Андижонда дарсга кеч келган қизлар жазо сифатида ўтириб-турғазилди. Бу мумкин эмас
Андижон шаҳридаги 5-мактабда кечикиб келган ўқувчи қизлар ўтириб-туриш машқи билан жазоланаётгани акс этган видео Kun.uz'га келиб тушди. Манбага кўра, мактаб директори дарсга вақтида келмаган болаларни ҳар куни шундай жазолайди. Бу – ички тартибни бузган ўқувчилар билан ишлаш қоидаларига зид.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, ҳозирда Андижон шаҳридаги 5-мактабда 3 803 нафар ўқувчи таҳсил олади. Kun.uz манбаларига кўра, муассаса директори дарсга кеч қолган болаларни турли жисмоний машқлар билан жазолайди.
Таҳририятга келиб тушган видеода, бир гуруҳ ўқувчи қизлар мактаб дарвозасидан кирган жойларида ўтириб-туриш машқини бажараётганини кўриш мумкин.
“Касал ўқувчилар ҳам бор, уларга бирор нима бўлса, [директор] олдини оладими?” – дейди мактаб яқинида яшовчи фуқаро.
Болани бу тахлит жазолаб бўлмайди
5-мактаб директорининг ўқувчиларни жазолаши – 2022 йил июлда вазир буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”га зид.
Ҳужжатга кўра, ўқитувчилар жамоа аъзолари ва бошқаларнинг шахсияти, қадр-қиммати камситилиши, ўқувчиларни дарс машғулотларидан асоссиз чиқариб юбориш ёки киритмаслиги ҳамда чиқиш қўнғироғи чалингандан кейин ўқувчиларни синфхонада ушлаб ўтириши ҳам мумкин эмас.
Ўқувчилар ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда уларнинг қоғоз ёки электрон кундалигига танбеҳ ёзиши, қоида бузилиш ҳолатлари такроран кузатилганда эса ўқувчини мактаб ички назорат рўйхатига олиш ва якка тартибда шуғулланиш, бу ҳам фойда бермаса, қоида бузган ўқувчини бошқа синфга ўтказиш, синф жамоаси орасида муҳокама қилиш, ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)ни мактабга таклиф қилиш белгиланган.
“Бу – боланинг конституциявий ҳуқуқларини бузиш”
Хабар тўлдирилди. Болалар омбудсмани юқоридаги ҳолатни ўрганаётганини маълум қилди.
“Таълимдаги тартиб-қоидалардан четга чиқиб, ўқувчиларга нисбатан турли жазолаш усулларини қўллаш ҳамда болани оммавий изза қилиш унинг шаъни ва қадр-қимматини поймол этади – бу боланинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир. Бундай номақбул ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас”, – дейилади бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг баёнотида.
Мавзуга оид
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
16:59 / 04.12.2024
Андижондаги мутасаддиларнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун огоҳлантирув ҳужжати киритилди — Болалар омбудсмани
14:47 / 04.12.2024