Ўзбекистон | 20:52 / 21.06.2024
12579
4 дақиқада ўқилади

“Сардор Кариев озодликка чиқишига қаршилигимиз йўқ” — апелляция судида жабрланувчилар тингланди

21 июн куни “Док-1 Макс” иши бўйича апелляция судида суд тергови якунланиб, музокара қисми бошланди. Унда жабрланувчилар Сардор Кариевнинг онаси зарарни қоплаб берса, унга ва бошқа судланувчиларга даъволари бўлмаслигини билдирди.

“Док-1 Макс” иши бўйича апелляция судида музокаралар бошланди. 21 июн куни ўтказилган навбатдаги суд мажлисида сиропдан заҳарланган болаларнинг ота-оналари ҳамда яқинлари сўзга чиқди.

Жабрланувчилардан бирининг онаси Ҳилола Турсунбоева Кариевнинг жазосини енгиллатиш ёки олиб ташлашга ҳам қаршимаслигини айтди:

“Ўғлим “Амбронол” дорисидан заҳарланиб, 1,5 ой комада ётди. Ўзига келгач бошида сув йиғилган экан, икки марта операция қилинди. Ҳозир бошида шунт ўрнатилган, бир томони ишламайди. Қарзга ботиб кетдик, ёрдам берадиган биров бўлмади, қарз олишга мажбур бўлдик. Турмуш ўртоғим оддий ишчи, мен эса уй бекаси. Ҳозир боламизни даволатмасак бўлмайди, кўмак зарур жуда. Икки ёшга тўлишини комада кутиб олди, 3-даражали комада ётди. Ҳамма умид йўқ деганда, фарзандимни қайтариб берди. Лекин ҳозир ҳам ҳар кунимиз қўрқувда ўтмоқда, боламизга умр сўраб ўтирамиз”.

Унинг қўшимча қилишича, боласини яхшироқ жойда даволатиши учун  тезроқ пул маблағи ундириб берилиши муҳим.

“Кариевнинг жазосини енгиллаштирсангиз ҳам розимиз, уларнинг ҳам фарзанди бор, балки айбдордир, балки йўқ. Кариевнинг онаси ёрдам бераман деяпти экан, шуни олиб берсангиз бўлди бизга, жуда қийналиб кетдик”, дейди у.

Яна бир жабрланувчининг онаси моддий зарар ундириб берилса, даъвосидан воз кечишини таъкидлади.

“Бу ердаги оналарни кўриб, менга жуда оғир ботяпти. Ҳеч бир одамнинг бошига солмасин бунақа воқеани. Судланувчиларга қандайдир жазо сўрамайман, суднинг ўзига ҳавола бу.

Фақат боласининг касаллигидан фойдаланиб пул ундиряпти, деган гапни тўхтатинглар. Реанимация хонаси олдида ўтказган кунларимни ўзим биламан. Фарзандим омон қолди, лекин даволатиш керак. Шу пайтгача қарзга ботиб кетдик. Бир томондан фарзандим соғлиғини ўйласам, иккинчи томондан қарзларни тўлашни ўйлайман. Бу томондан маънавий зарар ҳам бўляпти. Хўжайиним ишлаш учун чет элга кетишга мажбур бўлди.

Агар моддий зарар ундириб берилса, мен даъвойимдан воз кечаман ва Кариевнинг уй қамоғига олинишига розиман. Агар шу фарзандим соғ бўлганда, булардан бир тийин ҳам керак эмасди. Судма-суд юришдан чарчадик”, дейди жабрланувчининг онаси.

Қорақалпоғистонлик жабрланувчининг қонуний вакили ҳам Кариев уй қамоғига олинишига розилигини билдирди:

“Қорақалпоғистондан келдим, олдинги судларда онлайн қатнашгандим. Юқорида бошқа жабрланувчилар айтган гапларга қўшиламан. Оддий ўқитувчиман ўзим, маошимиз кўп эмас, 3 та фарзандим бор. Қизимни даволатишга маблағимиз йўқ, қарзга ҳам ботганмиз. Кариев уй қамоғига олинса, маблағ тўлаб берилишига рози бўлишяпти. Бунга мен ҳам розиман”.

Шунингдек, хоразмлик жабрланувчининг қонуний вакили Кариевнинг онаси майдонга мард бўлиб чиқиб, жабрланувчиларга зарарни тўлаб бераман дегани учун миннатдорлик билдирди.

Суд 24 июнга қадар танаффус эълон қилди. Навбатдаги суд музокарасида адвокат ва судланувчилар нутқ сўзлайди.

Мавзуга оид