Иси пайкални тутган обиноввотлар: қовун даласидан репортаж
Фарғонанинг Тошлоқ туманида қовун етиштираётган Ғайратжон аканинг қўли қўлига тегмайдиган кунлар аллақачон келган. Қовунлар айни пишган пайт. Обиноввотлар ҳиди бутун пайкални тутган.
Тошлоқлик Ғайратжон Раҳимов ер билан тил топишиб, қовун экишнинг ҳавосини олган деҳқонлардан. У қовун ортидан яхшигина даромад топиб келяпти.
“Ёшлигимиз бепоён далаларда ўтди, деҳқончиликни ҳандалак экишдан бошлаганмиз. Отам ҳам миришкор деҳқон эди.
Тонг саҳар уйғониб пайкалга қарасангиз кўзингиз қувнайди, атроф ям-яшил, қовун ҳиди димоққа уриб туриши роҳат беради, меҳнатининг чарчоқлари чиқиб кетади.
Бу йил 80 сотих ерга кўкча билан обиноввот навларидан экдим. Ҳозирда қовунлар пишган, ҳар куни бозорга чиқараман, дам олиш йўқ, халққа етказиб турибмиз. Бу йил мўлчилик бўляпти, халқ маза қиляпти, арзончилик.
Ўтган йили ҳосил камроқ бўлгани учун килограммга ўлчаб сотгандик, бу йил эса донага сотиляпти, 4 мингдан 6 минггача сотяпман донасини. Халқ дуо қилса бўлди. Шунинг ўзи кифоя.
Қовунни кечки пайт ёки саҳарда узиш керак, акс ҳолда, яхши чиқмайди. Ҳар куни кечки пайт узиб қўяман-да, эрталаб Фарғона шаҳридаги деҳқон бозорига олиб бориб сотаман.
Аввалги қовун навлари ширинроқ бўларди. Касалликка чидамли деб янги қовун навлари экилиб, кампир қовун, амир қовун, кўкча, обиноввот каби навлар камайиб кетганди, бу йил шу қовунларни ҳам кўряпман бозорда. Бу навлар жуда ширин бўлади, ўзимизнинг нав-да.
Тарвузнинг енгили, қовуннинг оғирини ол, деган гап бор. Ҳақ гап. Банд жойигача сарғайиб, тўрланиб турган қовун пишган бўлади”, дейди деҳқон биз билан суҳбатда.
Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров
Мавзуга оид
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
22:57 / 21.12.2024
Фарғонадаги портлаш, Жиззахга янги ҳоким ва кадастрдан тадбиркорларга “қора хат” — ҳафта дайжести
21:23 / 21.12.2024
Фарғонадаги цехда юз берган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди
16:56 / 20.12.2024