Жаҳон | 18:25 / 02.07.2024
5609
4 дақиқада ўқилади

“Эрон президентлигига номзодларга аҳоли ишончига кириш учун вақт камлик қилди” — Азим Умидий

Эроннинг “Тасним” янгиликлар агентлиги халқаро ишлар бўйича директори Азим Умидийга кўра, президент 2-турда аниқланиши аввалдан кутилган эди, чунки 50 кун ичида сайловни ўтказиш осон иш эмас, номзодлар учун бу муддат етарли бўлмади, дейди у Kun.uz билан суҳбат чоғида.

Президент Иброҳим Раисийнинг вафотидан 50 кун ўтиб, Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди.

Аввалига президентликка номзод бўламан деганлар анчагина эди, лекин давлат қонун-қоидаларига мувофиқ, Конституция қўриқчилари кенгаши ва олий диний раҳнамо тасдиғидан фақат 6 нафар номзод ўта олди. Сайловдан аввал эса икки номзод, жумладан марҳум Раисийнинг ўринбосарларидан ҳисобланган вице-президент Қозизода Ҳошимий пойгадан чиқди. 28 июн кунги сайловда бирор номзод кўпчилик овозни тўплай олмади ва иккинчи тур бўлиб ўтиши маълум қилинди.

Дастлабки натижаларга кўра, ислоҳотчилардан ягона номзод бўлган Масъуд Пезешкиён 42,5 фоиз овоз билан етакчилик қилди. Консерваторлардан Саид Жалилий 38,5 фоиз овоз билан 2-ўринни олди. Муҳаммад Бағер Ғолибоф ва Мустафо Пирмуҳаммадийларга эса жуда камчилик овоз берган. 5 июл, жума куни нисбатан кўп овоз тўплаган Пезешкиён ва Жалилийлар ғолиблик учун курашади.

Эроннинг “Тасним” янгиликлар агентлиги халқаро ишлар бўйича директори Азим Умидийга кўра, президент иккинчи турда аниқланишини аввалдан тахмин қилиш мумкин эди. Чунки 50 кун ичида сайловни ўтказиш осон иш эмас, номзодлар учун бу муддат етарли бўлмади, дейди Умидий Kun.uz билан суҳбат чоғида.

Биринчидан, Эрон президентини фожиали тарзда йўқотгани стрессидан ҳали халос бўлганича йўқ. Конституцияга кўра, 50 кун ичида янги президент танланиши керак. Бу ҳукумат учун анча қийин вазифа ва кам муддат ҳисобланади. Номзодларга келсак, 6 нафари танланганди, 2 таси сайловга 1 кун қолганда пойгаси якунланганини маълум қилди. Сабаби – улар халқ орасида сиёсий машҳурликка эришиб улгурмади. Лекин асосий сабаб бу эмас. Уларнинг иккаласи ҳам консерваторлардан, улар ўз партиядошларига кенгроқ имкон бериш учун сайловдан воз кечишга мажбур бўлди. Буни мен Эрон сиёсий тизимидан келиб чиқиб нормал қарор дея оламан, чунки номзодлар партияси ички келишувдан кейин шу йўлни танлаган”, – дея таъкидлади Умидий.

Қатор манбалар сайловда етакчилик қилаётган Пезешкиён ўзини ислоҳотчилардан қилиб кўрсатса-да, у олий диний раҳбарга содиқ эканини, ваъда қилаётган ислоҳотлар пакети амалга ошмаслигини ёзмоқда. BBC телеканалига кўра, Пезешкиённинг Эронда аёллар қоида асосида кийинишига қаттиқ қарайдиган ахлоқ полицияси хатти-ҳаракатларига қарши гаплари аҳоли ўртасида машҳурликка эришган. Шарҳловчиларга кўра, бу – Эрон ва давлатнинг оҳанги ўзгармайди.

Эронда бугун 61,5 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Лекин сайловда бор-йўғи 40 фоиз аҳоли қатнашган. Бу 1979 йилги инқилобдан бери энг кам натижа дегани. Олий ҳокимият эгаси Хоминаий эса сайловдан аввал одамларни фаол бўлишга бот-бот чақирган эди. CNN'га кўра, Эрон фуқаролари бу сайловда жуда пассив. Халқ сайлов ва ким президент бўлишига бефарқлик билан қарамоқда. Демократияга ишонч энг қуйи даражада, халқ иштироки бу давлатчилик моҳияти, Ислом республикасининг жаҳондаги мавқеини белгилаб беради, дея хабар берган телеканал.

Бугун Вашингтонда яшаётган Халқаро сиёсат марказининг катта илмий ходими, эронлик таҳлилчи Сина Тооссининг фикрича, Пезешкианга сайловда қатнашиш рухсати жараённи бироз бўлса-да қизиқроқ тусда ўтиши шарти билан берилган. Бу сайловни янада динамик, жозибадор қилиш стратегияси, дейди таҳлилчи.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид