Ню-Йорк мэри сайловолди кампанияси учун хорижий давлатлардан пул олишда гумонланмоқда. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор
Ўзбекистон — Адамс ташриф буюрмаган ягона мамлакат сифатида мазкур давлатлар орасида алоҳида ўрин тутади.
Ню-Йорк шаҳри мэри Эрик Адамс 2021 йилги сайлов кампанияси учун хорижий мамлакатлардан маблағ олганликда гумонланиб, федерал терговчилар диққатини тортди. 2023 йил ноябр ойида мэр алоҳида федерал текширув доирасида телефонларини топширганди. Ушбу текширув унинг 2021 йилги сайлов кампанияси Туркия фуқаролари ва давлат амалдорларидан ноқонуний хайр-эҳсонлар олган-олмаганлигини аниқлашга қаратилган.
Eyewitness News нашри тасдиқлашича, текширув Адамснинг нафақат Туркия, балки Исроил, Қатар, Хитой, Жанубий Корея ва Ўзбекистон билан алоқаларини ҳам қамраб олган. Ўзбекистон — Адамс ташриф буюрмаган ягона мамлакат сифатида мазкур олтита давлат орасида алоҳида ўрин тутади.
Терговчилар 2021 йилги сайловлар олдидан Адамснинг сайловолди штаби чет элдан ноқонуний хайрия маблағларини олиш мақсадида Туркия ҳукумати билан тил бириктирган ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, мэрнинг хавфсизлик муаммоларига қарамай, баланд биноли янги турк консулхонаси қурилишини маъқуллаш учун ўт ўчириш хизматига тазйиқ ўтказгани ҳақидаги гумонлар ҳам ўрганилмоқда.
Ҳозирда прокурорлар яна бешта давлат — Исроил, Хитой, Қатар, Жанубий Корея ва Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликка оид қўшимча маълумотларни қидирмоқда.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарликни инкор этаётган мэр Адамс Бронксдаги жамоатчилик билан учрашувда унинг маъмурияти бор эътиборини шаҳарга хизмат кўрсатишга қаратганини айтди.
“Ню-Йорк шаҳрининг ўз ишига фидойи бўлган бу жамоаси шаҳар тарихидаги энг хилма-хил маъмуриятлардан бири ҳисобланади. Улар барчамизга яхши маълум вазифани бажариш йўлида бизни олдинга етаклашда давом этмоқда”, — деди Адамс.
Хабарга қўшимча қилинишича, мэр Адамс маъмуриятининг яна бир юқори мартабали амалдори истеъфога чиқяпти. Ню-Йорк шаҳар соғлиқни сақлаш бўйича комиссари, доктор Эшвин Васан душанба куни истеъфога ариза берди ва йил охиригача ўз лавозимини тарк этади.
У Адамс маъмуриятига нисбатан давом этаётган федерал тергов туфайли эмас, балки шахсий сабабларга кўра лавозимини тарк этаётганини айтган.
Мавзуга оид
10:19 / 03.12.2024
Руминияда президентлик сайловлари биринчи тури натижалари тасдиқланди
17:33 / 02.12.2024
Яна Лондон — дунёнинг энг яхши шаҳарлари эълон қилинди
15:11 / 02.12.2024
Исландиядаги сайловларда социал-демократлар ғалаба қозонди
10:42 / 02.12.2024