13:55 / 30.04.2024
3174

АҚШда МХА собиқ ходими Россия фойдасига жосуслик қилгани учун 21 йилга қамалди

Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Далке ўзини рус агенти билан ёзишяпти деб ўйлаган, бироқ кейинчалик махфий маълумотларни узатган суҳбатдоши ФТБ агенти бўлиб чиқди.

Фото: Patrick Semansky/AP/picture alliance

Қўшма Штатларда Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА)нинг собиқ ходими Жаре Себастян Далке Россия разведкаси ходимига миллий хавфсизлик ҳақида махфий маълумотларни (National Defence Information, NDI) узатишга урингани учун деярли 22 йил (262 ой) қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда 29 апрел, душанба куни АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.

Суд ҳужжатларига кўра, Далке 2023 йилда махфий, ошкор этилмаган маълумотларни хорижий агентга узатишга уриниш бўйича олтита айбловни тан олди. 

Пресс-релизда айтилишича, 2022 йил 6 июндан 1 июлгача эркак МХАда ахборот тизимлари хавфсизлиги архитектори сифатида ишлаган. Бироқ, Далке 2022 йил августидан сентябргача шифрланган электрон почта ҳисобидан учта махфий ҳужжатдан кўчирмаларни Россия агенти деб ҳисоблаган шахсга юбориш учун фойдаланганини тан олди. Бироқ, у одам Федерал тергов бюроси (ФТБ)нинг махфий ходими бўлиб чиқди. 

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, кўчирма олинган учта ҳужжатнинг барчасида миллий хавфсизлик бўйича махфий маълумотлар мавжуд бўлиб, улар ўта махфий/махфий маълумотлар (SCI) сифатида таснифланган ва Далке томонидан МХАда ишлаган вақтида олинган.

Тахминан 2022 йил 26 августда Далке ўзида мавжуд бўлган барча маълумотлар учун 85 000 доллар сўраган. ФТБнинг махфий агенти билан гаплашар экан, у Вашингтондаги офисига қайтиб келганида янги маълумотлар билан бўлишишга ваъда берган. 

Денвердаги поезд станциясида махфий маълумотларни топшириш 

Далке ўзида бўлган қўшимча махфий маълумотларни Денвер марказидаги Union Station станциясида эҳтимолий рус агентига топшириш ҳақида келишиб олган. АҚШ Адлия вазирлиги баёнотида айтилишича, ноутбук ва ФТБнинг махфий ходимидан олган кўрсатмаларидан фойдаланиб, эркак унга бешта файлни берган, улардан тўрттасида миллий хавфсизлик бўйича ўта махфий маълумотлар мавжуд бўлган.

Охирги файл рус тилида ва кирилл алифбосида ёзилган «Дўстларим!» деган сўзлар билан бошланган хат эди. Мактубда шундай дейилган: «Ниҳоят, сизга ушбу маълумотни тақдим этишдан жуда мамнунман... Дўстлигимиз ўзаро манфаатли бўлишини интиқлик билан кутаман. Агар керакли ҳужжатларни топиш керак бўлса, менга хабар беринг, мен буни бош офисимга қайтганимда амалга оширишга ҳаракат қиламан». 

ФТБ Далкени 2023 йил 28 сентябрда, бу файлларни топширганидан бир неча дақиқа ўтиб ҳибсга олди. «Ушбу ҳукм мамлакатимизга хиёнат қилишга уринганлар ўз жинояти учун жавоб беришини кўрсатади», — деди бош прокурор Меррик Гарленд. 

Top