Ўзбекистон | 21:48 / 28.06.2024
5104
4 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар ташкилоти ҳузурида Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси таъсис этилди

Янги Алянс орқали туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган транспорт инфратузилмаларини яратиш, бизнес структураларини ўзаро боғлаш ҳамда муаммоларга ҳамкорликда ечимини топишга умид билдирилмоқда.

Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига 2019 йилда тўлақонли аъзо бўлган эди. Бугунги кунгача эса ушбу ташкилот доирасида бир қанча муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Тошкентда 28 июн куни Туркий давлатлар ташкилоти ҳузурида Логистика марказлари ва юк ташувчилар алянси таъсис этилишига бағишланган учрашувлар бўлиб ўтди.

Ушбу алянс ташкил этилар экан, давлатлар ўз лойиҳаларини қандай молиялаштиради ва инвестицияларни қандай жалб этади? Бундан ташқари, Озарбойжон, Туркия ва Марказий Осиёни боғловчи Зангезур коридори ҳақида ҳам сўз юритилди.

Биз эса бир қанча саволлар билан бугунги учрашув иштирокчилари ва ташкилотчиларига юзландик.

— Янги лойиҳа бошланар экан, унга инвестиция жалб қилиш каби масалалар туради. Логистика марказлари қуриш учун зарур бўлган инвестициялар ҳажми ҳисобланганми, улар қандай молиялаштирилади?

Бекзод Холматов, Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори: — Бугунги тадбир асосан алянсни ташкил этиш бўйича ўтказилди. Хусусий сектор вакиллари томонидан алянс ташкил этилди логистика марказлари ва юк ташувчилар ўртасида.

Инвестиция киритиш бизнес вакиллари, яъни хусусий сектор томонидан амалга оширилади. Алянснинг кейинги йиғилишларида қайси лойиҳаларни амалга ошириш қизиқроқ бўлади, бир нечта тадбиркор томонидан ўша лойиҳани амалга ошириш масалалари кўрилади. Шунинг учун бу платформа логистика соҳасидаги бизнес вакилларини бирлаштириб, лойиҳаларни ҳамжиҳатликда амалга ошириш имконини беради.

Ҳозирча қайси логистика маркази айнан қаерда қурилиши, ҳисоб-китоблари ҳақида маълумотлар йўқ. Лекин бу нарса туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган транспорт инфратузилмаларининг яратилишида ва алянснинг бевосита йўналишларидан бири ҳисобланади.

— Мақсад ва стратегиялар ҳақида маълумот борми?

Бекзод Холматов: — Ташкил этишдан асосий мақсад — бизнес структураларини ўзаро боғлаш, ҳамкорликда ишлаб, муаммолар ечимини топиб, бирга ривожлантириш. Рақобат ўз йўлига, лекин биргаликда қилинадиган ишлар бор.

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари томонидан ҳам таклифлар берилди. Масалан, юк ҳужжатларини рақамлаштиришда ҳамкорлик, Боку кемасозлик корхонасида ишлаб чиқариладиган кемаларни ҳамкорликда қуриш, туркий давлатлар логистика марказларини боғлаган терминал қуриш каби таклифлар бўлди. 

— Кўплаб таҳлилчилар Зангезур коридорини туркий дунё эшиги дейди. Туркий давлатлар логистик алянсида Зангезур коридорининг роли қандай?

Худаяр Ҳасанли, Боку халқаро денгиз савдо порти бўлим бошлиғи: — Интервю учун миннатдорчилик билдираман.

Озарбойжон Ғарбий давлатларга Грузия орқали Қора денгизга чиқиш имкониятига эга. Бу барча коридор ўйинчилари учун, шу жумладан Озарбойжон, Марказий Осиё ва Туркия учун ҳам, умуман туркий дунё учун ажойиб имконият.

Зангезур коридорини ривожлантириш бўйича икки хил ёндашув мавжуд. Биринчиси, глобал логистика учун, иккинчиси эса минтақавий логистика салоҳияти учун.

Масалан, Хитойдан Қора денгизга, Грузия портларига, Озарбойжонга, Марказий Осиёга уланиш учун катта имконият.

Биз камида икки ҳафта вақт ва нарх тежашни мақсад қиляпмиз ва уларни Туркиянинг жануби Мерсин портларига улаш учун шарқдаги йўналишларидан фойдаланамиз, Мерсиндан Марказий Осиё, Хитойдан океан транспорти орқали Озарбойжонга улаш ҳам мумкин. Бу барча минтақавий мамлакатлар учун жуда самарали йўналиш бўлади.

Шунингдек, Зенгезур коридори мамлакатларимиз иқтисодиёти ривожланишига ҳисса қўшади. 

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид