08:10 / 04.05.2024
13743

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи уч вилоят ҳиссасига тўғри келяпти 

Ўзбекистонда бир ойда салкам 60 млрд сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди.

Фото: Ўзэнергоинспекция

Ўзбекистонда сўнгги 1 ойда айрим истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлари натижасида давлат манфаатларига 58 миллиард 846 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланди. 

“Ўзэнергоинспекция” хабарига кўра, Бош прокуратура ва тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда апрел ойида ўтказилган назорат тадбирларида 539 та ҳолатда истеъмолчиларнинг табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.

Бунда 39 миллиард 518 миллион сўмлик электр энергияси (41 миллион 241 минг киловатт-соат) ва 19 миллиард 328 миллион сўмлик табиий газ (12 миллион 883 минг метр куб) талон-торож қилиниши натижасида давлат манфаатларига келтирилган жами 58 миллиард 846 миллион сўмлик зарар ундиришга қаратилди.

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи — Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.

Top