18:22 / 04.05.2024
6089

Катта хавф остидаги пиёдалар йўлаги – Давлатободда инсонлар ҳаёти ўйинчоқми?

Наманган шаҳри Давлатобод туманида юқори кучланишли электр тармоғи остида пиёдалар йўлаги ҳамда хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилмоқда. Kun.uz суриштирувидан сўнг Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳолат бўйича изоҳ бериб, ушбу ер участкалари тадбиркорлик субъектлари томонидан аукционда сотиб олинганини билдирди. Аммо бошқарма келажакда бу ерда тўпланадиган инсонлар хавфсизлиги қандай таъминланишига тўхталмаган.

Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси Наманган шаҳри Давлатобод туманида юқори кучланишли электр энергияси тармоғи остида сервис ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиш ҳолати бўйича расмий муносабат билдирди. Бошқарма ўз муносабатида гўёки барчаси қонуний амалга оширилаётганини таъкидлаган.

“2021 йил 3 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорнинг 1-иловасига асосан “Кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланади:

ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси;

кўчма савдо жойи — кўчма савдо объектининг “K-SAVDO” ААТда рўйхатдан ўтишда кўрсатилган ҳудудий жойлашган жойи;

кўчма савдо объектлари — 100 квадрат метр майдондан кўп бўлмаган, вақтинчалик асосда жойлаштирилган ва (ёки) мавсумий хусусиятга эга бўлган, шунингдек, исталган вақтда бошқа жойга осон кўчириш ва йиғиш мумкин бўлган кўчма савдо объектлари (лотоклар, палаткалар, савдо аравалари, пештахталар, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар, фудтраклар, тонарлар, савдо автоматлари, мобил контейнерлар, енгил конструкциялар, шу каби ва шунга ўхшаш бошқа кўчма савдо объектлари), деб белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш, шунингдек, туманда хизмат кўрсатиш соҳасини яхшилаш орқали янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий аҳолига даромад келтириш ва ҳудуднинг умумий инфратузилмасини яхшилаш мақсадида Давлатобод тумани “Умид” МФЙ Камолот кўчаси ҳудудидан жами 52 та лотдан иборат бўлган умумий майдони 997 квадрат метр ер участкалари “K-SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ваколатли ташкилотлар билан тегишли тартибда жойлашув ўрни келишилган.

Ушбу ер участкалари аукцион савдолари орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган тартибда сотиб олинган”, дейилади бошқарма муносабатида.

Қўшимча қилинишича, мазкур кўчма савдо объектлари жойлашув ўрни Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги “Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган муҳофаза ҳудудидан ташқарида жойлашган. Шунингдек, ғолиб тадбиркорлар томонидан лойиҳа асосида кўчма савдо объектлари ташкил этиш ишлари амалга оширилаётгани маълум қилинган. 

Аммо Наманган вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси Kun.uz суриштирувидаги асосий нуқта – лойиҳалар ишга тушгач у ерда, яъни юқори кучланишли электр энергияси тармоғи остида тўпланадиган инсонлар хавфсизлиги қандай таъминланишига изоҳ бермаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Электр тармоғи хўжалиги объектларини муҳофаза қилиш қоидаларига кўра, юқори кучланишли электр энергияси тармоғи муҳофаза зонасида қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланган.

Хусусан, электр узатиш ҳаво линияларининг муҳофаза зонасида болалар ва спорт майдончаларини, стадионларни, бозорларни, савдо шохобчаларини, дала шийпонларини, моллар учун қўраларни, ҳар қандай турдаги машина ва механизмлар учун гаражлар ва турар жойларни жойлаштириш, ўрнатилган тартибда рухсат этилган ишларни бажариш билан боғлиқ бўлмаган кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадбирларни ўтказиш мумкин эмас.

Ҳудуддан ўтган электр тармоғи 110 kV кучланишга эга. Қоидаларга кўра, 110 kV кучланишга эга электр тармоғининг муҳофаза зонаси 20 метр ҳисобланади. Аммо бошқарма тақдим қилган суратларда кўринишича, қурилиш ишлари бошланган ҳудудда электр тармоғидан бунча масофа йўқ. Қолаверса, электр тармоғи остига пиёдалар йўлакчаси қуриб қўйилганини кўриш мумкин. Бу эса инсон ҳаёти учун хавфли ҳисобланади.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ корхонаси ҳозирча ҳолат юзасидан муносабат билдиргани йўқ.

Top