Ўзбекистон | 10:38 / 18.10.2024
4198
3 дақиқада ўқилади

 “6 мингга яқин ўқитувчилар 10 миллион сўм маош олмоқда” – вазир Ҳилола Умарова

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, ўқитувчининг маошини минг долларга етказиш ҳақида кўп гапирган. Мактабгача ва мактаб таълими вазирига кўра айни пайтда 6 мингга яқин ўқитувчилар 10 миллион сўм маош олишмоқда. Талабларимиз бир хил, дея қўшимча қилади Умарова.

Тошкентда парламент сайлови олдидан халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги ўтказилмоқда. Унда турли идора ва вазирликлардан расмийлар иштирокида давра суҳбатлари режаланган. Тадбирларда 300 дан ортиқ хорижий меҳмонлар қатнашади, дейди ташкилотчилар. Таълим трансформацияси ҳақидаги мулоқотда қатнашган вазир Умарова Ўзбекистоннинг таълим сиёсати хусусида тушунтириш бериб ўтди. Мақсадимиз сифатли таълим, дейди у.

“Ўзбекистон аҳолисининг 50% дан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Мактабларда эса 8,7 миллион нафар ўқувчилар ўқимоқда. Мактабгача таълим қамрови эса 75% га етди”, - дейди ҳукумат аъзоси.

Ҳилола Умарова шунингдек, ўқитувчиларнинг тил билиш даражаси ортиб бораётганини алоҳида эътироф этди. Вазирга кўра, 4 йилда хорижий тилларни билиш сертификатига эга устозлар сони 1 700 нафардан 28 мингдан ортиққа ошган.

Спикерлар орасида халқаро таълим ташкилотлари вакиллари, экспертлар ҳам бор. БАА миллий мактаблари ташкилоти раҳбари Аҳмед ал-Бастаки фикрича Ўзбекистонда ҳамма таълим ҳақида яхши гапларни гапиради. Лекин давлат тизимда эски технологиялардан фойдаланмоқда, уларни бироз замонга мослаш керак. Таълим дастурларини эса янгилаш лозим, дейди у .

- Сиз Ўзбекистон таълим тизими бўйича бирор нимани таҳлил қилдингизми?

- “Ҳа, масалан, халқаро имтиҳонлар каби тизим қилишди, бу таълим сифати учун яхши. Бугун мен ўқитувчилар учун тренингда ҳам қатнашдим, бу бир институтда бўлди. Фикримча, яхши таълим яхши ўқитувчидан бошланади. Ўқитувчи сифатли бўлса, таълим сифати ҳам ошади”, - дейди Бастаки. 

- Хўш, қайси реал муаммони кўрсата оласиз?

- “Эски техникалардан фойдаланяпсизлар, иккинчидан, ҳозир бор дастурни янгилаш керак деб ўйлайман. Чунки дунё анча илгарилаб кетди. Масалан, сунъий интеллект ҳақида ҳам бош қотиришингиз керак. Чунки ёш авлод келажак ҳақида кўпроқ билиши керак. Улар 10 йилдан кейин нима қилади, қаерда ишлайди, деган саволларга жавоб топиш керак”, - дея қўшимча қилади БАА вакили.

Бугун Ўзбекистонда хусусий ва давлат мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар бор. Тан олиш керакки, таълим мактаб турларига кўра фарқ қилади. Болалар билими ва шунингдек, оиласи ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, мактабни танлаши мумкин. Лекин иккинчи томонда бу тенденциянинг кучайиши табақаланишни келтириб чиқармайдими? Вазир ўринбосари Сардор Ражабовга кўра, бу табақаланиш эмас. Чунки президент ва ихтисослашган мактаблари учун пул тўланмайди.

Мавзуга оид