08:17 / 09.05.2024
2438

Корея Ўзбекистондан қурилиш соҳасига ишчиларни жалб қилиши мумкин 

Ўзбекистонликлар Кореяга қурилиш соҳасига ишга юборилиши мумкин. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди. 

Фото: Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаевнинг навбатдаги учрашуви Сеулда Корея Меҳнат ва бандлик вазири билан бўлиб ўтди. Учрашувда дастлаб, икки давлат ўртасида меҳнат соҳасидаги алоқалар тобора ривожланиб бораётгани қайд этилди. 

2024 йилдан бошлаб Кореяда ўзбекистонликлар вақтинча ишлаши учун хизмат кўрсатиш, кемасозлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон, ўрмон хўжалиги каби янги йўналишлар очилди. Корейс тилидан имтиҳон топшириш жараёнларини енгиллаштириш, ҳудудларда имтиҳон олиш марказлари сонини кўпайтириш таклиф қилинди.

Бундан ташқари мулоқотда E9 визаси (нопрофессионал ишчи виза тури) асосида ўтадиган EPS тестларида “Қирол Сежонг” ўқув маркази сертификатига эга номзодларга қўшимча имтиёзлар бериш, қурилиш соҳасига ишчиларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси учун мавсумий визани жорий қилиш бўйича икки томонлама манфаатли таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, меҳнат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш марказларига инвестициялар киритиш, ҳамкорликда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди.

Top