12:51 / 22.05.2024
3403

Саудия Арабистони Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболларини ўрганмоқда

Ўзбекистон элчиси Саудия Арабистони ТИВ раҳбари ўринбосари билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Нодир Турғунов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирининг консуллик масалалари бўйича ўринбосари Али ал-Юсуф билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Унда икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлашувларни ўтказиш ва Ўзбекистон фуқароларини виза талабларидан озод қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Али ал-Юсуф Ўзбекистоннинг минтақада илғор ривожланиб бораётганини ва бир қатор йирик тадбирларга мезбонлик қилаётганини эътироф этди. Хусусан, жорий йил апрел ойида Тошкент шаҳрида "Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи йиғилиши юқори даражада бўлиб ўтгани таъкидланди. Шунингдек, шу йил март ойида Ар-Риёд шаҳрида икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси ҳам муваффақиятли ўтгани қайд этилди.

"2023 йил 1 январ ойидан бошлаб Саудия фуқароларига Ўзбекистонга 30 кун муддатда визасиз кириш тартибини жорий этилгани бизни жуда қувонтирди. Бу ўз ўрнида сайёҳлар оқимини ошишига, ўзаро савдо ҳажмининг ортишига туртки бўлмоқда", деди Саудия Арабистони ТИВ раҳбари ўринбосари.

Top