.

Ҳужжат асосида, жами 247 та корхонадаги давлат акция пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объекти савдоларга чиқарилиши кутилмоқда.

Top