Жаҳон | 11:03 / 09.08.2024
2566
3 дақиқада ўқилади

Каталония сепаратистлари етакчиси Пучдемон Испанияга қайтди

2017 йилдаги референдумдан сўнг Испанияни тарк этган Каталония собиқ раҳбари Карлес Пучдемон Барселонада пайдо бўлди ва тарафдорлари билан гаплашгач, яна ғойиб бўлди. У қўлга олиниши мумкин.

Фото: AP

Мажбурий муҳожирликда деярли етти йил бўлгандан сўнг, Испания полицияси томонидан қидирилаётган Каталония маъмуриятининг собиқ раҳбари Карлес Пучдемон Испанияга қайтиб келди. 8 август, пайшанба куни 61 ёшли каталониялик сепаратист етакчи ўз партияси сиёсатчилари ҳамроҳлигида Барселона марказида пайдо бўлди ва тарафдорлари билан суҳбатлашди.

«Улар бизни етти йилдан бери фақат Каталония халқига овоз бериш ҳуқуқини бермоқчи бўлганимиз учун таъқиб қилмоқда», деди у қисқа нутқида. Трансляция Пучдемоннинг YouTube-каналида намойиш этилди.

Шундан сўнг Пучдемон Барселонадаги парламент йиғилишида иштирок этмоқчи эди, унда социалист Салвадор Иля Каталония раҳбари этиб тасдиқланиши керак. Пучдемоннинг бинога киришига йўл қўймаслик учун парламентга катта миқдордаги полиция контингенти олиб келинди, деб ёзади dpa. Бироқ Каталония маъмурияти раҳбари сайловлари бўлгинчилар етакчиси йўқлигида бошланди, деб ёзади Испания матбуоти. Унга кўра, Пучдемон яна ғойиб бўлган.

Пучдемон ҳибсга олиниши мумкин

Каталония собиқ раҳбари қўлга олиниши мумкин, чунки Испания адлия тизими уни талон-торож қилиш йўли билан шахсий бойиб кетишда айблаб ҳибсга олиш учун ордер берган. ОАВ хабарларига кўра, у полициянинг мувофиқлаштирилган ва махфий ҳибсга олиш таклифини рад этган.

Июл ойи бошида Испания Олий суди 2017 йилда ушбу автоном вилоят мустақиллиги бўйича референдум ўтказишда айбдор деб топилган Пучдемонга нисбатан амнистияни тасдиқлашдан бош тортган. Суд қарорига кўра, у ва Каталониядаги айирмачилик ҳаракатининг бошқа баъзи етакчилари давлат пулларидан фойдаланиб, ноқонуний референдум ўтказиб, бойиб кетишган. Шу муносабат билан амнистия тўғрисидаги қонун уларга нисбатан қўлланмайди.

Аввалроқ, Карлес Пучдемон амнистия кучга киргач, Испанияга қайтишга тайёрлигини билдирди. У сайловлардан кейин яна Каталония ҳукуматига раҳбарлик қилмоқчи эди. 

Социалист Иля Каталонияга раҳбарлик қилади

Шу билан бирга, 2010 йилдан бери Каталонияни биринчи марта бу ҳудуд Испаниядан ажралиб чиқишига қарши бўлган сиёсатчи бошқаради. Каталония парламенти Испания бош вазири Педро Санчеснинг ишончли вакили бўлган социалист Салвадор Иляни вилоят маъмурияти раҳбари лавозимига тасдиқлади, деб ёзади AFP 8 август куни.

Мавзуга оид