21:51 / 10.05.2024
7882

“Бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофаа, хавфсизлик даражасидаги институтдир” — Комил Алламжонов

ПА Ахборот сиёсати департаменти раҳбари ўзини журналист ё блогерман деган айрим шахсларнинг турли ноқонуний ҳаракатларига тўхталиб, эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқиш, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришиш зарурлигини таъкидлади. “Ўйин қоидаси аниқ-равшан ва ҳамма учун тенг бўлсагина, ривожланиш бўлади. Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи: матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим”, – деди у.

Фото: Комил Алламжонов / Telegram

Президент администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов 10 май куни нодавлат телеканаллар вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда у ўз Telegram-каналида маълум қилди.

“Сўз эркинлиги, миллий контент ва болалар учун сифатли медиа маҳсулотларни яратиш масалаларини муҳокама қилдик. Шу ўринда Президентимизнинг матбуот ва сўз эркинлиги борасидаги позициялари жуда қатъийлиги, очиқлик сиёсатисиз тараққиётга эришиш қийинлиги яна бир бор таъкидланди.

Албатта, муаммолар кўп. Матбуот эркинлиги юзасидан рейтингларимизда ўзгариш бор. Лекин биз бугун эркин матбуотни ҳуқуқий майдонга олиб чиқмас эканмиз, муаммолар судларда ҳал бўлишига эришмас эканмиз, тараққиёт ўрнига хаос пайдо бўлиши, журналист ёки блогерман деб турли ноқонуний ҳаракатлар, шантаж, фирибгарлик ҳолатларига йўл қўйилиши натижасида жабр кўрган фуқаролар сони ортиб кетишига сабабчи бўламиз. Афсуски, бундай ҳолатлар бўлди. Рейтинг тузилишида шу каби ҳодисалар ҳам таъсир қилди деб ўйлайман.

Ривожланиш ҳеч қачон силлиқ бўлмайди. Ўйин қоидаси аниқ-равшан ва ҳамма учун тенг бўлсагина, ривожланиш бўлади. Сўз эркинлиги – бу барчанинг ҳуқуқи: матбуотнинг ҳам, унда акс эттирилаётган шахсларнинг ҳам. Шу мувозанатни ушлаш муҳим. Демак, ортга йўл йўқ – бу аниқ. Фақат олдинга. Олдинга – ҳуқуқ, меъёр ва қонун доирасида, олдинга.

Ҳали яна кўп муаммолар бўлиши мумкин ва бу табиий. Лекин бу муаммолар биз бошлаган ислоҳотларга соя солмаслиги керак. Чунки бугунги даврда матбуот – нафақат кўзгу, балки мудофаа, хавфсизлик масала даражасидаги институтдир”, – дея ёзди Комил Алламжонов.

Эслатиб ўтамиз, “Чегара билмас мухбирлар” нодавлат ташкилоти ўтган ҳафта эълон қилган Матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан 11 поғонага пастлаб, 148-ўринга тушган эди.

Top