10:08 / 02.05.2024
1245

Корея Ўзбекистонда аэрокосмик соҳа бўйича таълим тизимини йўлга қўйиши мумкин 

Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири ва КОИCА вице-президенти Сеулда грант лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жанубий Кореяга ташрифи давомида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) вице-президенти Хонг Сеок Хва билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Музокаралар чоғида раҳбар давлат хизматчиларининг рақамли трансформация соҳасида малакасини ошириш, рақамли таълим ва IТ хизматлар экспортини ошириш, Ўзбекистонда аэрокосмик соҳани ривожлантириш учун таълим ва малака ошириш тизимини йўлга қўйиш, IТ таълим соҳасида KOICA кўнгиллиларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

"Раҳбар давлат хизматчиларининг рақамли трансформация соҳасида Кореяда салоҳиятини ошириш дастури" грант лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда KOICA’нинг 2025 йил амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатига киритиш орқали вазирликларда АКТни ривожлантиришга масъул вазир ўринбосарлари, Рақамли технологиялар вазирлигининг бошқарма бошлиқлари ва қуйи ташкилотлар раҳбарларидан иборат 65 нафар раҳбарлар Кореяда рақамли трансформация соҳасида малакасини ошириш имкониятига эга бўлади.

Шу билан бирга, KOICA’нинг "World Friends KOICA Volunteer" дастури доирасида маълумотлар илми (Data Science) ва компьютер илми (Computer Education) соҳасида юқори малакага эга кореялик экспертларнинг "Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари" дастурида қатнашувчи менторларнинг малакасини ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Шунингдек, учрашув давомида "Рақамли таълим ва IТ хизматлар экспортини ошириш" грант лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда KOICA’нинг 2026 йил амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхатига киритиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида жойлашган Рақамли таълим марказларида компютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника ва инглиз тилини ўқитиш учун талаб этиладиган АКТ жиҳозларини харид қилиш ҳамда 16 минг нафар ўқувчи ва 450 нафар менторлар учун ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Top