Жаҳон | 17:30 / 14.11.2024
7431
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин

«Иссиқкўл қуриб бормоқда. У Орол денгизи тақдирини такрорламаслиги керак», деди мамлакат бош вазири Оқилбек Жапаров.

Фото: informburo.kz

Қирғизистон Жогорку Кенеш (парламент) йиғилишида депутат Балбак Тулобоев Иссиқкўл йил сайин қуриб бораётганини айтиб, Вазирлар Маҳкамаси раҳбаридан ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўради.

Бош вазир Оқилбек Жапаров мутахассислар томонидан миллий дастур ишлаб чиқилаётгани ҳақида айтди. Унинг сўзларидан 24.kg иқтибос келтирди.

«Қорқиридан Иссиқкўлга сув келмаяпти, Қўчқор дарёси ҳам олдин кўлга қуйиларди. Деҳқонлар булоқ сувидан фойдаланмоқда. Конференцияда биз Иссиқкўлни асраш бўйича ўз режаларимизни айтиб берамиз. Унга бутун дунёдан олимларни таклиф қиламиз. Иссиқкўл қуриган Орол денгизи тақдирини такрорламаслиги керак», деди у.

24.kg нашрига кўра, Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун Қирғизистон қўшни давлатларга камроқ сув бериши мумкин. Оқилбек Жапаров Қозоғистон ва Ўзбекистон билан бу борада тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Уларга Иссиқкўлни сақлаб қолиш зарурлиги тушунтирилади», деди у.

Мавзуга оид