12:44 / 09.05.2024
1901

Ўзбекистон ва Саудия энергетика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди 

Энергия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимда белгиланган ҳамкорлик йўналишларини самарали амалга оширишга қаратилган энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси" ҳам имзоланди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Саудия Арабистонининг SPA News миллий ахборот агентлиги расмий сайти ва Swift News электрон нашрида "Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мақолада қайд этилишича, 2 май куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Саудия Арабистони энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд учрашув ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасида энергетика соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилинди.

"Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ҳукумати ва Саудия Арабистони ҳукумати ўртасида энергетика соҳасида узоқ муддатли икки томонлама ҳамкорликнинг асосий жиҳатини ташкил этишини тан олиши ҳақидаги қўшма баёнотни эълон қилди, –  дейилади мақолада. – Томонлар ҳар икки давлат глобал энергия бозорларини барқарорлаштириш муҳимлиги тўғрисида келишиб олди".

Шунингдек, вазирлар Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида энергия соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимда белгиланган ҳамкорлик йўналишларини самарали амалга оширишга қаратилган энергетика соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни имзолади.

Мақола якунида "Томонлар "яшил" ва тоза водород қиймат занжири билан боғлиқ имкониятларни аниқлаш ҳамда ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш, жумладан, ишлаб чиқариш, ташиш ва сақлаш, шунингдек, технологияларни ривожлантириш, шунингдек, инсон капиталини ривожлантириш, айниқса техник мутахассислар ва муҳандислар тайёрлаш, илмий-тадқиқот, таълим соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди", –  деб ёзган Саудия ОАВ.

Top