07:39 / 01.05.2024
956

Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига қарши чоралар кучайтирилмоқда

Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ваколати Миллий гвардия бўлинмалари билан бир қаторда ички ишлар органларига ҳам берилмоқда.

Фото: Senat.uz

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2021–2023 йилларда 239 та ҳолатда мамлакат ҳудудига қиймати қарийб 2 млрд сўмлик 300 мингдан ортиқ пиротехника буюмларини ноқонуний олиб кириш ҳолатлари аниқланган.

Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар ва рейдлар давомида 42 миллиондан ортиқ пиротехника буюмлари олиб қўйилган.

Бугунги кунда мамлакатда пиротехника буюмларининг қонунга хилоф равишдаги муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасида жавобгарлик чоралари белгиланган бўлса-да, мазкур модданинг диспозициясида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласини ташкил этувчи ижтимоий хавфли қилмиш учун бир хил жавобгарлик белгиланган, яъни пиротехника буюмларидан ноқонуний фойдаланиш, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган жойларда сақлаш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш ёхуд Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш ёхуд ўтказиш учун бир хил жарима белгиланган.

Мазкур тоифа ҳуқуқбузарлик содир этилганда хавфли қилмишни келтириб чиқарган оқибатлар ҳисобга олинган ҳолда жазо тайинланмаслиги бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз самарасини бермаяпти.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасида белгиланган ҳуқуқбузарлик белгиларининг ҳар бирини алоҳида қисмларга ажратган ҳолда ҳар бир қилмиш учун алоҳида санкциялар белгиланмоқда, яъни мазкур модданинг биринчи қисмида пиротехника буюмларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун, иккинчи қисмида уларни ноқонуний ишлаб чиқарганлик, тайёрлаганлик, сақлаганлик, ташиганлик, жўнатганлик, олиб чиққанлик учун, учинчи қисмида эса пиротехника буюмларини ўтказганлик ва Ўзбекистон ҳудудига олиб кирганлик учун жавобгарлик белгиланиб, жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Бундан ташқари, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларида ички ишлар органлари томонидан пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳолатларни аниқлаш, уларни олиб қўйиш ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш вазифалари юкланганлиги боис қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритилиб, пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласига оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий баённомаларни расмийлаштириш ваколати Миллий гвардия бўлинмалари билан бир қаторда ички ишлар органларига ҳам берилмоқда.

Top