12:21 / 12.05.2024
15062

Гвардиол Ҳоланд ўрнига голлар урмоқда, Шомуродов ва жамоаси йирик ҳисобда ютқазди. Кун ўйинлари

Арда «Реал» сафида навбатдаги голини урди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: JUSTIN SETTERFIELD/GETTY IMAGES

Англия: «Тоттенҳэм» Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашда қолмоқда

«Фулҳэм» – «Манчестер Сити» 0:4
Голлар:
0:1 – 13 Гвардиол, 0:2 – 59 Фоден, 0:3 – 71 Гвардиол, 0:4 – 90+6, пеналти Алварес.
«Фулҳэм» – Лено, Кастан, Диоп, Басси, Робинсон, Перейра (Уилсон, 74), Палиня, Виллиан (Траоре, 46), Декордова-Рид (Кэрни, 46), Ивоби, Родриго Муниз (Броя, 67).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Аканжи, Аке (Уокер, 22), Рубен Диаш, Гвардиол, Ковачич (Льюис, 82), де Брюйне (Доку, 75), Бернарду Силва, Родри, Фоден (Бобб, 82), Ҳоланд (Алварес, 82).
Огоҳлантиришлар: Диоп (78), Робинсон (90).
Четлатиш: Диоп (90+5).

«Манчестер Сити» ўзи қоқилишидан умид қилаётганларни ранжитмоқда, Гвардиол эса ҳужумчига айланмоқда. Лондондаги ўйинда хорватиялик ҳимоячи чиройли гол билан ҳисобни очди. Қанотдан марказга кўчган футболчи Де Брюйне билан девор услубида ўйнаб жарима майдонига кириб борди ва бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олиб, тўпни бўш бурчакка жойлаштирди. Хосеп Гвардиола ўз футболчиларининг қирраларини очиш маҳоратини ушбу футболчи мисолида ҳам намойиш этмоқда.

«Шаҳарликлар» тўпга эгалик қилиш бўйича яққол устунликка эга бўлишса-да, юпқа муз устида юргандек эди. «Фулҳэм»нинг  биргина зарбаси ўта хавфли чиқди, аммо Родриго Мунизнинг зарбасини Эдерсон қайтариб қолди, бу вазият меҳмонлар учун огоҳлик қўнғироғи эди. Кўп ўтмай Фоден устун ёнига йўллаган зарбаси ҳисобни қулай кўринишга келтирди, кейин Гвардиол яна бир гол билан ўйиндаги интригани бутунлай ўлдирди, захирадан тушган Алварес қўшиб берилган дақиқалар сўнгида ўзи ишлаган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ ижро этиб, ҳисобни янада йириклаштирди. Хорватиялик ҳимоячига ҳет-трик қайд этиш имконияти берилганди, аммо у штатдаги пеналтичилардан бири бўлган аргентиналик ҳужумчи фойдасига бундан воз кечди.

Сўнгги вақтларда кўп танқидга учраётган Ҳоланд эса ўзи эга бўлган ўта қулай вазиятда аниқ зарба бера олмади.

«Сити» қаторасига етти учрашувда ғалаба қозонди, уларнинг ҳар бирида камида икки гол фарқи билан устунликка эришилган, жамоада бунақаси 2015 йилдан буён кузатилмаганди. Асосийси — амалдаги чемпионлар яна биринчи ўринга кўтарилди ва «Арсенал» «МЮ» билан ўйинда қандай жавоб қилишини кутади. Агар «канонирлар» якшанба куни сафар ўйинида ғалаба қозона олмаса, «Манчестер Сити» сешанба куниёқ чемпионга айланиши мумкин — «Тоттенҳэм»га қарши қолдирилган ўйинда. Акс ҳолда чемпионлик тақдири кейинги дам олиш кунлари бўлиб ўтадиган сўнгги турда ҳал бўлади.

«Тоттенҳэм» – «Бёрнли» 2:1
Голлар:
0:1 – 25 Бруун Ларсен, 1:1 – 32 Порро, 2:1 – 82 ван де Вен.
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Скипп (Дрэгушин, 75), Мэддисон, Биссума (Бентанкур, 75), Сарр, Кулусевски (Скарлетт, 75), Сон Ҳён Мин, Жонсон.
«Бёрнли» – Мурич, Ассинон, О`Ши, Эстев, Тэйлор, Витинио (Бенсон, 72), Каллен, Берге, Амдуни, Фофана, Бруун Ларсен (Ндайишимийе, 81), Одобер, Фостер.
Огоҳлантиришлар: Каллен (11), Тэйлор (46), Мэддисон (47), Скипп (55), Берге (65), Бруун Ларсен (67), Сарр (87), Ассинон (90+1), Компани (90+2).

Чемпионлар лигаси йўлланмаси ва лигада қолиш учун жуда кам имконият сақлаб турган икки жамоа тўқнашуви — томошабоп ва драматик тус олди. Ўйин Викарио ва Муричнинг ажойиб сейвлари серияси билан бошланди. Кейин эса голлар урилди — аввалига аутсайдер ҳисобни очди. «Шпорлар» яна юқори мудофаа линияси ўрнатишганди, бу эса Берге Брун Ларсенни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборишига ёрдам берди. Аммо мезбонлар ҳимоячиси Педро Порро рақиб дарвозаси томон иккинчи юришида яқин бурчакни аниқ нишонга олиб, ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлим янада қизғин кечди, лекин кўп вазиятларда «Тоттенҳэм»дан омад юз ўгирди. Жонсон Сон Ҳён Миннинг узатмасидан кейин олис устун олдида туриб тўпга зарба бера олмади, Мурич Саррнинг кучли зарбасидан кейин қаҳрамонлик кўрсатди, мезбонларнинг қийинчиликларига эса ван де Вен барҳам берди. Марказий ҳимоячи Гвардиол каби форвард вазифасини бажарди ва уники каби гол урди. Бу гол Ангелос Постекўғли жамоасини тўртинчи ўрин учун пойгада қолдирди ва «Бёрнли»ни чемпионшипга тушириб юборди.

«Ноттингҳем Форест» – «Челси» 2:3
Голлар:
0:1 – 8 Мудрик, 1:1 – 16 Боли, 2:1 – 74 Ҳадсон-Одои, 2:2 – 80 Стерлинг, 2:3 – 82 Жексон.
«Ноттингҳем Форест» – Зелс, Монтиел (Эланга, 72), Боли, Ниакате (Авонийи, 86), Мурилло, Айна, Гиббс-Уайт, Йейтс (Тоффоло, 72), Данило, Вуд, Ҳадсон-Одои (Домингес, 86).
«Челси» – Петрович, Чалоба, Тиаго Силва, Бадяшил (Гюсто, 58), Кукуреля, Галлаҳер (Жеймс, 79), Мудрик (Стерлинг, 73), Палмер, Кайседо, Мадуэке (Нкунку, 58), Жексон.
Огоҳлантиришлар: Бадяшил (15), Галлаҳер (34), Ниакате (77), Жексон (82), Домингес (90+2).

Еттинчи ўрин орқали еврокубок йўлланмасига эга бўлиши мумкин бўлган «Челси» ўйинни жуда кучли бошлади. Аммо Мудрикнинг тезкор голига Болининг ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб урган голи билан жавоб қайтарилди. Нима бўлганда ҳам «Ноттингҳэм» лигада қолиш учун курашаётган жамоалардан бири эди. Шу туфайли мезбонларни биринчи бўлимда Палмернинг ўзи яратган тўртта голли вазият ва унинг голли узатмаси чўчита олмасди.

Иккинчи бўлимнинг каттагина қисмида меҳмонлар тўпга эгалик қилган бўлса-да,  «Ноттингҳем» аниқроқ ҳаракатлар амалга оширди ва голга яқинроқ бўлди. Аввалига Йетснинг жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбаси устундан қайтди. Кейинроқ устун мезбонларнинг яна бир зарбасини тўсди, Ҳадсону-Одоига эса тўсин гол уришга тўсқинлик қилди. Аммо айнан «Челси» тарбияланувчиси айланма зарбаси билан жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Аммо бу мавсумда кўклар жамоасидан ҳар нарса кутиш мумкин ва улар умидсиз вазиятда қолганида ҳам мағлубиятдан қутулиб кета олишини кўрсатишган. Бу ўйинда Маурисио Почеттино футболчилар алмаштиришда топқирлик қилди ва икки дақиқа ичида аввалига Стерлинг мувозанатни тиклади, жароҳат туфайли беш ойдан буён ўйнамаган Жеймс эса Жексоннинг бошини мўлжаллаб, идеал узатма берди. Параллел учрашувда «Лутон» «Вест Ҳэм» билан ўйинда ғалабани қўлдан чиқарди ва «Ноттингҳем»нинг йўқотишидан фойдалана олмади, ушбу жамоалар ўртасидаги фарқ уч очколигича қолмоқда. Сўнгги турда «Лутон» «Фулҳэм»ни қабул қилади, «Ноттингҳем» «Бёрнли» меҳмони бўлади.

«Челси» эса еврокубоклар йўлланмаси учун имконият сақлаб қолмоқда. Ва жамоа бунга ҳақли. Boxing day’дан кейин кўклардан (35 очко) фақат АПЛнинг кучли учлиги вакиллари — «Манчестер Сити», «Арсенал» ва «Ливерпул» кўпроқ очко жамғарган. «Челси» олтинчи ўринга кўтарилиб олиши ҳам мумкин. Ҳозирда очколар тенг ҳолатида фақат қўшимча кўрсаткичлар эвазига «Нюкасл»дан ортда қолмоқда ва кўп нарса чоршанба куни ўтказиладиган қолдирилган ўйинларда ҳал бўлади. «Қарғалар» шу куни «МЮ» меҳмони бўлади, «Челси» эса Брайтонда ўйнайди.

Испания: Мадридда «қуруқ» ўйин

«Гранада» – «Реал» 0:4
Голлар:
0:1 – 38 Фран Гарсия, 0:2 – 45+2 Гюлер, 0:3 – 49 Браим Диас, 0:4 – 58 Браим Диас.
«Гранада» – Баталя, Мендес (Рикард Санчес, 74), Микел, Пионтковски, Нева, Пеллистри, Юзвяк (Каллехон, 46), Гумбау (Виляр, 53), Руис (Онгла, 53), Узуни (Мелендо, 81), Бойе.
«Реал» – Куртуа, Рюдигер (Начо, 70), Милитао, Фран Гарсия, Модрич (Кроос, 70), Себаллос, Камавинга, Васкес, Браим Диас, Гулер, Ҳоселу.
Огоҳлантиришлар: Бойе (25), Гумбау (45).

Бу ўйинда икки жамоада ҳам деярли ҳеч қандай мотивация йўқ эди. «Реал» аллақачон чемпион бўлиб улгурган, «Гранада» эса «Малйорка»нинг ғалабасидан кейин қуйи лигага тушиб кетиши аниқ бўлганди. Шу туфайли Карло Анчелотти «Бавария»га қарши ўйинда бошланғич таркибда тушган футболчилардан ўн нафарини алмаштириб, шу куни туғилган кунини нишонлаган Куртуани дарвозага қўйди. Ва ўйин бошида белгиялик футболчи учун етарлича иш топилди. Эпизодлардан бирида у жарима майдонини тарк этиб, ҳимоячиларни суғурталашига тўғри келди, тўпга бош билан ўйнаган Тибо инерция бўйича ҳаракатланиб, рақиб футболчисига бориб урилди.

Мезбонлар «Реал» учун чемпионлар йўлаги ҳосил қилишди

Бу тўқнашувда Южвяк жароҳатланди. Биринчи бўлим охирига бориб «Реал» ўз одатига кўра ўйинни кучайтирди ва бир неча дақиқа ичида мезбонларни нокаутга учратди. Икки ҳолатда ҳам Фран Гарсия диққат марказида бўлди. Қадрдон клубига қайтганидан кейинги илк голини у Браим Диаснинг узатмаси ва Модрич тўпни ўтказиб юбориши орқали урди, кейин эса ушбу ҳимоячининг ўзи Арда Гулерга ассистентлик қилди. Ротация футболчиси учун ёмон натижа эмас. Эътиборли жиҳати, қаймоқранглилар жамоаси ҳимоячилари ла лигада олти йилдан буён, Серхио Рамосдан кейин бир ўйинда «гол плюс пас» натижасига эришмаганди.

Аммо барибир ўйиннинг мутлақ қаҳрамони — Диас бўлди. Иккинчи гол урилган ҳужумни ҳам у бошлаб берганди, иккинчи бўлимда эса навбатдаги шедеврни ижро этди. Бир ҳаракат билан икки ҳимоячини йўлдан олди, иккинчи ҳаракатда яқин бурчакни аниқ нишонга олди. Кўп ўтмай жарима майдони ичида ўгирилиб олиб яна бир зарба бериб навбатдаги голини урди. «Реал» йирик ҳисобда ғалаба қозонишдан ташқари, бир чемпионатдаги «қуруқ» ўйинлар сони бўйича рекордни такрорлади. Дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинган ўйинлар сони 19 тага етди, бунда барча уч дарвозабон — Лунин (10), Кепа (7) ва Куртуа (2) ўз ҳиссаларини қўшишган. Яна икки тур қолгани инобатга олинса, клуб рекорди янгиланишини кутиш мумкин. Бу ўйинлар «Алавес» ва «Вилярреал»га қарши кечади.

Италия: «Болоня» ЕЧЛ остонасида

«Наполи» – «Болоня» 0:2
Голлар:
0:1 – 9 Ндойе, 0:2 – 12 Пош.
«Наполи» – Мерет, Ди Лоренцо, Жезус, Рраҳмани, Оливера (Маццокки, 81), Лоботка, Замбо-Ангисса (Траоре, 81), Каюсте (Распадори, 72), Политано (Нгонж, 61), Кварацхелия (Симеоне, 81), Осимҳен.
«Болоня» – Раваля, Пош, Лукуми, Калафиори, Кристиансен, Фройлер (Ал-Аззузи, 82), Эбишер, Урбански (Фаббиан, 73), Ндойе (Салемакерс, 56), Одгор (Орсолини, 56), Зиркзее (Кастро, 73).
Огоҳлантиришлар: Кварацхелия (33), Каюсте (47), Лукуми (71).

«Наполи» еврокубоклар йўлланмаси учун умидларини ўз қўллари билан кўмди. Амалдаги чемпионлар 7 апрелдан буён ғалаба қозонмаяпти, ўтган даврда жамоа икки бор мағлуб бўлиб, уч ўйинда дуранг қайд этганди. Бундай тарқоқ ҳолатдаги жамоа «Болоня» қаршисида ожиз қолиши муқаррар эди, Тиаго Мотта шогирдлари буни исботлаб, 12-дақиқага қадар икки гол уришди. Финишга икки тур қолганида 67 очко тўплаган жамоа учинчи ўринга кўтарилди. Бундан кўпроқ очко 1963/64 йиллардаги чемпионлик мавсумида тўпланганди. Бу сафар тутул бўлмайди, аммо кучли тўртликдаги ўрин «Болоня»ни Чемпионлар лигасига янада яқинлаштирди, «Наполи» эса бу мағлубиятдан кейин якшанба куни ўйнайдиган «Фиорентина»ни олдинга ўтказиб юбориб, тўққизинчи ўринга тушиши мумкин.

«Милан» – «Каляри» 5:1
Голлар:
1:0 – 35 Бинносир, 2:0 – 59 Пулишич, 2:1 – 63 Нандес, 3:1 – 74 Рейндерс, 4:1 – 83 Рафаэл Леау, 5:1 – 86 Пулишич.
Милан – Спортиелло, Калулу, Габбия (Томори, 46), Тиав, Флоренци (Эрнандес, 68), Бинносир (Побега, 84), Пулишич, Рейндерс, Муса, Чуквуэзе (Рафаэл Леау, 46), Жиру (Окафор, 46).
«Каляри» – Скуффет, Мина, Доссена (Ацци, 76), Дзаппа, Оберт, Ветеска, Дейола (Ористанио, 76), Прати, Сулемана, Нандес (Лападула, 76), Лувумбу, Элдор Шомуродов (Мутандва, 82).
Огоҳлантиришлар: Бинносир (28), Габбия (33), Мина (69).

«Милан» ҳам анчадан буён мухлисларини хушнуд этмаганди. Аниқроқ айтилса — 6 апрелдан буён, ўшанда жамоа мавсум охирини муносиб ўтказиб қўйиши кутилаётганди. Россонерилар ўшанда етти ғалабадан иборат серия қайд этишганди, аммо шундан кейин футболчилар бўшашиб кетди. Европа Лигаси тарк этилди, ички чемпионатда тўрт бор дуранг ўйнаб, икки мағлубият қабул қилиб олди. Мухлислар фақат Чемпионлар лигасининг кейинги мавсуми йўлланмаси ҳал қилингани билан овуниши мумкин. Аммо фанатлар норози. Ўтган турда «Женоа»га қарши кечган ўйинда (3:3) ашаддий мухлислар трибуна жим ўтирди, фақат Рафаэл Леау алмаштираётганида ҳуштакбозлик қилинди, ўйин якунига 10 дақиқа қолганида эса сектор бўшаб қолганди.

Мухлислар аниқ ривожланиш дастури ҳамда трансферлар бозорида фаолликни талаба қилишмоқда, аммо бу масалаларда ўзгариш кузатилмаяпти ва шанба кунги ўйинда ҳам норозилик акцияси давом эттирилди. Шу туфайли Бинносир мавсумдаги илк голини сукутга чўмган трибуналар ўртасида урди. Аммо иккинчи бўлим қизғинроқ кечди. Бу асосан меҳмонларнинг фаоллиги ва айниқса Шомуродов туфайли. Натижада Леаудан масъулиятни қўлга олиш талаб этилди ва айнан у аввалига тўпни тўсинга теккизди, кейин Пулишични дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди.

Шунинг учун меҳмонларнинг ҳақли голи ҳисобни тенглаштирмади, шунчаки қисқартирди. Аммо уларга муваффақиятни ривожлантиришга йўл қўйилмади. Рейндерснинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси идеал ижро этилди ва ўйин масаласини амалда ҳал қилди. Шу куни Оналар куни муносабати билан ўз волидаларининг қизлик фамилиясида чиққан «Милан» футболчилари бир ойлик танаффусдан кейин мухлисларга ғалаба тортиқ этишди. Лекин ўйин асаббузарликларсиз кечмади, Спортиеллонинг сейвлари ва Шомуродовнинг зарбасидан кейин тўп тўсиндан қайтиши мезбонларни голдан сақлади. Қолган вақт давомида Леаунинг ўзи ҳам гол урди, Пулишич дублни расмийлаштириб, мавсумдаги 12-голини нишонлади, у жамоа яримҳимоячилари орасида Кака давридан буён энг сермаҳсул футболчи бўлмоқда.

Германия: Дортмунд учун тарсаки

РБ «Лейпциг» – «Вердер» 1:1
Голлар:
0:1 – 35, автогол Зайвалд, 1:1 – 61 Шешко.
РБ «Лейпциг» – Гулачи, Симакан, Орбан, Клостерманн (Битшиабу, 77), Лукеба, Ҳенриҳс, Айдара (Ленц, 80), Зайвалд (Кампл, 64), Баумгартнер (Элмаз, 64), Поулсен (Шешко, 46), Опенда.
«Вердер» – Цеттерер, Вайзер, Юнг, Велкович (Штарк, 78), Фридл, Агу (Деман, 68), Битенкур (Гросс, 88), Линен, Шмид, Дукш (Ковнацки, 88), Волтемаде (Стаге, 68).
Огоҳлантириш: Ҳенриҳс

«Майнц» – «Боруссия» Д 3:0
Голлар:
1:0 – 12 Баррейро, 2:0 – 19 Ли Жэ Сон, 3:0 – 23 Ли Жэ Сон.
«Майнц» – Центнер, Видмер (да Кошта, 77), Ҳанче-Олсен, ван дер Берг, Кор, Каси (Фернандеш, 76), Ли Жэ Сон (Рихтер, 87), Амири, Баррейро, Груда (Вайпер, 87), Буркардт.
«Боруссия» Д – Майер, Зюле, Шлоттербек, Морей (Матсен, 46), Ройс, Ўзжан (Брандт, 46), Нмеча (Полманн, 69), Волф, Мален (Санчо, 46), Байно-Гиттенс (Ветен, 76), Мукоко.
Огоҳлантиришлар: Ройс (41), Ҳанче-Олсен (45+1), Баррейро (56), Шлоттербек (80).

Германия Чемпионлар лигасида қўшимча бешинчи йўлланмани қўлга киритиши яқин вақтгача тўртинчи ўрин учун кураш олиб борган «Лейпциг» ва «Боруссия»ни мавсум якунида иштиёқсиз қолдирди. «Ҳўкизлар» жамоаси уйда барибир «Вердер» билан ўйинда қаторасига олтинчи ўйинда гол урган Шешконинг саъй-ҳаракатлари билан мағлубиятдан қутулиб қолишни уддалаган бўлса, «асаларилар» барча ҳиссиётларни Парижда қолдириб келгани маълум бўлди. Қолаверса, Эдин Терзич «ПСЖ» билан ўйинда ғолиб бўлган футболчиларнинг деярли барчасини алмаштирди, фақат Шлоттербек илк дақиқалардан майдонда эди. Бир тур олдин амалга оширилган шундай ротация дортмундликларга «Аугсбург» устидан йирик ғалаба (5:1) келтирганди. Энди эса «Боруссия» биринчи бўлим ўрталарига келиб «Майнц»дан учта гол қабул қилиб олди. Бунда мезбонлардаги мотивация ҳам рол ўйнади, жамоа «Унион»ни қувиб ўтди ва «ўтиш баҳслари»дан қутулиб қолди. Бо Ҳенриксеннинг ишини ҳам эътироф этиш керак. У бош мураббийликка феврал ойи ўрталарида тайинланганди, шундан буён «Майнц» бундеслигада уй учрашувларида энг кўп очко тўплаган жамоа бўлди — етти ўйинда 17 очко.

Кун статистикаси

  • «Нюкасл» АПЛга асос солинганидан буён 1-марта барча 19 уй учрашувида гол уришга эришди.
  • Португалияда чемпионликни нақд қилиб улгурган «Спортинг» клубнинг 2 та рекордини янгилади — бир турнирдаги ғалабалар сони (28) ва тўпланган очколар сони (87) бўйича.
  • «Спортинг» ҳужумчиси Паулинио фаолиятида 3-марта бир мавсумда 20 дан ортиқ гол урди, у бу ишни турли клубларда амалга оширган — аввалроқ «Брага» ва «Жил Висенте» сафида.
  • «Шеффилд Юнайтед» тарихда 4-марта ва 1978 йилдан буён илк бор мавсумдаги бирорта сафар учрашувида дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмади.
  • «Манчестер Сити» сафида испаниялик яримҳимоячи Родри тушганида 48 ўйиндан буён ютқазмаяпти (39+9). Бу АПЛ тарихидаги энг яхши иккинчи кўрсаткич, бу борадаги рекордчи эса «Арсенал»нинг собиқ ҳимоячиси Сол Кэмпбеллдир, у 2002 йилдан 2004 йилга қадар бўлган даврда 56 ўйинлик серия ўтказган.
  • Мавсум якунларига кўра юқорига кўтарилган «Ҳолштайн Кил» бундеслига тарихидаги 58-жамоага айланди.
Top