07:35 / 03.05.2024
1364

Тошкент ва Навоийда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди 

Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилмоқда.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Нурота туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилди.

Унда, N. фермер хўжалиги масъул шахслари “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидаги сув насосларини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, жами 129,9 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Юқори Чирчиқ туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.

Унда, I.G. оилавий корхонаси раҳбари О.Р. “Жумабозор” МФЙ ҳудудидаги автотранспорт воситаларини ювиш хизмати биносини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 112,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top