Спорт | 09:58 / 16.06.2024
30292
8 дақиқада ўқилади

Испания ўйинида ҳакамлик можароси, Италияга рекорд тезликда гол урилди. Еврода кун ўйинлари

Европа чемпионатининг A ва B гуруҳларида биринчи турдан кейин фаворитлар маълум.

Евро-2024 икки гуруҳда дастлабки ўйинлар ўтказилди. Плей-оффга кимлар яқинроқ? Ва 1/8 финалга чиқиш учун қайси жамоаларга кейинги турларда қандай натижалар керак? Қуйида шу ҳақда.

А гуруҳи

А гуруҳида кутилганидек Германия яққол фаворит. Очилиш ўйинида мезбонлар Шотландияни йирик ҳисобда тор-мор этишганди — 5:1. Швейцария ҳам Венгрияни ишончли тарзда мағлуб этиб (3:1) иккинчи ўринда жойлашди.

Венгрия — Швейцария 1:3
Голлар:
Варга (66) — Дуа (12), Эбишер (45), Эмболо (90+3). 
Венгрия – Гулачи, Фиола, Орбан, Ланг (Болла, 46), Салаи (Дардаи, 79), Керкез (Адам, 79), Шаллаи, Над (Кляйнҳайслер, 67), Собослаи, Шафер, Варга.
Швейцария – Зоммер, Видмер (Стергиу, 68), Родригес, Шер, Аканжи, Эбишер, Жака, Фройлер (Сиерро, 86), Варгас (Эмболо, 74), Ндойе (Ридер, 86), Дуа (Амдуни, 68).
Огоҳлантиришлар: Видмер (5), Фройлер (59), Салаи (69), Фиола (88).

Венгрларни Евро саралашидаги муваффақиятли иштирок учун (Сербияни ортда қолдириб, гуруҳида биринчи ўрин билан чиққанди) шунчалик кўп мақташдики, бу учрашув арафасида майдонга тенг кучли рақиблар чиқиб келадигандек тасаввур уйғонганди. Амалда эса швейцарияликлар 12-дақиқадаёқ ҳисобни очишди — Квадво Дуа гол муаллифи. Биринчи бўлим давомида ҳисоб 2:0 кўринишига келди — танаффус арафасида Михел Эбишер тўпни дарвоза тўрига михлади.

Иккинчи бўлим эса буткул бошқача бошланди. Венгрлар жонланди ва Швейцария дарвозасига босим уюштирди. Натижада ҳақли гол уришди — Барнабаш Варга 66-дақиқада 23 ёшли сардор Доминик Собослаининг узатмасидан кейин ҳисобни қисқартирди.

Венгриялик улкан гавдали ҳужумчи Мартин Адам Европа чемпионатида кун қаҳрамонларидан бирига айланди. Иккинчи бўлимда захирадан туширилган ҳужумчи барча яккакурашларда устун келди.

Аммо венгрларнинг бундан ортиғига кучи етмади. Вазиятлар камая борди, камбэк қилиш учун вақт ҳам. Швейцария эса учинчи голни ҳам урди: Брил Эмболо Вилли Орбаннинг қўпол хатосидан фойдаланиб, дарвозабон билан яккама-якка чиқиб кетди ва тўпни унинг устидан ошириб ташлади — 3:1.

Энди 2-турда швейцарлар Шотландия билан, немислар эса — венгрлар билан ўйнайди. Германия ва Швейцария бу ўйинларда ҳам ғалаба қозонса, плей-офф йўлланмасини 100 фоизга ҳал қилади. Шу билан бирга, дуранг ҳисоб ҳам жамоаларни кейинги босқичга яқинлаштиради.

Энг оғир вазият Венгрияда юзага келган. Жамоани Германияга қарши баҳс кутмоқда, бу ўйинда эса уч очко олиш ҳаддан ташқари қийин. Шотландия Швейцарияни енгишини тасаввур қилиш эса бундан осонроқ. Бу ҳолда британияликлар 1/8 финал учун имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди. Чунки олтита гуруҳдаги учинчи ўрин эгаларидан энг яхши тўрттаси ҳам плей-оффга чиқади. Ҳар бир очко муҳим.

Ўзаро ўйинлардаги натижа муҳим аҳамиятга эга бўлади. Очколар тенг келиб қолган тақдирда ўзаро учрашувлар натижасига қараб ким юқорироқда жойлаши белгиланади. Масалан, швейцарияликлар аллақачон венгрлардан устунликка эга, бу 3-турдан кейин муҳим омилга айланади. Германия эса очколар тенг келиб қолган тақдирда Шотландиядан тепада туради.

A гуруҳида 2-тур ўйинлари:

Германия — Венгрия, 19 июн, 21:00;
Шотландия — Швейцария, 19 июн, 00:00.

В гуруҳи

Испания тўпга эгалик қилиш борасида ортда қолди — бу 136 ўйиндан кейин илк бор кузатилди! Аммо жамоа Евро ғолиблиги учун даъвогар

Испания — Хорватия 3:0
Голлар:
Мората (29), Руис (32), Карвахал (45+2). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Петкович (80).
Испания – Симон, Карвахал, Начо, Ле Норман, Кукуреля, Фабиан Руис, Родри (Субименди, 86), Педри (Олмо, 59), Уилямс (Мерино, 68), Ямал (Ферран Торрес, 86), Мората (Ойарсабал, 67).
Хорватия – Ливакович, Станишич, Шутало, Понграчич, Гвардиол, Модрич (Пашалич, 65), Ковачич (Сучич, 65), Брозович, Маер, Крамарич (Петкович, 72), Будимир (Перишич, 56).
Огоҳлантириш: Родри (78).

Хорватлар доим жаҳон чемпионатларида кучли иштирок этишади, Еврода эса муаммолар юзага келади. Таркиб ёшармаяпти, бу айниқса ёш испанлар фонида сезилиб қолди. 16 ёшли Ламин Ямал Хорватия мудофаасини пароканда қилди, аммо голларни бошқалар уришди. Биринчи бўлим ўрталарида испанлар уч дақиқа ичида дарвозани икки бор ишғол этишди — голлар Алваро Мората ва Фабиан Руис ҳисобига ёзилди. Танаффус арафасида эса ҳимоя вакили — Дани Карвахал ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. 

Иккинчи бўлимда испанлар тинчланишди ва кейинги ўйинлар учун куч тежай бошлади. Жамоа ўйинни назорат қилишга қодирлигини кўрсатди ва йўқ жойдан муаммо яратмади. Эътиборли томони — испанлар 136 ўйинлик сериядан кейин илк бор тўпга эгалик қилиш борасида рақибдан ортда қолди (53 фоизга қарши 47), аммо бу умумий картинага таъсир кўрсатмади. 

Хорватлар эса голга ҳақли ўйнади ва гол уриши ҳам керак эди. Ўйиннинг асосий вақти якунига 10 дақиқа қолганида жамоа пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди, аммо барибир асосий эътибор ҳакам Майкл Оливерга қаратилди. У рақибни гол уриш имкониятдан маҳрум этиб, жарима майдони ичида яққол фол ишлатган Родрини майдондан четлатмади.

Кейин эса — Унай Симоннинг сейвидан кейин — Оливер ҳужумнинг иккинчи темпида урилган голни бекор қилди, чунки қайтган тўпга етиб келиб, Петковичга узатма берган Иван Перишич муддатидан олдин жарима майдонига кириб келган деб топилди.

Ўйин охирида кучли босим уюштирган хорватлар барибир йирик мағлубиятга учрашди.

Италия 23-сониядаёқ гол ўтказиб юборди, аммо иродали ғалабага эришди. Спаллетти жамоаси «ўлим гуруҳи»да қолиб кетмайди

Италия — Албания 2:1
Голлар:
Бастони (11), Барелла (16) — Байрами (1).
Италия – Доннарумма, Ди Лоренцо, Бастони, Калафиори, Димарко (Дармиан, 83), Жоржинио, Барелла (Фолоруншо, 90+2), Фраттези, Пеллегрини (Кристанте, 77), Кеза (Камбиязо, 77), Скамакка (Ретеги, 83).
Албания – Стракоша, Ҳюсай, Жимсити, Айети, Митай, Байрами (Мучи, 87), Рамадани, Аслани, Асани (Хожа, 68), Сефери (Лячи, 68), Броя (Манай, 77).
Огоҳлантиришлар: Пеллегрини (21), Калафиори (51), Броя (51), Хожа (74).

Ўйин албанларнинг рекорд даражадаги тезкор голи билан бошланди. Аутсайдер жамоа ҳужумчиси Байрами 23-сониядаёқ Европанинг амалдаги чемпионлари дарвозасини ишғол этди ва бу Европа чемпионатлари тарихидаги энг тезкор гол бўлди.

Лекин бу Албания мухлисларининг сўнгги хурсандчилиги бўлди. Италянлар дарҳол иккита гол билан жавоб қайтарди: 11-дақиқада ҳимоячи Алессандро Бастони, 16-дақиқада яримҳимоячи Николо Барелла. Ва шундан кейин ҳам Лучано Спаллетти жамоаси босим қилишни давом эттирди, аммо ҳужум чизиғи вакилларида аниқлик етишмади.

Иккинчи бўлим эса биринчисига қараганда зерикарлироқ кечди ва вазиятлар камроқ бўлди. Албания футболчилари чарчаб қолишди, Италияни эса минимал ҳисобдаги ғалаба қониқтирарди.

Биринчи турдан кейин испанлар ва италияликлар 3 тадан очко жамғариб, гуруҳдан чиқиш имкониятини яхшилаб олишган. Кейинги турда бу икки жамоа ўзаро ўйнайди. Ғолиб плей-офф йўлланмасини кафолатлайди. Дуранг қайд этилган ҳолатда икки жамоа ҳам 1/8 финалга максимал даражада яқинлашади, 4 очко билан энг яхши 16 жамоа сафига кириш имконияти юқори бўлади.

Хорватия эса кейинги турда Албанияни енгиши талаб этилади. Бу жамоаларнинг иккисига ҳам курашни давом эттириш учун ғалаба зарур. Мағлуб бўлган жамоа плей-оффга чиқишдан умид узса ҳам бўлади.

B гуруҳида 2-тур ўйинлари:

Хорватия — Албания, 19 июн, 18:00;
Испания — Италия, 20 июн, 00:00.

Мавзуга оид