Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
2 йил олдин ҳукумат қабул қилган қарорга қўшимча киритилиб, жамоат транспортининг алоҳида тасмаси бор йўлидан бошқа транспорт воситалари ҳаракатланиши тақиқланди. Бундан тезкор ва махсус хизматларнинг машиналари мустасно. Қарор билан алоҳида йўлакдан ёндош ҳудудга кириб-чиқиш қоидалари ҳам қатъий белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 10 октябрда қабул қилган тегишли қарори билан 2022 йил 12 апрелда қабул қилинган 172-сонли қарорга қўшимча киритилди.
Унга кўра, 172-сонли қарорга йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорт воситаларидан ташқари бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишини тақиқлашга қаратилган 171 боб билан қўшилди.
Энди йўналишли транспорт воситалари учун алоҳида ажратилган тасмаси бор йўлдан йўналишли жамоат транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин ва бошқа транспорт воситалари ушбу йўлакда ҳаракатланиши тақиқланади. Бу қоида тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бу йўлдан ҳаракатланиши тақиқланган транспортлар ён кўчаларга кириш ёки ундан чиқиш учун кириш-чиқиш жойидан 50 метр масофада узуқ-узуқ чизиқли жойгача ёхуд яқин масофадаги узуқ-узуқ чизиқли жойгача ушбу йўлдан ҳаракатланиши мумкин.
Бунда транспорт воситаси мазкур йўлакда ҳаракатланиб келаётган йўналишли транспорт воситаси ҳаракатига тўсқинлик қилмаслиги ва унга йўл бергандан сўнг ёндош ҳудудга кириш ёки чиқиш ҳаракатини амалга оширишга рухсат этилган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси билан БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 187 500 сўм миқдорида жаримага тортилади.
Агарда автомобил ўша йўлакда тўхтаса, тўхтаганда ҳам бу ҳолат йўловчини тушириш ёки чиқариш билан боғлиқ бўлмаса, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6 моддаси билан БҲМ миқдорининг 2 баравари – 750 минг сўм миқдорида жарима жазоси берилади.
Янгилик билан айни вазият ўзгарадими?
Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидасига ўзгартириш киритилиб, автомобил ҳайдовчиларининг мажбурияти оширилаётгани яхши. Аммо бунда бир қанча жиҳатлар инобатга олиниши керакдек.
Яъни МЖтКда айни бу ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорининг ошиб бориши қилмишни такрорий содир этилишига боғлаб қўйилган. Аммо автоматлаштирилган тарзда рўйхатга олинганда ҳуқуқбузарликларнинг такрорийлиги ҳисобга олинмайди.
Бунинг устига жарима 187,5 минг сўмни ташкил этади. Жариманинг камлиги, боз устига автобус йўлига тушиб олганларни фиксация қилиш тизими деярли йўқлиги ёки ишламаслиги ушбу алоҳида тасмали йўлакларда машиналар ҳаракати камайишига олиб келмайди, ҳозирги вазият ўзгармаслиги мумкин.
Мавзуга оид
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
12:22 / 23.12.2024
Кураш тренерлари ва ҳакамларини хорижий давлатларга “экспорт” қилиш йўлга қўйилади
08:45 / 20.12.2024