Ўзбекистон | 11:37 / 13.07.2024
7626
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда бошқарув сервис компанияси мансабдорлари талон-торожда гумонланмоқда

Учтепа туманидаги иккита маҳаллага хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компанияси мансабдорлари аҳолидан йиғилган 600 млн сўмдан ортиқ маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Учтепа туманида бошқарув сервис компаниясидаги талон-торожлик фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда тумандаги “К.Ч.” ва “Б.” маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатувчи “A.K.” МЧЖ бошқарув сервис компанияси масъул шахслари 2022 йилдан 2024 йил 1 июлга қадар аҳолидан йиғилган жами 1,6 млрд сўм маблағларни сарфлангани ҳақидаги чек, счёт-фактура, йўл варақаси, қайта ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишлар ҳақидаги далолатномаларни расмийлаштирмагани аниқланган. Шунингдек, улар МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилинган 604,4 млн сўмни нақд кўринишда олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид