14:41 / 13.05.2024
2846

Танзила Норбоева: Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида хотин-қизлар ўрни сезиларли кенгаймоқда

Ўзбекистонда “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида Осиё хотин-қизлари халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. 

Фото: Senat.uz

Форумни Сенат раиси Танзила Норбоева очиб бериб, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди. Мурожаатда Ўзбекистоннинг гендер тенгликни таъминлаш, мустаҳкамлаш борасида юқори ўринларда эканлиги алоҳида қайд этилди.

“Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётида, муҳим қарорлар қабул қилинишида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли равишда кенгайиб бормоқда. Қисқа давр ичида соҳага доир халқаро стандартларга мос миллий қонунчилик базаси шакллантирилди, сўнгги 5 йилда 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги бунга ёрқин мисолдир. “Хотин-қизлар ва эркакларга тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги муҳим қонунлар қабул қилинди ва амалиётга жорий этилди”, деди Сенат раиси.

Танзила Норбоева, шунингдек, аёллар учун имтиёзлар, махсус квоталар ажратилгани, магистратурада ўқийдиганларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилишини давлат ўз зиммасига олгани ва натижада бугунги кунга келиб қиз болани ўқитмаслик, уйда ўтириши керак деган стереотипларга барҳам берилаётганини қайд этди.

“Ҳозирда олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этмоқда. Агар олий таълимга қамровнинг 2017 йилдаги 9 фоизни ҳозирги 43 фоиз қамров билан солиштирсак, олий таълимда қизлар улуши кескин ортганини кўришимиз мумкин”, деди у.

Форум давомида қуйидаги мақсадлар белгилаб олинган:

— БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракат платформаси қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий тажриба ҳамда инновацион ёндашувларни кенг муҳокама қилиш;
— Хотин-қизларнинг таълим олиши, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиши, муносиб иш билан таъминланиши, шунингдек, рақамли технологиялар ва инновациялардан фойдаланиши учун имкониятлар яратиш;
— Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ва имкониятларни янада бирлаштириш;
— Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ таъминлаш, Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган гендер тенгликни миллий ва минтақавий даражада амалга оширишни янада рағбатлантириш масалаларида юқори натижаларга эришиш;
— CОVID-19 пандемияси келтириб чиқарган муаммолар ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини бартараф этишда хотин-қизларнинг ролини ошириш ва ижодий салоҳиятидан кенгроқ фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқиш;
— Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этиш, одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича илғор тажрибаларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш;
— Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти билан боғлиқ билим ва тажриба алмашишни кенгайтириш;
— Сиёсий жараёнлар ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг иштирокини янада ошириш бўйича асосий устувор йўналишларни амалга ошириш учун манфаатдор томонларнинг ҳамкорлигини таъминлаш.

Top