Спорт | 20:27 / 24.06.2024
12690
6 дақиқада ўқилади

Италия ёки Хорватия гуруҳда қолиб кетиши мумкин: Еврода 24 июн кунги ўйинлар

Албанияни фақат Испания билан ўйиндаги мўъжиза плей-оффга яқинлаштириши мумкин.

Фото: Getty Images

Бугун, 24 июн куни B гуруҳида муҳим ўйинлар бўлиб ўтади. Испания аллақачон ўзи учун плей-офф йўлланмасини ҳал қилган. Италия, Хорватия ва Албания эса 1/8 финал учун курашни давом эттиради. Қуйида 3-турда қайси жамоага қандай натижа кераклиги кўриб чиқилади.

Хорватия – Италия. 00:00/ Zo'rTV

2022 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медаллари совриндорлари Еврода муваффақиятли иштирок эта олмаяпти. 1-турда Хорватия Испанияга йирик ҳисобда мағлуб бўлди — 0:3, кейин эса Албания билан ўйинда 90+5-дақиқада ғалаба бой берилди — 2:2. Бир очко – Златко Далич жамоаси икки ўйинда қўлга киритишни кўзлаган очко эмас. Италия эса биринчи ўйинда Албанияни таслим этганди — 2:1, аммо кейин Испанияга кучи етмади — 0:1.

Плей-оффга чиқиш учун Италияга нима керак?

 

Италянлар учун барчаси оддий: жамоани Хорватия билан ўйинда дуранг ҳам қониқтиради. Шунда улар Испания – Албания учрашуви натижаси қандай бўлишидан қатъи назар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллайди. Италия барибир испанларни қувиб ўта олмайди ва албанларни олдинга ўтказиб юбормайди (ўзаро учрашувдаги ғалаба эвазига).Италянлар ғалаба қозонса ҳам иккинчи ўрин билан плей-оффга йўл олади.

Аммо мағлубиятга учралган тақдирда барчаси қизиқ тус олади. У ҳолда Лучано Спаллетти жамоаси Хорватияни олдинга ўтказиб юборади ва учинчи ўриндан юқорига кўтарила олмайди. Бундай сценарийда 1/8 финал йўлланмаси бошқа гуруҳлардаги натижаларга боғлиқ бўлади. Плей-оффга олти гуруҳдаги учинчи ўрин эгаларидан нисбатан яхшироқ кўрсаткичларга эга бўлган тўрт жамоа ҳам чиқади. Аммо уч очко ҳар доим ҳам плей-офф йўлланмасини кафолатлай олмайди. Қолаверса, Football Meets Data ҳисоб-китобларига кўра, В гуруҳининг учинчи жамоаси кейинги босқичига чиқиши эҳтимоли – 36 фоизга баҳоланган (барча гуруҳлар орасида энг ёмони).

Агар Италия Хорватияга ютқазса ва Албания кутилмаганда Испанияни мағлуб этса, Европанинг амалдаги чемпионлари плей-оффсиз қолиши 100 фоизга аниқ бўлади.

Плей-оффга чиқиш учун Хорватияга нима керак?

Хорватияни фақат ғалаба қутқаради. Шунда Златко Далич жамоаси очколари сонини тўрттага етказиб, Италияни қувиб ўтади ва Албания Испанияни енгган тақдирда ҳам камида учинчи ўринда бўлади. Агар Албания Испанияни енга олмаса, хорватлар иккинчи поғонага жойлашади. Агар Хорватия ҳам, албанлар ҳам ғалабага эришса, иккинчи ўрин тақдирини тўплар нисбати ҳал қилади. Ҳозирча бу кўрсаткич Албанияда яхшироқ:  хорватлардаги «-3» (2:5) га қарши «-1» (3:4).

Агар Златко Далич жамоаси Италия билан дуранг ўйнаса, катта эҳтимол билан плей-оффдан умид узади. Ҳали Евро тарихида бирор жамоа икки очко билан ҳам гуруҳдан чиқиши кузатилмаган. Мағлубият, табиийки, Хорватияни сўнгги ўринда қолдиради.

Албания — Испания: 00:00 / Zo'rTV (ёзиб олинган ҳолда)

Испания плей-офф масаласини ҳал қилган. Дастлабки турларда Хорватия (3:0) ва Италия (1:0) устидан ғалаба қозонган Луис де ла Фуэнте жамоаси биринчи ўринни ҳам кафолатлаган. Шундай экан, 3-турда испанлар аралаш таркибда ўйнаши кутилмоқда. Родри дисквалификация туфайли бу ўйинни ўтказиб юборади. Шунингдек, мураббий сариқ карточкаси бор Карваҳал ва Ле Норманни аяшга ҳаракат қилиб, ўйнатмаслиги мумкин.

Албания эса турнирдаги энг яхши ўйинини кўрсатиши талаб этилади. Силвинио жамоаси олдинги ўйинларда ҳам ёмон ҳаракат қилмади: жамоа Италияга ҳам, Хорватияга ҳам биринчи бўлиб гол урди. Аммо икки ҳолатда ҳам очко йўқотди. Италия якунда вазиятни ўз томонига оғдирди (1:2), хорватлар билан эса дуранг ўйналди (2:2).

Испанлар захира таркибини ўйнатган тақдирда ҳам, ғалаба қозониш учун албанларга мўъжиза керак бўлади. Буни бош мураббий Силвинио ҳам айтиб ўтди: «Испаниянинг иккинчи жамоаси ҳам Евро финалида ўйнаб, унда ғалаба қозониши мумкин. Биз қилмоқчи бўлган ишимизга бутун диққатимизни қаратишимиз керак бўлади. Испанияда вариантлар кўп. Унинг ўйинчилари иштиёқ билан тушади, улар ўз ўйинини кўрсатишади. Бизга ҳам мўъжиза кўрсатиш учун мотивация керак».

Плей-оффга чиқиш учун Албанияга нима керак?

Албанлар учун ғалаба ҳаёт-мамот масаласи. Шунда Силвинио шогирдлари ҳисобидаги очколар сони тўрттага етади ва жамоа камида учинчи ўринни эгаллайди. Италия мағлубиятга учраб, Хорватия ғалаба қозонган тақдирда эса иккинчи ўринга кўтарилиш ва плей-оффга тўғридан тўғри йўлланма олиш имконияти ҳам бўлади. Аммо бунинг учун албанларда тўплар нисбати хорватияликларникидан яхшироқ бўлиши керак. Очколар тенг келган ҳолатда биринчи навбатда ўзаро учрашув натижасига қаралади (Албания ва Хорватия дуранг ўйнаган), кейин эса – урилган ва ўтказиб юборилган голлар нисбати инобатга олинади. Албанларда ҳозирча бу яхшироқ («-1», хорватларда «-3»).

Агар Албания ғалаба қозонса, Италия эса Хорватия билан ўйинда ҳеч бўлмаганда бир очко олса, Силвинио жамоаси учинчи поғонани эгаллаши аниқ бўлади. Испания билан ўйиндаги дуранг албанларни қониқтирмайди. Бу сценарийда ҳам, параллел учрашувда Италия Хорватияни енгса, Албания учинчи ўринда бўлади. Аммо икки очко билан плей-оффга чиқиб бўлмайди.

Мавзуга оид