Жаҳон | 18:00 / 12.10.2024
3855
2 дақиқада ўқилади

Ерда 70 мингдан зиёд номаълум вируслар аниқланди

Уларни қидиришда сунъий интеллект иштирок этди.

Сидней университети олимлари ва уларнинг бошқа муассасалардаги ҳамкасблари фанга номаълум ўн минглаб вирусларни топишга муваффақ бўлди. Уларни қидиришда сунъий интеллект иштирок этди. Cell журналида чоп этилган янги тадқиқотга кўра, мутахассислар ноёб микроорганизмларнинг “тубсиз ўраси”га дуч келган.

Бу вазифани бажаришда олимлар LucaProt чуқур ўрганиш алгоритмини ишлаб чиқди. Нейрон тармоғи миллионлаб геном намуналаридан иборат улкан маълумотлар тўпламини таҳлил қилишга йўналтирилди. Усул оқсилларнинг кетма-кетлиги ва иккиламчи тузилмаларига асосланиб турларни аниқлади — РНК-вируслар улардан кўпайиш учун фойдаланади. Янги ёндашув анъанавий усулларга қараганда тезроқ натижа берди.

Тадқиқотчилар жами 160 мингдан ортиқ вирусни топишга муваффақ бўлди. Уларнинг 70 мингтаси ҳақида илм-фанга ҳеч нарса маълум эмас, шу билан бирга уларнинг кўпчилиги мавжуд турларга ўхшамайди. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, аксарият вируслар илгари секвенирланган, яъни уларда ДНК ва РНК кетма-кетлиги аниқланиб, ҳатто оммавий маълумотлар базаларига ҳам киритиб қўйилган. Бироқ вируслар “шунақанги хилма-хил эканидан, уларнинг нималигини ҳеч ким билмаган”. Уларнинг кўпчилиги иссиқ булоқлар ва шўр кўлларга ўхшаш экстремал шароитларда учрайди.

Сидней университети олимларининг таъкидлашича, илгари ҳеч ким битта тадқиқот давомида бундай миқдордаги вирусларни кашф этмаган. Тадқиқотчилар бу натижани “ҳайратланарли”, бироқ “юзадан кўриниш” деб баҳоламоқда.

“Яна миллионлаб турлар кашф этилиши керак. Биз айнан шу ёндашувни бактерия ҳамда паразитларни аниқлашда қўллашимиз мумкин”, — дея таъкидлади мутахассислар.

Мавзуга оид