Жаҳон | 17:00 / 17.09.2024
15258
7 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Украинанинг Донецк яқинидаги гуруҳига қуршов таҳдид солмоқда

Донецк яқинида — Невелске посёлкаси яқинидаги украин гуруҳи — қуршовга тушиш хавфи остида қолган. Россия армияси бу ҳудудда юзага келган «котёл»ни ёпиш учун 5 км масофани босиб ўтиши кифоя.

Фото: Reuters

Бу ҳудуддаги вазият август ойи охирида, Россия қўшини Покровск ва Селидове мудофаасига босим қилишни тўхтатиб, бирданига жанубга бурилганидан кейин ёмонлаша бошлади.

Улар Курахово шаҳри томон тезлик билан ҳаракатланиб, шарқда, Невелске, Горняк ва Красноҳоривка оралиғидаги ҳудудда жойлашган украин гарнизонини асосий кучлардан узиб қўйишни бошлади.

РФ армияси «котёл»ни ёпиш учун бир вақтнинг ўзида шимолдан ва жануби-шарқдан ҳам юриш бошлади. 16 сентябр ҳолатига кўра, украинлар чекиниши учун қолган ҳудуд кенглиги атиги 5 км атрофида.

Россиялик ҳарбийлашган блогерларнинг телеграм-каналларида бир неча бор Украина қуршовдан қочиш учун ўз гарнизонини олиб чиқиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Аммо бундай бўлмаган бўлиб чиқмоқда.

BBC Украина хизмати Невелске атрофидаги вазият юзасидан изоҳ сўраб, «Таврия» ва «Ҳортица» оператив қўшин гуруҳлари вакилларига мурожаат қилган.

Қуршовдан қутулиб қолиш мумкинми?

«Ахборий қаршилик» гуруҳининг украиналик ҳарбий таҳлилчиси Константин Машовец бу ҳудуддаги вазиятни «таҳдидли» деб атаган ва бу вазият «ҳалокатли» даражагача ўзгариши мумкин деб ҳисобламоқда.

Унинг маълумотига кўра, Россия армияси бу бўртиқ ҳудуд жанубида Красногоривкидан ғарбдаги Острое ва Александропол қишлоқлари йўналишида юриш қилмоқда. Шимолда эса Россия қуролли кучлари аллақачон Галициновка қишлоғини эгаллаган ҳамда Желанное-1 ва Украинск посёлкалари учун жанг олиб бормоқда.

Россия мудофаа вазирлиги 14 сентябр куни Желанное-1 эгаллангани ҳақида хабар берган. Аммо Украинадаги манбалар бу маълумотни ҳозирча тасдиқламади.

Ушбу аҳоли яшаш манзили бой берилиши Невелскедаги украин гуруҳига таъминот етказиб бериладиган деярли барча йўллар рақиб назоратига ўтганини англатади. Бу ҳолатда фақат дала йўллари орқали қуршовдан чиқиш мумкин бўлиб қолади, қолаверса, Волчя дарёсини кечиб ўтиш талаб этилади.

«Агар душман бу йўналишда ҳаракатланишда давом этса, бу Покровск жануби-шарқини ушлаб турган гуруҳимизнинг бутун қаноти учун ҳалокатли бўлиши мумкин», — дея қайд этади Машовец.

Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, РФнинг бу режаси «украин қўмондонлиги учун сир ҳам эмас».

Украина қуролли кучлари Горняк — Желанное-2 — Александропол — Кураховка ҳудудларини ушлаб туришда давом этаркан, бу уларнинг Волчя дарёси бўйлаб ўтиш жойларидаги мудофааси барқарорлигини таъминлайди, дейди эксперт.

Украин армияси Покровск ва Селидово атрофида россияликлар ҳужумини тўхтатиб турибди

Яъни бу нафақат Невелскедаги гуруҳ таъминотига имкон қолдиради, балки зарурат бўлганда уни зудлик билан олиб чиқишга ҳам.

Бундан ташқари, Машовецнинг ёзишича, Украина қуролли кучларининг илғор бўлинмалари аллақачон рақиб билан арергард жанглари олиб бориш орқали ушбу плацдармни уюшган ҳолда ва босқичма-босқич тарк этишни бошлаган.

Аввал худди шу таҳлилчи фронтнинг мазкур участкасидаги кучларнинг тенгсизлиги ҳақида ёзганди. Унинг сўзларига кўра, Невелске плацдармини украин томонидан фақат бир неча баталён ушлаб турибди ва улар ҳам «тўлиқ таркибда эмас». Уларга қарши эса РФ армия корпуси (15 мингдан 30 минггача жангчига эга) қарши қўйилган.

Бундай шароитда позицияларни ушлаб туриш фавқулодда мураккаб ҳисобланади. Аммо кичик гарнизонни қуршовдан олиб чиқиш ҳам осонроқ.

Россия армияси Донбассда нимани режалаштирган?

Украина қўмондонлигидагилар фикрича, Россия Покровскка — Донецк областининг стратегик муҳим шаҳрига — юриш қилиш режасидан воз кечмаган ва ҳозирда ўз гуруҳининг қанотларини мустаҳкамлаш билан шуғулланмоқда.

«Улар Покровскка яқинлашиб, уни ярим қуршов ҳолатига тушириш ва кейин шаҳарни вайрон қилишга киришиш учун қанотларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда», — деган BBC мухбири Абдужалил Абдурасуловга Украина қуролли кучлари 59-бригадасидан бўлган майор Сергей Цехоцкий.

Украина қуролли кучлари 59-мотопиёдалар бригадаси артиллерияси август ойи охирида россияликлар штурмини қайтармоқда. Бу бўлинма Невелске ва Красноҳоривка атрофидаги позицияларни ушлаб турибди

110-бригаданинг танк баталёнига раҳбарлик қилувчи подполковник Олег Демяненко ҳам Россия қўшини ҳозирда Покровскни тўғридан тўғри штурм қилиш ўрнига қанотлар бўйлаб ҳаракатланаётганига урғу беради.

Аммо унинг тасдиқлашича, айни вақтда россияликлар асосий эътиборини жанубий қанотга, яъни Курахово йўналишига қаратган.

Россия қўшини украин позицияларига кичик гуруҳлар ва кўпинча зирҳли техникаларсиз ҳужум қилмоқда, дейишади ҳарбийлар.

«Улар икки-уч кишини юборади, бундай гуруҳлар майдондаги муайян нуқтагача етиб олишга ҳаракат қилади, — дея изоҳлайди. — Кейин бошқалар ҳам шу нуқтага етиб келишга уринади. Ва 10-15 киши бўлишгач, улар бизга ҳужум қилишга ҳаракат бошлайди».

РФ армияси тез илдамлаётгани учун Покровск аҳолиси зудлик билан эвакуация қилинмоқда

Курахово ҳудуди мудофааланиш учун ҳам, юриш қилиш учун ҳам мураккаб ҳисобланади, чунки у текисликда жойлашган, дейди Украина қуролли кучлари 33-бригадасидан бўлган Назар Войтенков. «Биз далани мунтазам равишда ўққа тутамиз. Россияликлар бу ерда транспорт ва одамларини йўқотмоқда», — дея ҳикоя қилади у.

Ҳарбийнинг сўзларига кўра, унинг бригадаси олдинги чизиқдаги позицияларини муваффақият билан ушлаб турибди.

Курахово Покровскка қўшинлар ҳаракатланадиган ва фронт чизиғига таъминот етказиб бериладиган йўллар билан боғланган.

Агар россияликлар Кураховони олишса, кейин Покровскка янги йўналишдан ҳужум қилиш учун шимолга юриши мумкин, дейди Украинанинг DeepState OSINT-проекти таҳлилчиси Роман Погорелий.

Яна бир эҳтимолга кўра, улар украин қўшини ортидан Вуҳледарга ҳужум қилиши мумкин, дея қўшимча қилади у. Бу Донбассдаги фронт чизиғининг жанубий участкасида жойлашган кўмирчилар шаҳри бўлиб, россияликлар уни эгаллаш учун кенг кўламли уруш бошидан буён ҳаракат қилиб келади.

Куз бошида РФ армияси Вуҳледар йўналишида босимни кучайтириб, шаҳардан шарқ ҳамда ғарбдаги аҳоли яшаш манзилларини эгаллаб олди ва ҳозирда бу ҳудуддаги украин гарнизонининг таъминот йўлларини тўсиб қўйишга яқин турибди.

Мавзуга оид