Жаҳон | 10:01 / 21.06.2024
4901
7 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Ҳиндистонда миллий тиббиёт имтиҳони можарога сабаб бўлди – саволлар олдиндан сиздирилган бўлиши мумкин

Ҳиндистонда тиббиёт бўйича миллий имтиҳондан бу йил 67 нафар талаба максимал баллни қўлга киритган. Шу пайтгача бу рақам 1-3 нафарни ташкил қилиб келган. Ота-она ва абитуриентлар Миллий тест агентлигини фирибгарлик, саволларни сиздириб юбориш ва кўчирмачиликда айблаб, судга берди.

Воқеа қандай бўлди?

4 июн куни миллий тиббиёт имтиҳони натижалари эълон қилингач, 67 номзод максимал 720 балл олгани маълум бўлди. Миллий тиббиёт имтиҳони жорий қилинган 2016 йилдан бери бунақаси илк марта кузатилиши. Шу пайтгача ҳар йили 1-3 ва ҳатто айрим йиллари борорта ҳам талаба юқори баллни қўлга кирита олмай келар эди.

Бу йил 650-680 каби юқори балл олганлар сони ҳам ошиб кетди ва тиббиёт олийгоҳларига киришдаги рақобат ҳам кучайди. Бу абитуриент ва ота-оналар норозилигига сабаб бўлди. Улар имтиҳон ўтказишда хатолик бўлганини айтиб, буни аниқлаш учун суриштирув ўтказишни талаб қилишяпти. Бироқ МТА айбловларни рад этиб, бу йил кўп талаба имтиҳон топширгани учун ҳам баллар кўтарилиб кетган деган баёнот берган. Шунингдек, 1563 нафар номзодга имтиҳон марказларидаги кечикишлар ва физика саволида иккита тўғри жавоб бўлгани учун “имтиёзли балл” берилгани маълум қилинган. 67 нафар юқори балл тўплаганларнинг 50 нафари айнан шу имтиёз сабабли энг юқори баллга эга бўлган.

13 июн куни Ҳиндистон олий суди норозилар кўплиги учун қўшиб берилган имтиёз баҳоларини бекор қилди. Олий суд имтиёзли балл олган талабаларнинг қайта тест топширишини сўраган ва бу 23 июн куни ўтказилиши режалаштирилган. Аммо намойишчилар суд қарори улар кўтарган каттароқ муаммоларни, масалан, саволлар сиздирилиши, фирибгарлик ва тизимли коррупция каби айбловларни кўриб чиқмаётганидан норози.

Миллий тиббиёт имтиҳони нима?

Миллий мувофиқлик тести (бакалавриат) ҳиндистонликлар учун тиббиёт олийгоҳларига киришда кўприк вазифасини бажаради. У мамлакатдаги энг йирик имтиҳонларни ўтказувчи давлат ташкилоти Миллий тест агентлиги (МТА) томонидан ўтказилади.

Бу тестни ҳар йили миллионлаб талабалар топширади, бироқ кам қисмигина олийгоҳга кириш учун етарли балл йиға олади. Бу йил эса кўп номзодлар жуда юқори балларни қўлга киритган. Бу эса юқори балл олган бошқа номзодларнинг тиббиёт олийгоҳларига киришини қийин қилиб қўйди. Имтиҳон натижалари эълон қилингач, номзодлар ва ота-оналар тестни қайта ўтказишни талаб қилишни бошлади. Судлар ўнлаб аризалар билан тўлди.

Миллий тест агентлиги тест варақалари чиқиб кетгани ҳақидаги айбловни рад этди. Федерал таълим вазири Дҳармендра Прадҳан эса баъзи тест марказларида айрим тартибсизликлар бўлганини тан олди.

Ҳиндистон олий суди тест жараёнида 0,001 фоиз бепарволик аниқланса ҳам уни синчиклаб кўриб чиқиш керак деб баёнот берди. Лекин бу ҳаракатлар имтиҳонга ойларини, йилларини бериб тайёрланган номзодлар учун етарли эмаслиги айтиляпти.

Нега миллий тиббиёт имтиҳони муҳим?

Ҳиндистонда ҳар йили миллионлаб талабалар шифокор ёки муҳандис бўлиш учун ўқишга топширади. Бу касблар Ҳиндистондаги ишсизлик шароитида жуда қадрланади ва узоқ-муддатли барқарор ойлик маошни ваъда қилади ҳисоб.

Бу йил миллий тиббиёт имтиҳонида 110 минг ўрин учун 2,4 миллион номзод кураш олиб борган. Бу кучли босим ва шиддатли рақобат дегани. Умумий ўринларнинг 55-60 мингтаси давлат олийгоҳларига тегишли бўлса, қолганини хусусийлар ва кам таъминланган оила фарзандлари учун. Ўқиш арзонлиги учун давлат олийгоҳларига талаб ошиб кетади. Унда беш йиллик ўқиш 500 мингдан 1 миллион рупийгача ($ 5 992 - $ 11 984) етса, бу хусусий олийгоҳларда ўн баравар қимматга тушиши мумкин.

27 киши терговда

23 ёшли Сурбҳи Шарма 650 баллни қўлга киритган. У бу йилнинг ўзида 5 марта тест топширди. Шарма баҳолар кўтарилиб кетишига олдиндан сиздирилган саволлар сабаб бўлган деган фикрда. Унинг таъкидлашича, юқори балл тўплаганлар сони сезиларли даражада ошганига қарамай (650-680 балл оралиғида), ўрта балларни йиғганлар (610-640 балл)да бундай ўсиш кузатилмаган. “МТА расмийлари бу йил саволлар осон бўлгани сабаб кўпроқ номзодлар юқори балл олганини даъво қилишяпти. Агар шундай бўлганида, номзодларнинг бир қисми эмас, аксинча ҳаммаси юқорироқ балл олиши керак эди”, - деган у.

1 июн куни Олий судга 10 нафар талаба ариза киритиб, Биҳар штати пойтахти Патна шаҳридаги имтиҳон марказларида савол қоғозлари сиздирилганини даъво қилиб, қайта имтиҳон топширишга рухсат сўради. Биҳар полицияси имтиҳон ўтказилгандан кўп ўтмай айбловлар бўйича тергов бошлади. 10 июн куни улар 13 киши, жумладан, тўрт нафар талабани саволлар сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолатлар учун ҳибсга олган.

15 июн куни полиция бу ишга алоқадорликда гумон қилинган яна 9 нафар талабага хабарнома жўнатган ва уларни терговга чақирган. Полициячи Манавжит Сингх Дҳиллоннинг Times of India газетасига берган маълумотига кўра, 13 айбланувчи имтиҳондан бир кун олдин 30 нафар номзодга “хавфсиз уйда” юз минглаб рупий эвазига саволлар варақасини берган. У PTI ахборот агентлигига ҳам интервю бериб, суриштирув давомида расмийлар муддати ўтган чеклар ва қисман ёнган ҳужжатларни қайта тиклаганини ва маълумот олиш учун МТАдан савол варақаларини сўраганини айтган.

Саволлар сиздирилишдан ташқари, имтиҳон жараёнига кўчириш ва фирибгарлик айбловлари ҳам қўшилган. Полиция Деҳлида 3, Ражастҳанда 6 кишини номзодлар ўрнига тестга кирганликда гумон қилиб ҳибсга олган. Гужарат штатида эса Годҳрадаги имтиҳон марказида фирибгарлик режасига алоқадорликда гумон қилиниб, 5 киши ҳибсга олинган.

Сиёсий тортишув

Можаро ортидан мухолифатчи Бҳаратия Жаната партияси бошчилигидаги коалиция ҳукуматни миллионлаб талабаларнинг “орзуларига хиёнат қилиш”да айблаяпти.

Конгресс раҳбари Малликаржун Кҳарге Бош вазир Нарендра Модининг бу масалага бефарқ бўлмаслигига умид билдирган ва унинг ҳукуматини “МТА фирибгарлигини яширганликда” айблади. Шунингдек, партия қонунбузарликлар бўйича Олий суд томонидан тергов ўтказилишини талаб қилмоқда.

Олий суд 8 июл куни МТА имтиҳон натижалари билан боғлиқ бир қатор аризаларни, шу жумладан, тестни бекор қилиш даъволарини ҳам кўриб чиқади.

Мавзуга оид