Ўзбекистон | 11:05 / 10.11.2024
23524
3 дақиқада ўқилади

«Изоляторлар тўлиб кетган» – Олий суд раиси судьялар қатъиятсизлигининг оқибатлари ҳақида

Олий суди раиси Бахтиёр Исломов адвокатлар билан очиқ мулоқотда қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги прокурор илтимосномалари судлар томонидан оммавий қаноатлантирилаётганини билдирди. Натижада Ўзбекистондаги вақтинча сақлаш изоляторлари тўлиб кетган. Исломов муаммо янги тергов ҳибсхоналарини қуриш билан ҳал қилинмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

9 ноябрь куни Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бошчилигидаги судьялар Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Содиқов ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган адвокатлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, мулоқотда ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлаш чоғида юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари, одил судловга эришиш борасида адвокатларнинг ўрни ва ролини янада ошириш ҳамда суд мажлисларида тортишув тамойилига тўлиқ риоя этилишига доир масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш борасида зарур таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

«Адвокат» журнали расмий телеграм-каналида учрашувда қатнашган юристлар томонидан мулоқотда кўтарилган айрим масалаларнинг тафсилотлари ҳам келтирилди.

Олий суд раиси Бахтиёр Исломовнинг айтишича, судьяларда қатъият етишмаяпти. У адвокат сўровига жавоб бермаган ёки етарлича жавоб бермаган мансабдор шахслар қолиб иш юритувчи, ёрдамчи каби адвокат сўровига жавоб қайтаришга ваколатли бўлмаган ходимлар жавобгарликка тортилаётганини айтган. «Ҳақиқий айбдорни жазолаш учун судьяларимизда қатъият етишмаяпти», деди Олий суд раиси.

Олий суд раиси республикада судья кадрларга ўткир эҳтиёж йўқлигини, ҳар йили етарлича судья штатлари очилаётганини, бироқ уларнинг малакаси ҳали талаб даражасида эмаслигини тан олди.

Шунингдек, Бахтиёр Исломов қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномалар судлар томонидан деярли ёппасига қаноатлантирилаётганини таъкидлаган.

«Дарвоқе, қамоқ эҳтиёт чораси оммавий (97 фоиз ҳолларда) қўлланаётгани ҳақида гап кетганида Олий суд раиси «изоляторлар тўлиб кетган»ини айтди. Бахтиёр Исломовга кўра, бунақа ҳолат илк бор 2001 йилда кузатилган.

Ўшанда вақтинча сақлаш жойларидаги шарт-шароитни ўрганиш учун идоралараро комиссия тузилган эди. Ҳозир ҳам ўшанга ўхшаш вазият бўляпти. Лекин муаммо янги тергов ҳибсхоналарини қуриш билан ҳал қилинмаслиги керак», деди Олий суд раиси.

Маълум бўлишича, учрашувда адвокат Баҳром Саломов қамоқ эҳтиёт чорасини қўллашда суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик учун айблов органи зиммасига гумонланувчи терговдан қочиши ёки гувоҳларга босим ўтказиши мумкинлигини исботлаб бериш каби аниқ мажбуриятлар юклашни таклиф қилган.

Мавзуга оид