Ўзбекистон | 15:00 / 27.05.2024
4454
4 дақиқада ўқилади

Тошкент Кимё халқаро университетида янги йўналишдаги “Art Engineering” кўргазмаси бўлиб ўтди

Тошкент Кимё халқаро университетида илк маротаба инновацион муҳандислик ишларини намойиш этувчи “Art Engineering” кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазма экологик муаммолар, ижтимоий адолатсизликлар, қурилмалар инсон вужудининг ажралмас бўлагига айлангани ва бошқа долзарб мавзуларга қаратилган экспонатлар намойиш этилди.

“Art Engineering“ кўргазмаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғота олди. Кўргазмага ташриф буюрувчилар илм-фан ва санъат уйғунлигини ҳис этиш имкониятига эга бўлди. Ушбу кўргазмада нафақат университет талаба ва ходимлари, балки Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Болгария ва Қозоғистонда жойлашган нуфузли университетлар ректорлари шунингдек, Тошкент Кимё университети билан яқиндагина ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган Американинг George Fox университети профессор-ўқитувчилари ҳам иштирок этди.

Art Engineering – замонавий дунёда технология ва санъатнинг уйғунлашувидан келиб чиққан муҳим соҳалардан биридир. Бу соҳа инсон яратган эстетик ва функционал асарларни техник ёндашув орқали амалга оширади. Art Engineering, асосан муҳандислик ва санъат соҳаларини бирлаштирган ҳолда, янги ва инновацион ёндашувларни татбиқ этади.

Art Engineering тарихи узоқ даврларга бориб тақалади. Қадим замонлардан бери инсонлар эстетик жиҳатдан чиройли ва бир вақтнинг ўзида функционал буюмлар яратишга интилганлар. Мисол учун, қадимги Миср пирамидалари, Рим архитектураси ва Юнон санъати бунга мисол бўла олади. Бироқ, замонавий Art Engineering асосан ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида, саноат инқилоби ва технологик ривожланишлар даврида шаклланган.

Университетнинг Қурилиш лабораторияси мудири Муҳаммад Мафтун кўргазма экспонатлари моҳияти билан таништирди:

“Ҳозир ривожланган мамлакатларда “Art Engineering” йўналиши оммалашмоқда. Бу йўналиш Ўзбекистон учун жуда янги, ҳали йўқ десаям бўлади. Бу муҳандисликнинг санъат даражасида намойиш этилиши, яъни бирор санъат асарини муҳандислик орқали ифодалаб бериш. Кўргазмалар бирор глобал муаммони олиб чиқиш учун хизмат қилади. Ҳар бир экспонатимизда бирор муаммони кўриш мумкин. Масалан, экология – инсонлар табиатни асрашлари, ёки инсонларнинг сунъий интеллектга қарамлиги – биз ҳар томонлама сигналлар билан ўраб ташланганмиз. Яъни инсон инсон бўлиб қолиши керак, сунъий интеллектнинг ўз чегараси бор. Шу каби муаммоларни муҳандисликнинг санъат даражаси билан ёки санъат ишланмаларини муҳандислик орқали кўрсатиб бериш назарда тутилган”.

Кўргазмада иштирокчилар экологик муаммолар, ижтимоий адолатсизликлар, уяли телефонларнинг инсон вужудининг ажралмас бўлагига айлангани ва бошқа долзарб мавзуларни ёритувчи санъат асарлари билан танишди. Санъатни ва маҳоратни намойиш этган тадбир 20 майдан 24 майга қадар давом этди.

Маълумот учун: Тошкент Кимё халқаро университетида 2024/2025 ўқув йили учун қабул давом этмоқда. Университет ўз ичига 5 та таълим мактабини олган бўлиб улар, 38 та йўналишдан ташкил топган ва кундузги, кечки ҳамда сиртқи таълим йўналишларида:

- Ўзбек

- Инглиз

- Рус тилларида таълим олиш мумкин.

Web-page: www.kiut.uz 

Telegram: t.me/kiut_official

Facebook: facebook.com/kiut.uz

Instagram: instagram.com/kiut.uz_rasmiy_kanal

Реклама

Мавзуга оид