АҚШ разведкаси ходими қўлга олинди. У Исроилнинг Эронга ҳужумига оид махфий маълумотларни сиздиришда гумонланмоқда
Гуам оролидаги округ суди материалларида келтирилишича, Асиф Раҳмон — Америка ҳукуматининг ходими бўлиб, махфий маълумотлар билан ишлаш бўйича юқори даражадаги рухсатга эга бўлган.
Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ходими Асиф Уилям Раҳмон АҚШ Исроилнинг Эронга берадиган зарбасини баҳолашда фойдаланган махфий маълумотларни ошкор этиш иши доирасида қўлга олинди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ва The New York Times газеталари суд ҳужжатлари ҳамда манбаларга таяниб хабар берди.
АҚШнинг Гуам оролидаги округ суди материалларида келтирилишича, Асиф Раҳмон — Америка ҳукуматининг ходими бўлиб, махфий маълумотлар билан ишлаш бўйича юқори даражадаги рухсатга эга бўлган. Материалларда Раҳмон МРБга ишлагани айтилмаган, аммо манбалар у хориждан туриб жосуслик агентлигига ишлаганини тасдиқлаган. МРБнинг ўзи ҳолатга изоҳ беришдан бош тортган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, 7 ноябр куни Раҳмонга миллий мудофаа тўғрисидаги маълумотларни қасддан сақлаш ва улашиш бўйича айблов эълон қилинган. Федерал қидирув бюроси 12 ноябр куни Раҳмонни Камбоджада қўлга олиб, Гуамга етказган — 14 ноябр куни у суд қаршисида жавоб беради.
Пентагоннинг Исроилни Эронга уюштирадиган ҳужумига оид режалари тўғрисида ўта махфий маълумотлари октябр ойида сизиб чиққанди. Ҳужжатларда Исроил Мудофаа кучлари ҳужум доирасида фойдаланиши мумкин бўлган самолёт ва снарядлар турлари ҳақида сўз боради. Ҳисоботларнинг бирида таъкидланишича, АҚШ Исроил ҳужум вақтида ядровий қуролдан фойдаланишни режалаштираётгани бўйича ҳеч қандай белгини кўрмаган.
Америка махсус хизматлари янги махфий материаллар сизиб кетишидан хавотирланиб, юқоридаги маълумотларни тарқатган шахсни қидиришни бошлаган эди. Федерал қидирув бюроси октябр ойида ҳолат бўйича Мудофаа вазирлиги ва разведка ҳамжамияти билан тергов олиб бораётганини маълум қилганди.
Аввалроқ Америкалик 22 ёшли ҳарбий IT-мутахассис Жек Тейшейра ўз мамлакатининг миллий мудофаасига оид махфий маълумотларни, жумладан, Украинадаги урушга оид махфий ҳарбий ҳужжатларни ошкор қилгани учун 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
2019 йил сентябр ойида Миллий гвардия сафига қўшилган ва 2021 йилда ўта махфий ҳукумат ҳужжатларини кўриш учун расмий рухсат олган Жек Тейшейра 2023 йил 13 апрелда геймерлар орасида машҳур Discord ижтимоий медиа платформасидаги Thug Shaker Central чат гуруҳида пайдо бўлган махфий ҳужжатларнинг сизиб чиқиши билан боғлиқ ҳолда қўлга олинган эди. АҚШ расмийларига кўра, Тейшейра биринчи марта 2022 йил октябр ойида у ерда махфий маълумотларни жойлаштирган.
Мавзуга оид
20:07 / 16.12.2024
WSJ: Илон Маск ўз компанияси АҚШ ҳарбийлари ва разведка топшириғи билан космосга нималар жўнатаётганини билмайди
19:26 / 24.10.2024
The Times: Исроил АҚШда махфий ҳужжатлар тарқалиб кетгани туфайли Эронга ҳужумини кечиктирди
23:44 / 21.09.2024
CNN: Сицилияда чўкиб кетган яхтада муҳим махфий маълумотлар бўлган
21:30 / 19.09.2024